Бугун манқуртга айланган кимсалар нафс кўйида нафақат она Ватани, балки бутун инсониятга қарши манфур жиноятларга қўл урмоқда. Улар сирасига ИШИД сафидаги худкушлик ва хунрезлик, қотиллик ва ваҳшийликни ўзига касб қилиб олган ёлланма жангариларни қўшиш мумкин.
Жаҳолат ин қурган манзилда инсонийликка хос эзгу фазилатлар илдиз отмайди. Калтабин ва ношуд кимсаларни ўз қўлида қўғирчоқ қилиб ўйнаётган, уларнинг тақдири, ҳаётини тикиб бойлик тўплаётган ИШИД етакчиларининг асл мақсади бугун ҳаммага аён. Аччиқ ҳақиқат шуки, дин ниқоби остидаги бу малъунларнинг қилмиши ниҳоят даражада даҳшатли. Бугун Ироқ ва Суриянинг турли манзилларида топилаётган оммавий қабрлар, унга кафансиз кўмилган минглаб инсонлар мурдаси, таҳқирланган аёллар ва болалар жасади... вайронага айланган шаҳар ва қишлоқлар, яксон қилинган меъморий ва маънавий объектлар, неча асрлик тарихий иншоотлар ИШИДчиларнинг қабиҳ мақсади нақадар тубан ва разил эканлигининг далилу исботидир.
Ана шундай хунрезликларни бажараётган жангарилар сафида Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистондан бориб қолган кимсалар борлиги ғоятда ачинарлидир. Демак, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий, тушунтириш – тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз зарур. Ёшлар нафс кўйига кириш, билимсизлик, оқни қорадан ажратолмаслик, узоқни ўйламай қадам қўйиш қандай балоларга олиб келишини теранроқ ҳис этсинлар. Аслида, тинч ва осуда ҳаётни қадрламаган, борига қаноат қилмаган, оқибатда ғурбатда ғариб ва сарсонликда бевақт ўлим топаётган ношукрлар фожеаси ўзини қадрлаган одамга ибрат мактабидир. Бугун жаннатмакон диёримиз ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотлар амалий натижасини бериб, мамлакатимиз дунёнинг ривожланган давлатлари сафидан жой оляпти. Бу, албатта, барчага бирдек хуш келаётгани йўқ. Шундай экан, ўз билим ва меҳнатимиз билан мафкура майдонларида кечаётган хуфёна ҳаракатларга нисбатан муносиб жавоб қайтаришимиз, тинч, осойишта ҳаётимизга рахна солиши мумкин бўлган ҳар қандай қора кучлардан огоҳ бўлмоғимиз, уларнинг йўлини тўсишда, қанотини қайиришда якдил, бирдам ҳаракат қилишимиз лозим. Зеро, инсоният учун лоқайдликдан катта душман йўқдир.  
 
Абдулаҳад ТОЖИБОЕВ,
Андижон вилояти Бўз тумани 
бош имом-хатиби