Ислом дини Ватанни севишга, эл-юртга холис хизмат қилишга ҳамда юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида ҳамжиҳат бўлишга даъват этади. Бу борада Қуръони каримда «...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..» дейилади (Моида, 2).
Эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчликнинг барқарор бўлишида бош омилдир. Тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлиб, уни сақлаш ҳар бир кишининг олий даражадаги бурчи, вазифаси бўлмоғи лозим.
Зеро, Ислом дини тинчликни сақлаш, ҳимоя қилишни энг муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас. Аллоҳ таоло амр қилади: «Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир» (Бақара, 208). Ислом динида Ватанга, эл-юртга садоқат тушунчаси кенг улуғланади. Бу муқаддас заминда ҳар бир инсон, айниқса, ёшларимиз азиз она Ватанимиз олдидаги фуқаролик бурчларини яхши англаб олмоқлари лозим. Ҳар биримиз хуқуқ ва эркинликларга эга бўлишимиз билан бирга, зиммамизда бурч ва мажбуриятлар борлигини ҳам асло унутмаслигимиз керак.
Ҳикматлардан бирида: “Ватанни севмоқ имондандир”, дейилган. Ҳақиқий ватанпарвар инсон Ватанини севибгина қолмай, балки унинг ривожи, ободлиги, шарафи, дахлсиз-хавфсизлиги учун тинимсиз курашади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки кўз борки, улар дўзах ўтида куймайди. Бири Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган бўлса, иккинчиси Аллоҳнинг йўлида Ватанини қўриқлаб, туни билан мижжа қоқмай чиққан бўлса”, деганлар (Ибн Аббос ривояти).
Дарҳақиқат, бундай улуғ имтиёзга эга бўлиш бежиз эмас. Чунки у она юртининг, халқининг ҳимоясини ният қилган.
Улуғлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг Ватани учун қайғуришидан, ўз аҳлини соғинишидан ва ўз умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг Ватани ва халқига бўлган садоқати унинг тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч-осуда ва фаровон ҳаёт кечиришига қай даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади. Шоир айтганидек:
 
Ватан дарди ила куйласа гар жон,
Ўша жон эгаси ҳақиқий инсон.
 
Халқимиз, айниқса, камол топаётган ёшларимизнинг тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етишлари, Ватанини севиш, уни асраб-авайлаб, янада равнақ топтириш йўлида фидойилардан бўлишлари учун кенг миқёсда тарғибот ишлари олиб боришимиз лозим.
 
Насруллохон НУРУЛЛО ўғли,
Пастдарғом туманидаги “Чандиробод” 
жоме масжиди имом-хатиби