Шу кунларда ҳовлисига кириб келиб “Тақдирингдан фол очаман, эрингни бўйсундириб бераман”, деган фолбинларга ишонган айрим аёлларимиз ўз хотиржамлигини, оиласининг тинчини йўқотмоқдалар. “Фол очувчи”ларга ўзлари яхши кўрган тақинчоқлари, қимматбаҳо либосларини, оила эҳтиёжи учун сарф этилиши лозим бўлган пулларини бериб юборганлари етмагандек,  ёлғон хабарларга ишониб, эри, унинг қариндош-­уруғлари  билан муносабатини бузмоқдалар.
Хафса (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким фолбинга бориб ундан бирор нарса ҳақида сўраса ва айтган гапини тасдиқласа, қирқ кунлик намози қабул бўлмайди”, дедилар» (Имом Муслим).
Айрим ҳолатларда эса аёлларнинг ишонувчанлигидан фойдаланадиган қора ниятли кишилар ўз қабиҳ режаларини амалга оширмоқдалар. Қизларни чет элларга ишга таклиф қилиб, уларнинг соғлиғи, номуси, ҳатто ҳаётига таҳдид қилмоқдалар. Ачинарлиси, бузғунчи кучлар ўзларининг террористик ҳаракатларини амалга оширишда ҳам аёллардан “тирик бомба”  сифатида фойдаланмоқдалар. Бузғунчиларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб ўзини портлатган аёл ҳукми ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Аллоҳ таоло Ҳадиси Қудсийда марҳамат қилади, яъни бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умрга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”». Ҳадиси Қудсийдан кўриниб турибдики, бандага “жаннати” бўласан, деган одам ёлғончидир.
 Яна бир оғриқли нуқта – миссионерлар ҳам кўпроқ аёлларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, қийналган аёлларга пул бериб алдаб, ўз динига даъват қиляптилар. Натижада, муҳтарама аёлларимиз “муслима” деган шарафли номни, динини, эътиқодини бой бериб қўймоқдалар.
Шундай экан, ҳозирги таҳликали замонда аёлларимизни ҳушёр, мулоҳазали, мустақил фикрга эга, воқеаларни чуқур таҳлил қила оладиган бўлишга ундамоғимиз керак.
 

Башоратхон АДҲАМОВА