Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин, мана 25 йилдирки, тинчлик-осойишталик, мустақиллик неъматида яшаб келмоқдамиз. Қисқа муддат ичида эришган ютуқларимиз, қўлга киритган зафарларимиз кўламини жаҳон жамоатчилиги тан олаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Истиқлол неъмати туфайли бугун ин­соний қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан элимиз яна баҳраманд бўла бошлади. Алҳамдулиллоҳ, бугун диний ва дунёвий билимларни эгаллаш учун барча шарт-шароитлар, қулайликлар яратиб берилган.
Бу ютуқларга ўз-ўзидан эришилмади, албатта. Муҳтарам Юртбошимиз истиқлолнинг илк кунлариданоқ тараққиёт учун белгилаган дастурларидан миллий ўзликни англаш, ҳаққоний тарихимизни тиклаш, Ўзбекистонда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликни қарор топтириш масалалари алоҳида ўрин эгаллади ва миллий истиқлол ғоясининг таянчларидан бири бўлди. Бу борада муҳтарам Юртбошимизнинг: “Бизнинг миллий хусусиятларимиз умуминсоний қадриятлар билан боғланиб кетган. Асрлар давомида халқимиз умумбашарий, умуминсоний қадриятлар такомилига улкан ҳисса қўшган. Турли миллат вакилларига ҳурмат, улар билан баҳамжиҳат яшаш, диний бағрикенглик, дунёвий билимларга интилиш, ўзга халқларнинг илғор тажрибалари ва маданиятини ўрганиш каби хусусиятлар ҳам халқимизда азалдан мужассам”, деган сўзлари ўринлидир.
Халқимиз қарийб ўн икки аср Ислом дини соясида яшаган бўлса-да, ўзга дин вакиллари билан доимо дўстлик, биродарлик алоқаларини боғлаб келган. Чунки динимиз кўрсатмаси шундай.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Айтинг (эй Муҳаммад!): “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Қуръон)га ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб ва (унинг) авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарса (ваҳий)га имон келтирдик. Уларнинг орасида бирортасини (тасдиқлашда) фарқ қилмаймиз ва биз Унинг Ўзигагина бўйинсунувчилармиз”» (Оли Имрон, 84).
Шу суранинг 200-оятида: «Эй имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!» 
Рум сурасининг 22-оятида: «Унинг белгиларидан (яна бири) – осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизнинг хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир».
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у зотнинг асҳоблари зиммийлар (ўзга дин вакиллари)га доим илиқ муносабатда бўлганлари тарихдан яхши маълум.
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Қуддус фатҳидан кейин черковларда ибодат эркинлиги ва мустақиллик таъминланиши учун Байтул Мақдисдаги черковда намоз ўқимаган ва Байтул Мақдис масиҳийлари билан уларнинг жонларини, молу мулкларини, черковларини ва ўша черковларнинг вақфларини ҳимоя қилиш ҳақида шартнома тузган. Саҳобалар бунга гувоҳ бўлганлар. Бу амал мусулмонлар учун охирзамонгача ҳужжатдир.
Юртимизда ҳам диний бағрикенглик бугун шаклланиб қолган нарса эмас, аксинча, халқимиз учун бағрикенглик ва очиққўллик бир неча минг йиллик қадриятдир. Тарихдан яхши маълум, Буюк ипак йўли устида жойлашган диёримизда қадимдан турли дин ва миллат вакиллари тинч-тотув яшаб келган.
Мустақиллик йилларида диний бағ­рикенглик, миллатлараро тотувликни таъминлаш йўлида давлат ғамхўрлиги ва изчил тадбирлар натижасида, алҳамдулиллоҳ, бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари ўзаро тинч-тотув умргузаронлик қилаётгани, 16 та диний конфессия, 2200 дан ортиқ диний ташкилот бағрикенглик асосида аҳил-иноқ иш олиб бораётгани сўзимизнинг далилидир. Жумладан, 2038 та масжид, 2 та марказ, Тошкент ислом институти, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти, шунингдек, жами 174 та ноисломий диний ташкилот, жумладан, православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда. Ибодатгоҳлар, диний таълим муассасалари барча шарт-шароитларга эга бўлиб, ҳавас қилгулик даражага келтирилган, буни нафақат юртдошларимиз, балки Ватанимизга ташриф буюрган меҳмонларимиз ҳам эътироф этмоқдалар.
Мамлакатимизда мусулмонлар учун қандай шароитлар яратилган бўлса, бошқа дин вакилларига ҳам худди шундай шароитлар муҳайё қилинганини таъкидлаш ўринли. Жаҳоннинг айрим минтақаларида кўп­миллатлилик, кўпконфессиялилик иж­тимоий муаммо сифатида баҳоланиб, бунинг толерантлик каби ечимлари изланаётган бир пайтда, Ўзбекистонда миллий-маданий ранг-барангликнинг мислсиз бойлик экани тобора эътироф этилмоқда. Шу ўринда, халқимиз маънавиятига хос бўлган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг таъминланиши, эзгу ғоялар ва инсоний фазилатларни камол топтиришда маҳаллаларимизнинг ўрни алоҳида эканини айтиб ўтиш лозим.
Маҳалла инсоннинг одоб-ахлоқи шакл­ланишида муҳим аҳамият касб этади. “Қовун қовундан ранг олади” деганларидек, ҳар бир бола аввало ўз оиласидан, қолаверса, қўшниларидан, маҳалла-кўйдан ўрнак олади. Бу эса инсон ва жамият ҳаёти учун муҳим омилдир. Ислом динида бола тарбияси ниҳоятда улуғ амаллардан саналади. Ҳатто болани тарбиялаш ибодат даражасига кўтарилган. Фарзандга яхши тарбия бериш, илм, ҳунар ўргатиш ота-онанинг зиммасидаги мажбурият. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ота-она фарзандга яхши тарбиядан улканроқ мерос қолдира олмаслигини таъкидлаганлар. Дарҳақиқат, ота-онанинг фарзандга қолдирадиган энг яхши мероси чиройли одоб-ахлоқдир. Фарзанд тарбиясида нафақат ота-она, балки қўни-қўшни, маҳалладаги ёши улуғ инсонлар ҳам четда турмасликлари лозим. Чунки бир боланинг илмли, салоҳиятли бўлиши орқасида маҳалла, юрт, жамият ободлиги туради.
Алҳамдулиллоҳ, жаннатмакон диёримиз бугун дунёдаги энг тинч ва обод юртлардан бири бўлиб турибди. Бундай улуғ инъомнинг қадрига етиш, Ватаннинг корига яраш шу масканда яшаётган ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, биз ўз фарзандларимизга ҳамма нарсанинг энг афзалини, яхшисини илинамиз. Унутмайликки, барча ютуқлар, яхшиликлар тинчлик, ўзаро бирдамлик, тотувлик бўлсагина қўлга киритилади.
 
Анвар қори ТУРСУНОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби