Аллоҳ таоло инсонга ақл бериб, барча яратилмишлардан устун қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: «Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз) ва мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро, 70).
Инсон ақли билан нима фойдаю нима зарарлигини ажратади. Ақлга путур етказадиган ҳар қандай нарса ҳаром саналади. Абу Довуд ривоят қилган бир ҳадисда: “Ҳар бир маст қилувчи ва карахт қилувчи нарса ҳаромдир”, дейилади. Ақлни кетказувчи ва карахт қилувчи моддалар сирасига маст қилувчи ичимликлар, наша, гиёҳванд моддаларнинг барча турлари киради.
Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларни ҳалол санаш мўминнинг имондан чиқишига сабаб бўлади.
Ақлни кетказувчи моддаларни сотиш ва тарқатишнинг гуноҳи уларни истеъмол қилишдан ҳам оғирроқдир.
Гиёҳвандлик йўлига кириб қолганлар яхшини ёмондан, фойдани зарардан ажратолмайди. Улар бир марта нафсларини қондириш учун ҳар нарсага тайёр бўлади. Кўпинча гиёҳвандлар ўғрилик, товламачилик, ҳатто қотиллик каби жиноятларга ҳам қўл уришади. Гиёҳвандларнинг зарари фақат ўзларига эмас, балки келажак авлодларига ҳам етади. Чунки бангилар майиб-мажруҳ фарзандлар дунёга келишига сабабчидир.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш киши соғлигига ўта зарарлидир. Биринчидан, бундай моддалар инсон ақлини тўмтоқлаштиради. Иккинчидан, вужуднинг ҳар хил касалликларга чидамлилигини кетказади. Учинчидан, хотирани пайсайтиради. Тўртинчидан, юрак фаолиятини издан чиқаради. Бешинчидан, ҳозирги кунда давоси йўқ деб айтилаётган ОИТС касаллигига ҳам асосан гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар кўпроқ чалинишади. Булардан ташқари, гиёҳвандлик кўзни хиралаштиради, тишларни сарғайтириб, муддатидан олдин тўкилиб кетишига сабаб бўлади. Ошқозон-ичак, жигар ва ўпка фаолиятини бузади. Бангилар ўта ялқов ҳамда аёлига, бола-чақасига эътиборсиз бўлиб қолишади.
Бундай касалликка чалинганлар энг олдин далдага, тиббий муолажага муҳтождирлар. Шунинг учун гиёҳвандликка чалиниб қолганларнинг яқинлари иложи борича тезроқ даволатишга ҳаракат қилишлари зарур.
Гиёҳванд моддаларга сарф этиладиган харажатлар шахсга ҳам, жамиятга ҳам иқтисодий зарар келтириши сабаб исроф ҳисобланади. Исроф эса, Қуръони карим ва ҳадис билан ҳаром қилинган. Муқаддас Ислом дини покликка, озодаликка буюришининг замирида инсон саломатлигига ғамхўрлик ётади. Маҳаллалар ва қишлоқларда бу қабиҳ иш билан тез бойиб кетишни истаган ва қанчадан-қанча кишилар умрига зомин бўлаётганларга бефарқ қараб туриш мумкин эмас.
Хулоса қилиб айтсак, гиёҳвандлар оридан, шаънидан, ҳурмати ва касб-ҳунаридан айрилади. Оиласи бузилади, фарзандлари тирик етимдек бўлиб қолишади. Шунингдек, уларнинг руҳий бузилишлари, жисмоний йўқотишлари қайта тикланмайди. Бу каби ёмон иллатлар ёшлар орасида тарқалишининг олдини олиш учун ота-оналар доимо ҳушёр бўлишлари, болаларининг кўча-кўйда тентираб, назоратсиз юришларига асло йўл қўймасликлари керак.
 
Миробид МИРМАҲМУДОВ,
Чуст туманидаги “Саид Насимхон тўра”
жоме масжиди имом-хатиби