Аҳли сунна вал жамоага кўра, Ислом фиқҳи­­нинг асосий манбалари – Қуръони карим, суннат, ижмо ва қиёс ҳисобланади. Ўрта аср­ларда турли адашган фирқа ва оқим вакил­лари ушбу манбалардан ўз қараш­лари йўлида бузиб фойдалана бошладилар. Ўша даврларда Қуръон ва суннатга юзаки қараб, уларнинг моҳиятини англамасдан, улар­дан бошқа манбаларни эътиборга олмайдиган, “салафи солиҳ”лар яшаб ўтган даврга қайтишни қўмсайдиган, ўзларини гўёки “уларнинг издошларимиз” деб ҳисоб­лайдиганлар пайдо бўлди.
 
Шу ўринда “салаф” ва “салафи солиҳ” сўзлари қандай маъно касб этишига ойдинлик киритсак. “Салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “аждодлар” деган маъноларни англатади. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” дейилади. Шунга кўра, улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий” тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, айрим ислом уламоларининг асарларида учрайдиган “салаф, салафий, салафия” каби сўзлардан мурод, алоҳида ажралиб чиққан “салафийлик” ҳаракати эмас, балки Ислом тарихининг дастлабки уч асрида, яъни VII–IX асрларда яшаган мусулмонлардир.
Афсуски, сўнгги вақтларда “салаф солиҳ­­­лар­га эргашиш” шиори остида манфур мақсадларни кўзлаган, “салафийлик” мафкурасини байроқ қилиб олган, ўзларини гўёки “салафларнинг издошлари”, деб ҳисоблайдиган мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Исломшунос олим Айдарбек Тулепов­нинг “Ислом ва ақидапарст оқимлар” китобида ушбу оқимга бундай таъриф берилади: “Исломдаги аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилувчи оқимдир. Бу оқим араб ва мусулмон мамлакатларида тарқалган бўлиб, Ўрта Осиёга ҳам кириб келмоқда”.
Ушбу оқимнинг мутаассибона назарий асосларни белгилаб берган суриялик Ибн Таймия (1263–1328) умри давомида ўзининг ботил қарашлари сабабли тўрт марта қамоққа олингани ҳам унинг фикрлари барча замонларда хатарли деб топилганини англатади. У илгари сурган ботил таълимотнинг зарарли оқибатлари ҳозирги кунда кишиларнинг бир-бирларини кофирга, мушрикка чиқаришларига сабаб бўлмоқда. 
Бу оқим аъзолари диний масаланинг ечимини топишда фақат оят ёки ҳадисни узуқ-юлуқ ҳолда келтириб, унга зоҳиран ёндашиб, гўё муаммога жавоб топган бўлади. Уларнинг бу услуби авом халққа осон тушунилгандек, гўё тўғридек туюлади. Шу йўл билан ҳам улар ўз тарафдорлари сонини кўпайтиришга уринади.
“Улар нафақат бошқа дин вакиллари, балки шариат аҳкомларини улар наздида тўлиқ бажармаётган мусулмонларга қарши зўравонлик, қўпорувчилик ҳамда босқинчилик хатти-ҳаракатларини асослаш ва оқлаш учун «жиҳод» тушунчасидан фойдаланмоқда. Сохта салафийларнинг фикрича, ҳукуматга хизмат қилаётган давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, ҳарбийлар ҳам «динсизлар» тоифасидан ҳисобланади. Бу йўлда улар давлат раҳбарларини, ҳокимият идоралари вакилларини обрўсизлантириш ҳамда расмий диний уламоларнинг мавқеларини заифлаштириш мақсадида уларнинг ҳаётига тажовуз қилишгача боришмоқда” (Айдарбек Тулепов, “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, 304-бет).
Сохта салафийларнинг аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид бўлган қарашлари қуйидагилардан иборат:
– аҳли сунна вал жамоадан ажралиб турувчи энг асосий фарқи – Аллоҳнинг зоти ва сифатлари масаласида бўлиб, улар тажсим (Аллоҳга жисм сифатини бериш) ва ташбиҳ (Аллоҳнинг сифатларини махлуқотларнинг сифатига ўхшатиш) каби ботил эътиқоддадир. Бу борада улар билан ҳамфикр бўлмаган мусулмонларни куфр ва адашишда айблайди. Ваҳоланки, аҳли сунна вал жамоа ақидасига мувофиқ, Аллоҳ таолога макон, тараф, ҳаракат, жисм сифатини бериш мумкин эмас;
– сохта салафийлар аҳли сунна вал жамоанинг икки ақидавий мазҳаби бўлган мотуридия ва ашъарияга ҳужум қилиб, мазҳаб асосчиларини адашганликда айб­лайди. Айрим жоҳиллари уларни кофир деб эълон қилишгача боради. Аҳли суннанинг буюк имомлари – Имом Ашъарий, Ғаззолий, Боқилоний, Нававий, Қуртубий, Розий, Суютий, Асқалоний, Субкий (раҳи­маҳумул­лоҳ) ва бошқа минглаб уламолар ақидада ашъарий мазҳабида бўлишгани ҳамда Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)­нинг издошлари бўлган ҳанафийлар – Имом Мотуридий, Насафий, Тафтазоний, Сарахсий, Марғиноний, Мулла Али Қори, Ибн Ҳуммом, ибн Обидин (раҳимаҳумуллоҳ) сингари минглаб буюк имомлар мотуридия мазҳабида бўлишгани маълум. Сохта салафийлар уларни куфрда айблашлари, Ислом шариатига нисбатан қабиҳ жиноят эканини кўрсатиб турибди;
– сохта салафийлар тариқатларни рад этади, тасаввуф шайхларини эса, батамом инкор қилади. Ваҳоланки, тўрт мазҳаб уламолари тасаввуфнинг шариат фанларидан бири бўлган – руҳий тарбия, зуҳд ва тақво фани эканини эътироф этганлар. Аҳли сунна вал жамоа имомларининг кўпчилиги сўфий бўлганини инобатга олсак, сохта салафийларнинг бу даъвоси ҳам асоссиз экани маълум бўлади;
– мазҳабсизлик, яъни сохта салафийлар аҳли сунна вал жамоанинг тўрт фиқҳий мазҳабига эргашмайди. Улар мазҳабларни инкор қилиб, ўзларининг бузғунчилик “мазҳаб”ларига эргашади. Уларнинг ичидаги энг ҳийлакорлари эса, ўзлари қайси юртда яшаса, шу юртда энг кўп тарқалган мазҳабда эканлигини таъкидлаган ҳол­да, ўз бидъат ақидалари ва ғояларини тарқат­моқчи бўлади.
Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ютуқларимизни кўролмасдан, осуда ҳаётимизни издан чиқаришга уринаётган шу каби ёвуз кучларга қарши ҳамжиҳатликда курашиш ҳар биримизнинг олдимизда турган муҳим вазифадир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Ўзбек халқига тинч­лик ва омонлик керак”.
 
Манбалар асосида 
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади.