Юртбошимиз:  “Биз соғлом деганда, нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам соғлом болани тасаввур этамиз”, дейдиларки, бу фикр фарзандларимиз маънан соғлом бўлишлари учун ёшликларидан одоб ўргатиб, хулқларини гўзал қилишимизни тақозо этади. Халқимиз: “Бола азиз, одоби ундан азиз” деб бежиз айтмаган. Барча замон ва маконда болаларга берилиши лозим кўрилган одобнинг ўзи нима?
 
Араб тилидаги "адаба" феълидан олинган "одоб" сўзи, инсонларнинг таом устида жамланиши маъносини билдиради. "Ал-адибу" – зиёфатга чақирувчи маъносида бўлиб, бунга қиёсан уламоларимиз одоб – яхши, гўзал деб ҳи­соб­ланган фазилатларни жамлашдир, деганлар. Яъни, одоб бандада барча яхши хислатларнинг жам бўлишидир. 
Истилоҳда одоб – нафс­нинг риёзати, хулқларни гўзаллаштиришдир. Ислом олимлари одобга ҳар хил таъриф берганлар. Ибн Манзур одобли деб инсонларни мақталган нарсаларга ча­қирадиган ва хунукларидан қайтарадиганларга айтилади, дейди. Мир Сайид Журжоний одоб инсоннинг барча турдаги хатолик­лардан сақланишни билиши, деган бўлсалар, яна бир таърифда тилни ва нутқни тўғрилаш, муомаласини хатоликлардан фориғ қилиш, дейилган.
Қуръони каримнинг Таҳрим сурасидаги: “Эй имон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг...” оятини ҳазрат Али ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум) “Аддибуҳум ва аллимуҳум", яъни уларга яхшиликни таълим беринглар ва одобли қилинглар, деб тафсир қилганлар.
Одоб инсоннинг зоҳир ва ботини, яъни ичи ва ташида намоён бўлади. Уламоларимиз одобнинг 3 турли бўлишини айт­ганлар:
1. Ал-адаб маъаллоҳ – банда билан Аллоҳ таоло ўртасидаги одоб. Бунга Аллоҳ таолонинг исм-сифатларини, дини ва шариатини билиш, ҳақни илм ва амал билан қабул қилиш, унга нафсни тайёрлаш кабилар киради.
2. Ал-адаб маъннабийи, яъни банда ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орасидаги одоб. Бунга Набий (алайҳиссалом)га салавотлар йўллаш, у зотни севиш каби одоб­ларни киритиш мумкин.
3. Ал-адаб маъал холқи, банда билан халқ ўртасидаги, яъни ўзидан бошқа инсонлар билан бўладиган одоб. Бу ота-она, яқинлари, бегоналар, ўзидан катта ё кичиклар билан муомаладаги одобларни ўз ичига олади.
Халқимизнинг неча асрлик миллий-диний қадриятлари замирида ҳар бир ҳолатнинг алоҳида одоби бор. Масалан, овқатланиш, сафарга чиқиш, ухлаш, сўзлаш... Ҳар бир одобни баён қилган асарлар ёзиб қолдирилган. Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад”, Кайковуснинг “Қобуснома”, Ҳусайн Воиз Ко­шифийнинг “Футувватномаи султоний” каби асарлари бор. Уларнинг жуда кўпи ҳозир она тилимизга таржима қилиниб, чоп этилмоқда ва халқимизга етказиб берилмоқда.
Динимиз инсонларни ҳамиша юксак одоб-ахлоқли бўлишга тарғиб этган. Зеро, одоб дунё ва охират яхшиликларини жалб қилувчи, инсоннинг сао­дат ва нажотга эришишини таъминловчи омилдир. 
Ҳик­матларда: “Инсон бу дунё­да нимага эришган бўлса, одоби би­лан эришибди, нимани қўлдан бой берган бўлса, одобсизлиги билан бой берибди”, дей­ил­ган. Шунинг учун ҳам од­об­­сизлик – бахтсизлик ва ҳало­кат белгиси саналган. Бундан англашиладики, ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, яқинлару фарзандларимизнинг одобларига жиддий эътибор қаратишимиз керак. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек: “Ҳеч бир ота ўз фарзанди­га яхши хулқ ва одобдан кўра буюкроқ мерос беролмайди”.
 
Адина САЙДАҲМЕДОВА,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси