Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида маънавиятга қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқироз­га олиб келишини алоҳида қайд этади. Чунки дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб бўйсундирмоқчи, бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қад­риятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади.
Бугунги халқаро сиёсий саҳнада терроризмнинг қадами етмаган жой қолмади. Давлатлараро учрашувлар ва турли саммитларда бу балога фақатгина биргаликда курашиш ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш орқалигина эришиш мумкинлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Афғонистон, Ироқ, Сурия, Яман давлатларида нотинч, хавфли вазият вужудга келиши натижасида бугунги кунда  янгидан-янги ижтимоий муаммолар келиб чиқмоқда. Хусусан, юқорида келтирилган давлатларда сиёсий вазиятнинг издан чиқиши натижасида фуқаролар қочқин мақомини олиб, Европа давлатлари томон оқиб бораётган жабрдийдаларни санаб адоғига етиб бўлмайди. 
 Террордан қўрқиб, ўзи ва фарзандлари келажаги учун туғилиб ўсган юртини ташлаб кетишга мажбур бўлаётган қочоқлар муаммоси бутун дунёни ўйлантирмоқда десак, муболаға бўлмайди. Яна шуни таъкидлаш лозимки, халқаро терроризм давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашувига ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳозирда терроризм ижтимоий ва иқтисодий, ҳаттоки диний қарашларни ниқоб қилиб олиши натижасида мухолифатчи кучлар номини олди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” (Бақара, 60), дея марҳамат қилган.  
Таниқли олим Юсуф Қарзовий шундай дейди: “Ислом бегуноҳ кишиларнинг жони, мулки ва номусига нисбатан зулм ишлатишни ман этади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  видолашув ҳажида қилган ваъзларида  одамларнинг жони, мулки ва номуси қиёматгача дахлсиз, деб эълон қилганлар. Бу нафақат мусулмонларга, балки бошқа инсонларга ҳам тегишлидир”.
Яқин ўтмиш ва ҳозирги кунни бир таққослаб кўрайлик! Бундан йигирма йил муқаддам терроризм балоси бутун инсониятга хавф солмас эди. 2001 йил 11 сентябрда Вашингтон ва Нью-Йоркдаги даҳшатли воқеа­лар, террористик тажовузлардан сўнг дунё миқёсида долзарб бўлиб турган масалалар, терроризмнинг асл башараси намоён бўла бошлади. Инсониятнинг келгуси тараққиёти учун аввало, терроризм балосидан қутулиш ечилиши лозим бўлган биринчи даражадаги муаммо эканини кўрсатиб берди. Қисқача айтганда, бугунги замон  ҳар бир воқеликка очиқ кўз билан ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда бўлаётган, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса ва сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.
 
Икром МАРДОНОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳуқуқшуноси