Мол-дунё ташвишига тушган инсонлар бандилик занжирини бўйнига илиб, қўлидаги пулдан ясалган кишан билан ҳузур-ҳаловат топишга интиладилар. Энг ачинарлиси, мана шу молу дунёга қул бўлишни ихтиёр қилиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юрганларнинг аксарияти ўз Ватанига ҳеч вақосиз, яримжон ҳолатда қайтиб келмоқда. Хорижда мардикорлик қилаётганлар орасида ароқхўрлик, қиморбозлик, фоҳишабозлик каби иллатлар одат тусига кириб бормоқда. Бу эса айрим бебош ёшларнинг ОИТС каби оғир дарди бедаво касалликларни юқтириб олишига сабаб бўлмоқда.
 
Афсуски, ҳанузгача айрим калтабин кишиларнинг “хорижда осон йўл билан мўмай пул топиш мумкин” деган пуч гап­ларига учиб, ўзга юртларда сарсону саргардон бўлган ватандошларимиз охир-оқибат террорчилар домига илинмоқда. Шундай тоифалардан бири – ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати) бўлиб, бу хатарли террорчи гуруҳнинг таркибида юз минглаб жангарининг аксарияти четдан ёлланган нафс қулларидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобида аламли азоб­ларни бошидан кечирган бир йигитнинг афсус-надоматлари қуйидагича баён қилинган. 
“Кунларнинг бирида айримлар каби мен ҳам “Чет элда ишлаб, осон пул топиш ва тез бойиш” фикрига тушиб қолдим. Шу мақсад билан Санкт-Петербург шаҳрига бордим. У ерда мени укам Шавкат кутиб олди. Ишга жойлашиб, оиламнинг моддий аҳволини яхшилашга иштиёқим кучли эди. Аммо у ердаги ҳаёт мен ўйлаганчалик осон эмас экан. Укам Шавкат ва атрофидагилар ниманидир режалаштирар, тундан тонггача суҳбатлашиб, кундузлари эса уйқудан бош кўтаришмасди.
Шундай кунларнинг бирида телефонимга “Нисо сурасининг 97-оятини ўқинг”, деган хат келиб қолди. Хатнинг давомида ҳижрат қилишга оид сўзлар ёзилган экан. Мен бу оят мазмунини укам Шавкатдан сўрадим. Укам ва шериклари менга оят мазмунини шарҳлаб, халифаликка асосланган Ислом давлатини барпо қилиш зарурлигини айтишди.
Шу тариқа мен ҳам уларнинг даъватларига қизиқадиган ва интернет орқали бўладиган мулоқотларни интизорлик билан кутадиган бўлдим. Ниҳоят, мен укам билан бирга жиҳод қилишга тайёргарлик кўриш ва Сурияда бўлаётган қуролли тўқнашувларда бевосита иштирок этиш мақсадида Истанбул шаҳрига йўл олдик. Истанбулдан Урфага, сўнгра чегарани бузган ҳолда симтўрлар тагидан Сурия ҳудудига ўтдик. Сурияда бўлаётган қонли тўқнашувларда иштирок этиб, укамдан айрилдим.
У ерда кўрган қора кунларим менинг кўзимни очмади. Қарийб беш ой сарсон-саргардонликда юрганимдан кейин ортга қай­тишга қарор қилдим. Мақ­са­дим юртимга келиб, халқни жиҳод қилишга тарғиб этиш эди. Суриядан чегарани бузган ҳолда Урфага ўтиб, у ердан Истанбул шаҳрига етиб олдим. Истанбулдан Қирғизистонга келиб, Ўш орқали Фарғона водийсига ўтиб олдим. Она Ватаним Ўзбекистон тинч­лигини, одамларнинг хотиржам яшаётганини кўриб қувондим, лекин шундан ҳам кўзим очилмаганидан афсусдаман.
Мен бугун суднинг қора курсисида ўтириб, бир нарсани айтмоқчиман. Аслида мен зулмат оламидан нур излабман, оёғим остида турган нурли ва чароғон йўлни кўрмасдан охири йўқ, боши берк кўчага кириб қолганимни билмаган эканман”.
Сир эмаски, бугунги кунда баъзилар турмушида учрайдиган айрим синовларга сабр-тоқат қилолмай, юқоридаги йигит сингари бузғунчи гуруҳларнинг алдовларига учиб, ўзини қурбон қиляпти.
Ислом дини таълимотида умр инсонга берилган энг улуғ неъмат экани, уни асраш, унга хиёнат қилмаслик кераклиги таъкидланган. Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон омонат эканини унутмайлик. 
Яқинда ойнаи жаҳон орқали намойиш этилган “Қарз қиёматга қолди” ҳужжатли фильмида ҳам фарзанди тарбиясига эътиборсиз бўлган ота-оналарнинг болам­ни едириб-ичириш, бошқа­лардан кам қилмасликка зўр берибман-у, бироқ уларнинг маънавий тарбияси ҳақида ҳеч ўйламаган эканман, қабилидаги иқрорларини эшитдик. Фар­зандимга оила, она-Ватан туйғусини сингдира олмаган эканман, деб қилинган фарёдлар энди фойдасиз. Боласи қаерда, кимлар билан юрибди, нима ишлар билан машғул эканидан доимо огоҳ бўлиш ота-онанинг ҳар кунги вазифасидир.
Кўп пул топиш илинжида Ватанидан узоққа ишлашга кетаётганлар ана шу аччиқ ҳақиқат тўғрисида чуқур ўйлаб кўрсалар, яхши бўлар эди. Халқимизда ажойиб нақл бор: “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу”. Шу ўринда улуғ зотлардан Иброҳим Адҳам ҳаётида рўй берган воқеани айтишни маъқул деб топдим.
Иброҳим Адҳам дўстлари билан кемада сафарга чиққан эди. Бирдан денгизда кучли шамол турди. Одамлар саросимага тушиб: “Тақсир, бу фалокатни кўрмаяпсизми?” дейишди. Иброҳим Адҳам: “Аллоҳга қасам, ҳали бу фалокат эмас, ҳақиқий фалокат – одамларнинг қўлига қарам бўлиб қолишдир”, дедилар. Қаранг, донишманд Иброҳим Адҳам шиддатли денгиз, даҳшатли тўфондан ҳам кўра, одамларга қул бўлиб қолиш ёмон фалокат эканини уқтирмоқда.  
Шукрки, юртимиз тинч, ҳалол меҳнат билан яшашни истаган одам учун ҳамма имконият бор. Кишини ҳайрон қолдирадиган жиҳати, ўз юртида ишлаб пул топишга эринган одам ўзга элда нимани уддалай оларкин?!
 
Умид ХОДЖАЕВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси