Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин БАҲОУДДИНОВ билан суҳбат

– Муҳтарам қози домла, Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида болага эътибор бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши кераклигини ва бу борада барчамиз масъул эканимизни таъкидлаган эдилар...
– Азалдан аждодларимиз аёлларга нисбатан чиройли муомалада бўлиб, эҳтиром кўрсатиб келган. Аёл ҳомиладор бўлса, бу ҳурмат ва эътибор икки карра ошган. Фарзанд кутаётган аёл дунёдаги энг маъсума аёл деб таърифланган. Чунки у покиза вужудни юрагининг остида асраб улғайтиради. 
Жорий “Соғлом она ва бола йили”да мамлакатимизда оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамияти, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Биринчи галда оналарнинг соғлиғини муҳофа­за қилишга, хусусан, аёлларимизни қадрлашга катта эътибор берилмоқда, ғамхўр­лик кўр­сатил­моқда.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходимлари, хотин-қизлар масалалари бўйича қози ёрдамчиси ва имом-хатиблар Республика хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда аҳоли орасида, муассаса ва ташкилотларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда. Имом-хатиблар тиббий кўрикнинг аҳамияти, соғлом авлодни вояга етказиш учун биринчи галда она соғлом бўлиши кераклиги, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, ўн икки йиллик мажбурий таълим ва бошқа мавзуларда давра суҳбатлари олиб боришмоқда...
 
– Бугун ёт ғоялар урчиётгани боис, “ИШИД фитнаси” ва “оммавий маданият” таҳдидига қарши кураш дунё жамоатчилиги олдида турган муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда...
– Муҳтарам Юртбошимиз “Шаҳидлар хотираси” хиёбонидаги суҳбатларида Ислом дини ниқоби остида амалга оширилаётган бундай ваҳшийликларнинг таг замирида кишиларни Ислом динидан бездириш турганини чуқур англаш лозимлигини уқтирдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси” номли китоби айни вақтида чоп этилиб, ҳамюртларимиз учун ишончли манба ва мазкур масалада тўғри йўлни кўрсатувчи сифатида аҳамият касб этмоқда. Ушбу китобни ўқиган китобхон “ИШИД” террорчилар тўдасининг фитналаридан, Исломни ниқоб қилиб, учинчи томоннинг буюртмасини бажараётган, бошқарувни қўлга олиб, бойлик орттиришни кўзлаётган кимсаларнинг кирдикорларидан хабардор бўлади. Шунингдек, китобда мусулмонларни кофирга чиқараётган ғаламисларнинг ваҳшиёна хатти-ҳаракатлари, даъволари Ислом динига умуман алоқаси йўқлиги ҳужжат-далиллар билан исботланган.
Бугун дунё том маънода ягона ахборот маконига айланган. Интернет орқали кириб келаётган ахборот оқими, айниқса, ёшлар онгини ҳар томонлама қамраб олаётганидан асло кўз юмиб бўлмайди. Ушбу воситалар орқали таклиф этилаётган “қадриятлар” ёшлар онгида беҳаёлик ва зўравонликни шакл­лантириб, миллий қадриятларимизга ҳамда ижтимоий манфаатларга беписандлик билан муносабатда бўлиш каби иллатларни ҳам пайдо қилмоқда. Ёшларда аввало интернетдан тўғри ва самарали фойдаланиш маданиятини шакллантириш, шу аснода мустақил фикрлай оладиган баркамол авлодни тарбиялаш энг долзарб масалалардан биридир.
 
– Мустақиллик йилларида диний ва миллий қадриятларимизга ҳам эътибор кучайди. Масалан, истиқлолгача бўлган даврда Қорақалпоғистон диёрида учта масжид бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони элликтага етган. Суҳбатимизни масжидлар фаолияти ҳақида давом эттирсак.
– Дин илмларини эгаллаб, унинг эзгу таълимотларини халққа етказишнинг фазилати катта. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, деганлар. Мадрасаларда халқимизнинг маънавий-маърифий дунёсини бойитишда ўз ҳиссасини қўшадиган етук диний мутахассислар тайёрланмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистонда ҳам “Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимида фаолият юритаётган барча имом-хатибларнинг таълим, тажриба масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Барча масжидлар диний маълумотли мутахассислар билан таъминланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмаси асосида масжидларда ҳужжат юритилиши назорат қилиниб, амалий ёрдам берилди. Қозиётнинг иш фаолиятини янада яхшилаш мақсадида “Ҳуқуқшунослик”, “Котибият”, “Хотин-қизлар масалалари бўйича қози ёрдамчиси” каби бўлим ва лавозимлар ташкил қилинди. Қозиёт хоналари қайта таъмирланиб, зарур техника ва ускуналар билан таъминланди.
 
– Мамлакатимизнинг барча ҳудуд­лари­да қурилиш, ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Жумладан, мас­жид­лар­нинг эски бинолари, таҳорат­хона­лари таъмирланиб, замон талаблари даражаси­да янгидан барпо этилмоқда. Қорақалпоғистонда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Ҳудудимиздаги деярли барча масжидлар таъмирланди. Туман марказидан узоқда жойлашган масжидларнинг ҳам шарт-шароитлари яхшиланишига эътибор қаратилди. Яқинда Беруний ва Элликқалъа туманидаги иккита масжид қайта таъмирдан чиқарилди. Ҳозирда Тўрткул туманидаги бир масжидда қурилиш ишлари давом этмоқда. Нукус туманидаги масжидларимиздан бирини туман марказига яқин, аҳолиси кўп жойга кўчирдик. Бу ишларнинг барчаси ҳашар йўли билан, дин-диёнатли халқимиз кўмагида амалга оширилмоқда.
 
– Имом-хатибларнинг жамиятдаги фаоллиги қай даражада? Бугунги имом-хатиб қандай сифатларга эга бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?
– Имом-хатиб ўз жамоасининг маънавий тарбия, одоб-ахлоқ ва инсоний фазилатлар билан зийнатланишида асосий кўмакчи ва холис хизматчидир. Улар бугунги глобаллашув жараёнида пайдо бўлаётган ўзгаришларни таҳлил қила оладиган ва уларга муносабат билдирадиган даражадаги салоҳиятга эга бўлишлари лозим. Бунинг учун улар диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллашлари ва мунтазам равишда воқеликлардан хабардор бўлишларини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Маълумки, эски шўролар даврида муқаддас динимизга бошқача назар билан қаралди. Ўша пайтлар диний таълим олишга, эмин-эркин ибодат қилишга ва диний амалларни бажаришга рухсат берилмади. Натижада халқимиз диний тушунчалардан бебаҳра қолди. Бидъат-хурофотлар ҳаётимизга кириб келди. Имом-хатиблар ва имом ноибларининг аҳолига динимизни соф ҳолда етказишдаги саъй-ҳаракатлари, тинимсиз меҳнатлари натижасида фуқаро­ларимиз бундай хурофотларнинг динимизга алоқаси йўқлигини тушуниб ета бошлашди. Ҳозир республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида ижобий натижалар кўзга ташланмоқда. Қозиёт тарафидан қабристонларни зиёрат қилиш одоби ҳақида эслатма лавҳалар ишланиб, барча қабристонлардаги йўлакларга ўрнатилди.
Айниқса, имом-хатибларимизнинг “Имом Бухорий” халқаро марказида режа асосида ўз малака ва маҳоратларини ошириб қайтишаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Мазкур халқаро марказда улар замонамизнинг етук олимлари, давлат ва дин арбобларининг маърузаларини тинглаш баробарида, ўз билим ва кўникмаларини бугунги замон талаблари асосида янгилаб, мустаҳкамлаб олиш имконига эга бўлмоқдалар.
Имом-хатибларимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ўтказиладиган “Йил имоми”, “Сарҳисоб”, “Қорилар мусоба­қаси” каби кўрик танловларда талабаларимиз қатнашиб, фахрли ўринларга сазовор бўлишмоқда.
Абдулвоҳид ЎРОЗОВ 
суҳбатлашди.