Бугун инсон маънавияти ва одоб-ахлоқи ғарбдан кириб келаётган “оммавий маданият”нинг  нишонига айланган десак, хато бўлмайди. Ушбу маънавий хуруж қурол воситасида амалга оширилмайди, бировнинг юртига ёки тинч яшаётган аҳоли устига бостириб борилмайди. Бу таҳдид кўпчилик кўз ўнгида рўй бермайди, юзаки қараганда, ўзгаларнинг тинчини, ҳузур-ҳаловатини ҳам бузмайди. Аксинча, “оммавий маданият” кўзга ташланмайдиган жуда нозик йўллар орқали ижтимоий ҳаётга суқилиб киради, у одамлар онгини ўзлари билмаган йўллар орқали заҳарлаб, манқуртга айлантиришга хизмат қилади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идо­­раси раиси ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли асарида бу ҳақда алоҳида таъкидланади: “Оммавий маданият” Исломнинг туб моҳиятига зид ҳодиса десак, сира янглишмаган бўламиз. Асосан  ғарбдан кириб келаётган “оммавий маданият” турфа усуллар билан инсон ақлини зойил этиб, унда нафсу шаҳватда меъёрни сақлаш ҳиссини сусайтиради. Нафсу шаҳватда меъёрни сақлаш, асосан, ҳар бир инсоннинг ўзига, унинг имон-эътиқодига боғлиқ бўлгани каби, “оммавий маданият” домига тушиш ёки сақланиб қолиш ҳам унинг ўзига боғлиқдир. Шунинг учун Ислом дини таълимотидаги пурмаъно ибора билан айтганда, ҳар бир инсон "тазкиятул нафс", яъни нафсни поклаш билан машғул бўлмоғи лозим.

Афсусланарли жиҳати, “омма­вий маданият” кичик ёшдаги болаларни ўзининг сирли ва сеҳрли тузоғига осонгина илинтирмоқда. Интернет кафелар, компьютер клублари унинг беминнат ташвиқотчилари десак, хато бўлмайди. Табиатан янгиликка ўч, ҳиссий туйғуси жўшқин болалар уларнинг доимий мижозига айланмоқдалар. 
Компьютерхонага йўл ол­ган бола у ердан маънавий-ахлоқий жиҳатдан бойиб қайтади, деб ўйлаган ота-оналар хато қи­ла­дилар. У ерда  фақат шафқатсизлик, меҳрсизлик каби иллатлар ўрганилади. Мабодо йўлингиз тушиб қолса, бир назар ташланг. Болаларнинг аксари турли ўйин­ларга “шўнғиб кетганига” кўзингиз тушади. Улар бир-бири билан мусобақалашаётгандек, бақириб-чақиришади, беҳаё сўзлар... 
Шу тариқа кун бўйи компьютерга қадалиб ўтирадиган болалар жисмонан заифлашиб, боши тез-тез оғрийдиган ва кўзи толиқадиган бўлиб қолади. 
Исломшунос олим, устоз Айдар­бек Тулепов айтади: «Интер­нетга муккасидан кетиш ёшларда бир қанча маънавий иллатларни урчитмоқда. Минг афсус, ҳозир ёшлар орасида лоқайдлик оғир бир дард, худди тузалмас бир хасталикдай илдиз отиб бораётганга ўхшайди. Ҳатто: “Қўшнининг уйи ёниб кетса, менга нима, меники омон қолди-ку”, дейдиганлар ҳам учраб туради».
Натижада, бола ёши улғайган сари одамови, қайсар, ўзиникини маъқуллайдиган, асабий, қаҳри қаттиқ бўлиб қолади. 
Ота-оналар ўз фарзандининг бешафқат, ваҳший махлуққа айланмаслиги учун унинг таълим ва тарбиясига алоҳида эътибор бериши керак. Маънавий тарбия ва сабоқни ўз вақтида олиб бориш келажакда самарасини беради. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар қандай маънавий таназзул кўзга унчалик ташланмайдиган арзимас амал ва иллатларга аҳамият қилмасликдан бошланади.
Бугунги кунда ёш болалар интернет клуб ва кафелардаги хунрезлик ўйинлари билан ўз қалбини яралаётганига эътибор бермас эканмиз, уни ислоҳ қилиш тадбирлари йўлга қў­йилмас экан, келажакда асорати ва келтирадиган зарари янада кўпаяди, кейин унинг ислоҳи қийинлашиб кетади. Шунинг учун вақт ўтмасидан, яра ва жароҳат тузатилиши лозим. 
Оммавий ахборот воситаларидан бирида “оммавий маданият”ни зангга ўхшатилганди. Агар ундан ўз вақтида муҳофаза қилинмаса, ҳатто метин иродани, мустаҳкам эътиқодни ҳам емиради. Ахлоқий бузуқлик билан миллатни ичдан бузиш, миллий қад­риятларини йўқотиш, уларнинг ўрнига манқуртлик, имонсизликни жорий қилиш замирида, аслида шунчаки эрмак, ўйин-кулги ва кўнгил очиш билан боғлиқ “маданият” эмас, балки ёвуз мақсадлар, миллатни миллий ўзагидан айириб, оломонга айлантириш нияти борлигини ҳамма ҳам, айниқса, ёшлар анг­лаб етолмайди. 
Болани жисмонан соғлом вояга етказиш, тарбиялаш унчалик қийин иш бўлмаслиги мумкин, аммо руҳан ва қалбан соғлом улғайтириш учун анча йиллар ва катта меҳнат керак бўлади. Шунинг учун бу муҳим вазифа ҳар бир ота-онадан улкан масъулият талаб қилади. 
“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” асари бу соҳада муҳим қўлланмадир. Китобда бугунги кун талабидан келиб чиқиб, нафақат ёшларга, балки оммага керакли бўлган зарур маслаҳатлар, кўрсатмалар берилган. 
 
Собиржон АРЗИҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Фатво бўлими ходими