Шахснинг шаклланиши, илм олиши, маънан бойиши, улғайишида китобнинг аҳамияти тўғрисида кўп гапирилса-да, бу фикрни ҳаётга татбиқ этиш, тўғриси, кўпчилик оилаларда оқсайди. Барча ота-оналар болаларимиз туғилгандан бошлаб унинг бахти ҳақида ўйлаймиз, келин ёки куёв бўлишини орзулаб, йиллар давомида тўйга тайёргарлик кўрамиз. Сеп, маблағ йиғилади... Аммо моддий томондан тўкис бўлган жуда кўп хонадон эгалари ўғил-қизларига қимматбаҳо кийимлар, компьютер, телефон, ҳатто енгил машинагача олиб берадилар-у, болани китоб билан дўстлаштириш, китобга меҳр уйғотиш, қизиқтириш эсларига келмайди.
Бир воқеа сабабидан маҳалла фаоллари шу масалани жиддий ўйлаб кўрдик. Яъни, бир тўйда келинни ота уйидан олиб чиқиб кетишаётган пайтда онаси унинг қўлига пул тутқазаётганини кўриб ҳайрон бўлдим. “Нима қиляпсиз, ҳозир келин пулни нима қилади?” десам, онаси: “Қизим янги хонадонга қўлида пул билан кириб борса, бадавлат бўлади”, дейди. Қаранг, кимлардир ўзларича шунақа янги одат ҳам ўйлаб топишибди. Мен пулни аёлнинг ўзига қайтариб: “Уйингизда яхши китоб борми?” деб сўрадим. Лекин  хонадондан китоб топилмади. Ахир турмуш қураётган ёшларга оилада эр ва хотин масъулияти, вазифаси, туғилажак фарзандларни соғлом ва ақлли-ҳушли, одобли, билимли инсонлар қилиб тарбиялаш сирларини ўргатадиган асарлар ўқишни тавсия этиш, шундай китобларни совға қилиш энг яхши сеп эмасми? Ўйлаб кўрсак, бирорта ота-онанинг ўғли ёки қизига никоҳ тўйи олдидан оила сирларидан воқиф этувчи китоб совға қилганини эслолмадик.
Бизнинг “Тутзор” маҳалламиз Сариосиё қишлоғининг аҳолиси кўп ҳудудларидан бири. Шу ерда кутубхона ташкил қилдик. Туманимиз марказида жойлашган “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти қошида “Мовароуннаҳр” нашриётида тайёрланиб, чоп этилган китоблар сотиладиган дўкон бор. Ана шу китоблардан намуналар сотиб олиб, ота-оналарга, ёшларга уларни ўқишни тарғиб қилдик. Бу ишнинг дастлабки натижалари қувонарли: ота-оналар ўғлига, қизига ўзлари ўқиб чиққан китоблардан энг фойдалиларини совға қиладиган бўлишди. Тўй кунигача энг муҳим, керакли мавзудаги рисолаларни бўлғуси келин, куёвлар ўқиб чиқишяпти.
Қизиқ воқеа бўлди: ёнимга бир қайнона келиб: «“Эр-хотинлик асослари” деган китобни қаердан сотиб олсам бўлади? Келиним шу китобни ўқиётган экан. “Қайнонам буни ўқимаган экан-да”, деб ўйламасин, деб сўрашга тортиндим», дейди. Бир нарсани эътироф этгим келади: ҳозирги қайноналар анча тушунган, келинга ён босадилар. Лекин ёшларда шукроналик етишмайди, уларга кийим ҳам, уй жиҳозлари ҳам кам туюлаверади. Қаноат, шукр, сабр каби фазилатларни ўргатишда ёшларга аввало катталарнинг ўзлари ибрат бўлсалар, бу борада яна бир улуғ устоз яхши китобларнинг қаҳрамонларидир.
Мазҳабимизда “куфу”, яъни турмуш қураётган йигит ва қизнинг моддий, маънавий, жисмоний, саломатлик ва ёш жиҳатидан бир-бирига мослиги, тенг­лиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу жиҳат ҳисобга олинмагани ҳам муаммоларга сабаб бўлаётганининг гувоҳимиз. Фикримнинг далилига яна бир ҳаётий воқеани айтиб бермоқчиман: олий маълумотли ўқитувчи қизни ота-онаси бир йигитга унаштиришади. Шундан кейин йигит билан танишган қиз ота-онасидан фотиҳани бузишни талаб қила бошлайди. Йигит томон буни истамагани учун масалага фаоллар ҳам аралашади. Улар билан суҳбатда қиз: “Мен университетни битирганман, бу билан фахрланаман, лекин манмансирамайман. Йигит билан гаплашганимда, унинг ҳеч қаерда ишламаслигини, отаси олиб берган машинада юриб бекорчилик билан кун ўтказишини билдим. Унинг келажак учун ҳам тайинли режаси йўқ. Мен ҳаётим шундай киши билан қандай кечишини тасаввур ҳам қилолмайман. Дунёқарашимиз, мақсад­ларимиз умуман мос келмайди, келажакда яна битта бахтсиз оила пайдо бўлиши­нинг олдини олиш учун ҳам бугун бир қадам орқага ташлаганим маъқул”, дейди. Бу гапга ҳеч ким эътироз билдира олмайди.
Маҳалла фаоллари мас­лаҳат­лашиб, келин-куёвга, шунингдек, кам таъминланган оилаларга, ёрдамга муҳтож кишиларга совға ёки ёрдам уюштирганда, уларга муносиб китоблар ҳам ҳадя қилишни анъанага киритишга келишиб олдик.
Шукрки, айни масалада  ибратга лойиқ оилалар ҳам йўқ эмас. Эру хотин шифокор бўлган қўшнимизнинг мактабда ўқийдиган учта ўғли бор. Улар байрамларда, қувончли кунларда бир-бирларига китоб совға қилишади. Улар­нинг саховат­пешалиги, меҳнатсеварлиги, меҳ­рибонлиги, ҳожат­барор­лигидан ҳамма манфаатдор, миннатдор. Ҳали ёш бўлишига қарамай, ўғиллари ҳам доим атрофдаги одамларга ёрдам беришга тайёр. Бундай мисолларни яна келтиришим мумкин. Ўғил-қизларимиз жамиятимиз тараққиётига устун бўладиган маънавиятли, маърифатли, бахтли оила соҳиблари бўлсинлар.
 
Замира ХЎЖАЕВА,
Қашқадарё вилояти Китоб тумани