Оила – ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир.
 
ИСЛОМ КАРИМОВ
 

 

Баъзи инсонлар Ислом дини қизларни барвақт узатишга чақиради, деган нотўғри тушунчада юрадилар. Бу – асоссиз гап. Исломда ҳали балоғатга етмаган, турмушга тайёр бўлмаган ўсмир қизларни узатиш ёки никоҳлаш лозим, деган гап йўқ. Ҳатто балоғатга етган, жисмоний тарафдан турмушга тайёр йигит, агар оилани боқа олмаса, унинг уйланиши шарт эмаслиги айтилади.
Таъкидлаш керакки, ҳозир шифокорлар 16–17 ёшли қизлар турмушга тайёр эмаслиги, ҳо­мила­дорлик ва туғ­уруқ ҳолатида қий­на­либ қолаёт­ганини айтиб, уларни 19–20 ёшларида турмушга беришни, йигитларга 20–22 ёшларда уйланишни тавсия қилишмоқда.
Икки ёш расмий никоҳдан ўтиш учун тўйдан бир ой олдин жойлардаги Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) идораларига ариза топширади. Шунда уларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. Тиббий кўрик варақаси тўлдирилган ҳолдагина фуқароларнинг расмий никоҳи қайд этилади. Келин-куёвларни тўйдан олдин мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказиш талаби бежиз қўйилмаган. Навниҳол йигит ёки қиз яширин тарзда кечаётган бирор дардга чалинган, уни ўзи ҳам сезмай юрган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Камқонлик, юрак-қон томир, буйрак ҳасталикларини даволамай туриб ҳомиладор бўлиш ногирон болалар туғилишига олиб келиши ҳаётда кўп исботланган. Хасталикларни оила қуришдан аввал даволаш осон. Давлатимиз яратаётган бу каби шароитлар соғлом турмуш тарзини шакллантириш орқали оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган. Зеро, оилада йигит ва қиз ўз вазифа ва масъулиятларини адо этишлари, соғлом зурриётларни дунёга келтиришлари учун аввало ўзлари соғлом бўлишлари керак. Ҳозирга келиб тиббий кўрикнинг аҳамиятини аксарият ота-оналар тушуниб етдилар. Аммо шундай бўлса-да, “Ҳали турмушга чиқмаган ёш қиз турли йўналишдаги шифокорларга учраб юришининг нима кераги бор?” деб тор мулоҳаза юритадиганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай фикрлаш сабабли тиббий кўрикнинг талаб даражасида ўтказилишига эътибор бермай, гиёҳвандликка берилган ёки наслий касаллиги бўлган куёвга узатиш оқибатида бахтсиз қолган қизлар, пушаймон чеккан ота-оналар ҳаётда учраб турибди.
Аксарият эрта оила қурган қизларда камқонлик, камқувватлик кузатилади. Бу ҳол келинларнинг узоқ вақт бўйида бўлмаслиги, ҳомиладорлик оғир кечишига, гўдаклар нобуд бўлиши ёки ногирон туғилишига, туғуруқдан кейинги турли асоратларга, ҳатто бепуштликка олиб келиши мумкинлигини шифокорлар таъкидлайди.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб таъкидлаганлар (Байҳақий ривояти). Зарурий кўникмаларни эгалламай, билим олмай туриб турмушга чиққан қиз аёл, рафиқа, она, бека, жамият аъзоси сифатидаги вазифаларини тўкис адо этишга қийналади. Ёшлар 9 йил ўрта умумтаълим мактаби, ундан сўнг лицей ва коллеж таълимини олишлари шарт. Зеро, динимиз таълимотларига кўра илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир қиз бола учун ҳам фарздир. Борди-ю, шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш ҳам чала, оила юмушлари ҳам, уй бекалиги ва бошқа ишлар ҳам чала бажарилишига йўл очилган бўлади. Муҳими, илмли ва касб-ҳунарли аёлгина фарзандининг комил инсон бўлишига интилади.
Турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш, оила­ ва никоҳ борасида давлатимиз чиқарган қонун-қоидаларга қатьий амал қилиш зарур. Афсуски, ҳозирги кунда баъзи чаласавод кишилар ўзбошимчалик билан юқорида айтилган никоҳ шартлари бажарилишини сўраб-суриштирмай, боз устига, ёшларга оилада эр ва хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларини, талоқ масалаларини тушунтирмасдан, келин-куёвларга насиҳат қилмасдан, енгил-елпи шаръий никоҳ ўқимоқдалар. Ўзларининг чаласавод эканликларини билганликлари учун икки ёшни никоҳлашдек масъулиятли ишни “енг ичида” ўтказишга уринадилар. Улар пойдевори мустаҳкам бўлмаган оила­лар қурилишига сабабчи бўлмоқдалар. Оқибатда ажримлар кўпаймоқда, болалар тирик етим қолиб, ёшгина аёллар бир умрга бахтсиз бўлиб қолмоқда. 
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Никоҳни дўмбиралар билан эълон қилинглар, уни масжидда ўқинглар”, дедилар (Имом Термизий ривояти). “Ашбоҳ” ва бошқа фиқҳий китобларда никоҳнинг масжидда бўлиши мустаҳаб, дейилган. Никоҳ ҳам маънавий ибодат бўлгани учун масжидда ўқилади.
Ноқонуний ни­коҳ­­лар­­нинг олдини олиш учун шаръий никоҳларни фақат расмий жоме масжидлар имом-хатиблари ёки имом ноиблари ўқишини, шаръий никоҳ ўқишдан олдин келин-куёвларнинг расмий оила қурганлиги ҳақида ФҲДЁ бўлимлари гувоҳномаси олинишини, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси жорий этган никоҳнома китобчаси бўйича барча маълумотлар тўлиқ қайд этилиб, никоҳланувчиларга тақдим этилишини, қонуний никоҳ ёшига етмаган ёшлар ўртасида шаръий никоҳ тузиш қатъий тақиқланишини, имом-хатиблар жойлардаги ҚФЙ ва МФЙ мутасаддилари билан ҳамкорликда норасмий шахслар никоҳ ўқишига қарши тушунтириш ишлари олиб боришларини йўлга қўйиш керак.
Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан «Дуррул мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да бундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.
Никоҳ икки дунё саодатига йигит ва қизни бирга элтувчи муқаддас ришта бўлсин.
 
Одилжон Нарзуллаев, 
Янгийўл туманидаги “Жомеъ” 
жоме масжиди имом-хатиби