Давримизнинг глобал муаммоларидан бири ҳисобланган “оломонча маданият” дунё бўйлаб кенг ёйилаётгани ачинарли ва ташвишлидир. Бир неча минг йиллик бой тарихга, маънавий меросга, миллий урф-одат ва қадриятларга эга миллат сифатида ҳамиша ­дунё аҳлини лол қолдириб келганмиз. Ор-номус, диёнат, ҳаё, ахлоқ, ҳалоллик, поклик, адолат, тўғрисўзлик, ота-онага ҳурмат, кичик­ларга иззат каби инсоний фазилатлар миллий тарбиямиз гултожи ҳисобланган.
Халқаро глобаллашувнинг ижобий томонларини инкор этмаган ҳолда, унинг салбий жиҳатлари, жуда кўп ёшлар онгини заҳарлаб ўз “тузоғи”га илинтираётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Оммавий ахборот воситалари, интернет, кино, мусиқа, қўшиқлар, китоблар, парнографик расмлар, рангли плакатларда бузғунчилик, бос­қинчи­лик, беҳаё­лик, одам ўл­дириш, ахлоқий бу­зуқ­лик кенг тар­ғиб қилинаётир. Албатта, бундай разил ишлар ортида мўмай даромад топишни кўзлаган кимсалар тургани аён.
Таниқли олим Саъдулла Отамуродов “Глобаллашув ва миллат” китобида бундай ёзади: “Жаҳонда болалар парнография­си ниҳоятда оммалашиб кетаётганлиги инсониятнинг катта маънавий фожиасига айланмоқда. Бугун жаҳонда болалар парнографиясини интернетга жойлаштириш борасида Россия ва АҚШ етакчи ўринда туради. Болалар парнографиясидан олинадиган йиллик даромад 3,5 миллиард еврони ташкил қилади...”
Яхшиликка ишлатса фойдаси тегадиган интернет ва уяли алоқа воситалари ёшлар ўртасида афсуски, ахлоқсизликнинг урчишига сабаб бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра, АҚШ ва Европа мамлакатларида болаларнинг 30–34 фоизи никоҳсиз туғилади, 13–14 ёшли қизлар фарзандли бўлмоқда. Бу эса уларнинг никоҳ, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси ҳақидаги маънавий тушунчалардан йироқлигини кўрсатади. Маълум бўлишича, ана шу мамлакатларда жиноят кўчасига кириб қолган ёшларнинг 55 фоизи ота-она тарбиясидан мосуво фарзандлар экан.
Бугун биз балоғат ёшидаги ўғил-қизларимизни бузуқлик, босқинчилик, маънавий қашшоқлик, зўравонлик, гиёҳвандлик каби иллатлардан асрашимиз лозим.
Шу ўринда миллийлигимиз ва кийиниш маданиятимизга ёт бўлган, ғарбдан кириб келаётган, оммавий маданиятни тарғиб қилувчи либослар ҳақида ҳам тўхталиш лозим.
Бизнинг кийиниш маданиятимиз узоқ тарихга эга. Азалдан йилнинг тўрт фаслида ёшу қари, эркак ва аёллар маҳаллий матолардан тикилган ниҳоятда бежирим, ярашиқли, сипо кийинишган. Миллий кийимларимизнинг ўзига хос жозибаси, гўзаллиги, ранг-баранглиги ҳар қандай эркак ва аёлни кўркам кўрсата олишини ҳатто чет элликлар ҳам эътироф этишмоқда. Афсуски, миллий ки­йимларимизни тарихий кино, театр, байрам, концертларда кўрмоқдамиз, холос.
Телевидение орқали бичиқчи-дизайнер­ларнинг атлас, адрас, беқасам, шойилардан тикилган миллий кийимлар кўргазмаси тез-тез намойиш қилинади. Бу яхши. Лекин ана шундай кийимларни кийиб юрган хотин-қизларни кам учратамиз. Ҳатто дизайнерларнинг ўзи, кийиб намойиш қилувчи қизлар ҳам шу либосларни киймаслиги кишини ажаблантиради.
Шу ўринда кинофильмларимиз ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Сир эмас, миллий кинофильмларимиз мустақиллик йилларида катта ютуқларни қўлга киритди. Баъзи фильм­ларда миллий тарбия, инсонпарварлик, яхшилик, эзгулик ғоялари илгари сурилса-да, аммо миллий ўзлигимизга хос бўлмаган тўқима воқеаларни зўрма-зўраки тасвирлаш ҳолатлари ҳам намоён бўлмоқда.
Юртимизнинг ҳар бир фуқароси миллий ўзликни, қадимий ва бой маънавий тарбиямизни кўз қорачиғидек асрашга ҳисса қўшишни бурчим деб ҳисоблаши лозим. Миллийлигимизга, урф-одатларимизга ёт бўлган оммавий маданиятнинг хатарли оқибатларидан огоҳ бўлиб, у миллий маънавиятимиз кушандаси эканлигини тўғри англаб, унга қарши ақл-заковат ва юксак маънавият билан мунтазам курашиш зарурлигини унутмаслигимиз керак.
 
Неъматилла САЪДУЛЛАЕВ,
Тошкент Давлат аграр университети
ўқитувчиси, фалсафа кафедраси доценти