Юртбошимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида бундай сўзлар бор:
“– Ўзингиз ўйлаб кўринг, азиз дўстлар, мустабид тузум, мустамлакачилик даврида биз ким эдик?
– Тақдиримиз, эркимиз кимнинг қўлида эди?
– Тилимиз, динимиз қай аҳволда эди?..”
Худосизлик сиёсати юртимизда 70 йил яшади. Афсуски, шу муддат ичида қанчадан-қанча маънавий бойликларимиз ўтда ёқилди. Араб алифбосида битилган миллий китобларимизнинг кули кўкка соврилди. Хайрият, фидойи кишилар жасорати билан қанча-қанча китоблар қабристонларга кўмиб бўлса ҳам, келажак авлодларга етказилди. Менинг шахсий кутубхонамда ер остидан кавлаб олинган бир нечта ноёб китоблар бор. Аксариятининг муқоваси чириб, муаллифлари ким ва номлари нима, билиб бўлмайди. Улар орасида Бобораҳим Машраб қиссасининг икки нусхаси, Ибн Сино тўғрисида ривоят ва ҳикоятлар, назмий ҳикоялар, инсон ахлоқи ва маънавиятини бойитадиган номаълум, аммо ноёб асарлар бор.
Мен уларни қайта-қайта ўқир эканман, мустабид тузумга нафратим янада ортаверади. Ахир одоб-ахлоқ учун зарур шундай китоблардан шўролар нима ёмонлик кўрди? Наҳотки, уларни ёш авлоднинг миллий анъаналарни қадрлаши, одоб-ахлоқи, маънавияти қизиқтирмаган бўлса? Ишонч билан айтиш мумкин, қизиқтирмаган. Уларга манқурт авлод керак эди. Бизнинг бахтимизга истиқлол қуёши чиқди ва истибдод зулмати йўқолди. Энди қалб кўзимизни каттароқ очиб, улуғ имкониятларни қўлдан чиқармаслигимиз лозим.
Инсоф билан айтганда, мустақиллик йиллари – тарих учун қисқа фурсатда қанча-қанча ибратомуз ўзгаришлар бўлди! Истиқлолнинг дастлабки йиллари билан ҳозирги кундаги фаровонлигимизни солиштириб кўринг! Илгари ҳар бир оиланинг ўз уйи ёки ҳовли-жойи бўлиши осмондаги орзу эди, энди бу реал воқеликка айланди. Автомашина-чи, бойлик рамзидан шунчаки хонадонлар аъзо­ларининг узоғини яқин этадиган восита мақомига тушиб қолди. Ҳозирги кунда БМТга аъзо бўлган 200 та мамлакатнинг энг ривожланган беш давлат орасида Ўзбекистон ҳам борлигини жаҳон иқтисодчилари тан олганига нима дейсиз? Бу чин маънодаги тараққиёт, ўсиш бўлмай нима?!
Аммо собиқ даҳрийлик тузуми асоратлари бирданига йўқолмайди. Тоталитар даврда тарбияланган катта ёшдаги кишилар орасида дин илми билан бидъатлар фарқини билмайдиганлар бор.
Масаланинг яна бир афсусланарли томони – дунёда турли бузғунчи оқимлар кўпайиб, диний ақидапарастлик авж олмоқда. Илгари шўролар сиёсатидан дунё аҳли азият чеккан бўлса, энди диний эркинликка эга бўлган айрим инсонлар ҳаддидан оша бошлади. Ахир, Аллоҳ бу ишларимизни кўриб турибди-ку, охиратда нима деб жавоб берамиз? Бу ношукр­лик ва кўрнамакликнинг ҳам жавоби бор-ку!
Афғонистон, Ироқ ва Суриядаги айирмачиликлар Ислом динининг асл моҳиятига буткул зид экани ойдин-ку. Қуръонни тўғри талқин қилмаган, суннатни тан олмаган, мусулмонларнинг жонига қасд қилганларни мусулмон деб бўладими? Уларнинг сохта иддаоларига ишонган содда, аниқроғи, лақма кимсалар адашганлардир, уларни халқу Ватан меҳрининг уволи тутади.
Шунинг учун ҳам давлат ўз хавфсизлигини, миллат манфаатини таъминлашга интилмоқда. Юрт фитналар гирдобида қолиб, пароканда бўлишини истаётганлар динни ниқоб қилиб, ўзларининг жирканч мақсадларини амалга оширмоқчи бўляпти. Буни дунёнинг қайноқ нуқталаридаги ички низо ва урушлар мисолида кўриб турибмиз. Шундай экан, Ватан тараққиётига ҳисса қўшиш, Ислом динининг асл моҳиятини ҳимоялаш, қадрлаш, фуқаролик позициясида мустаҳкам туриш дину диёнатли кишининг муқаддас бурчидир.
 
Муҳаммад МАТАЕВ