Болага ёшликдан меҳнат кўникмаларини сингдириш ҳар бир ота-она ва тарбиячининг бурчидир. Меҳнат қилиш жараёнида бола нарсалар ва уларнинг хоссалари ҳақида тушунчага эга бўлади. Табиатида чаққонлик, зийраклик хислатлари камол топади. 
Шундай ота-оналар борки, тикиш, ювиш, тозалаш ва пишириш каби юмушларни қиз болалар иши дейдилар. Барча уй ишларидан озод қилиб қўйилган ўғил бола онгида “ўғиллар қизларга қараганда афзал”, “фақат қизларгина уй юмушларини бажарадилар” деган фикр ўрнашиб қолади. 
Оилада болаларни ўз-ўзига хизмат қилишга одатлантириш меҳнат тарбиясининг жуда муҳим шаклидир. Бола ёшлигидан бунга одатланиб борса, бутун ҳаёти давомида иродали бўлади, айниқса, аёллар меҳнатини қадрлайди. 
Афсуски, айрим ота-оналар ўғил-қизларини ҳақиқий бахт манбаи бўлган меҳнатга, сабр-қаноат, ҳалолликка ўргатиб, турмушнинг оғир-енгилликларига кўниктириш ўрнига, уларнинг қўлларини совуқ сувга урдирмайдилар. Бундай ота-оналар ўзлари билмаган ҳолда болаларига жабр қилиб қўядилар. 
Фарзанд ўз бахтини ҳалол меҳнати, катталарга ҳурмати, кичикларга шафқати, Ватани ва халқига садоқати билан топади. Оилада болалар билан биргалашиб меҳнат қилиш – ота-оналар ва болалар ўртасидаги муносабат, меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди. Унутмайлик, меҳнат билан топилган неъматлар, обрў-ҳурматнинг мукофоти икки дунёда ҳам юксакдир.
 
Баҳром ЯНГИБОЕВ,
фахрий ўқитувчи, Ургут тумани