Имон тил билан айтиб, қалб билан тасдиқлаш бўлиб, у ихтиёрийлик асосида қабул қилиниши лозим. Исломнинг биринчи аркони ҳисобланган имонни мажбуран, куч билан сингдириб бўлмайди. Шу билан бирга, инсоннинг қалбида имон борлигини, яъни имонли эканини билиш илми Аллоҳга хос. Бир инсоннинг бошқаларни имонсиз, яъни кофир деб ҳукм чиқариши қаттиқ қайтарилган амаллардандир.

Қалбида заррача имони бор одамни куфрда айблаш ва унинг қонини ҳалол санаш мўътабар манбаларда қатъий далиллар асосида тақиқланган. Жумладан, Қуръони каримда: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда, аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз!..» (Нисо, 94) дейилади. Ривоят қилишларича, бир неча саҳобий кетаётганларида олдиларидан қўй боқиб юрган бир киши чиқиб, уларга салом берибди. Шунда улар: “Бу биздан қутулиш учун ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб салом беряпти”, дедилар ва ҳалиги одамга ҳужум қилиб ўлдириб, қўйларини ўлжа қилиб Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг олдиларига ҳайдаб келдилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Бу оят тафсирида машҳур муфассир Собуний айтади: “Яъни, сизларга таслим бўлиб, мусулмонлигини билдирган кишига мўмин эмассан, деб ўлдирманг”.
Кимки, мусулмон эканини тил билан айтиб турса, шунинг ўзи мусулмон эканига кифоя қилади. Бунга Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадис ҳам кучли далилдир: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларни Жуҳайнадан бир қабилага юбордилар. Биз уларни сувларигача қувиб бордик. Мен ва ансорлардан бир киши улардан бирини қувиб етиб, қуршаб олганимизда “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деди. Ансорий ундан қўлини тортди. Мен эса уни найзам билан яралаб ўлдирдим. Мадинага келиб бу хабар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га етганида менга: «Эй Усома, сен уни “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деганидан сўнг ўлдирдингми?» дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, у ўзини сақлаш учун айтди”, дедим. У киши: «Уни “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деганидан сўнг ўлдирдингми?» деб такрорлайвердилар. Ҳатто мен, қанийди ўша кунгача мусулмон бўлмаган бўлсайдим, дедим» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бугунги кунда эса ўзларини олим санайдиган айрим экстремистик оқим вакиллари бу каби тушунчаларни нотўғри талқин этиши натижасида мусулмон жамиятларида турли ихтилоф ва низолар келиб чиқаётгани сир эмас. Улар кишиларнинг хатти-ҳаракати ва дин арконларини бажариш чоғида кузатилиши мумкин бўлган жузъий камчиликлари сабаб “ислом динидан чиққан”, “муртад”, “кофир” каби жуда оғир гуноҳлар билан айбламоқдалар.
Ваҳоланки, Пайғамбаримиз (алайҳис­салом)дан бизгача етиб келган бир қанча саҳиҳ ҳадисларда инсоннинг гуноҳи сабабли диндан чиқмаслиги қаттиқ таъкидланган. Жумладан, Имом Абу Довуддан ривоят қилинган ҳадисда Муҳаммад (алайҳиссалом): «Уч нарса имоннинг аслидир: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, гуноҳи сабабли уни куфрда айб­ламаслик, амали туфайли уни Исломдан чиқармаслик»,  деган эдилар. Бундан кўриниб турибдики, инсон гуноҳ иш содир этиб фосиқ бўлиши мумкин, лекин то ўша гуноҳини ҳалол санамагунича мусулмончиликдан чиқмайди.
Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Аллоҳ таоло бандаларга беш вақт намозни фарз қилди. Уларни адо этган ва зое қилмаган киши учун Аллоҳнинг ҳузурида уни жаннатга киритиш аҳди бордир. Уларни адо этмаган кишилар учун Аллоҳнинг ҳузурида аҳд йўқдир. Аллоҳ хоҳласа, уларни жазолайди, хоҳласа, жаннатига киритади», деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий).
Агар намозни тарк этиш диндан чиқарувчи куфр бўлганида, намоз ўқимаган инсоннинг жаннатга кириши мумкинлиги ҳақидаги хабар келмаган бўларди. Ёки бўлмаса, Муҳаммад (алайҳиссалом): «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, у билан уруш қилиш куфрдир» (Имом Бухорий, Имом Муслим), дея огоҳлантирганлар. Ҳадиснинг зоҳирий маъносидан ўзаро жанжаллашган, урушган икки мусулмон диндан чиқиб қолиши мумкинлигини англаш қийин эмас. Аллоҳ таоло: «Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!.. Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз», деб ўзаро урушган икки тоифа мусулмонларни мўмин деб атамоқда (Ҳужурот, 9–10).
Бу каби ҳадисларни ўрганган муҳаддис олимлар улардаги «кофир бўлибди», «биздан эмас» сингари сўзларда зажр, ­яъни қўрқитиш маъноси борлиги, ҳадисда қайтарилган амални қилган инсон мусулмончиликдан бутунлай чиқмаслиги, балки оғир гуноҳкор бўлишини таъкидлаганлар.
Ўз даврининг етук уламоси Ибн Нужайм ал-Ҳанафий ал-Мисрий (ваф. 970/1563 й.) ақидавий ва фиқҳий масалаларни атрофлича ўрганиб, «Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак. Аммо динда ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар бу масалада “мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишга бориб етдилар. Бу эса, барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига тескаридир», дейдилар .
Шундай экан, ҳар бир инсон гапираётган ҳар қандай сўзига огоҳ бўлмоғи, ўйламай-нетмай ўзгаларни кофирга чиқариб юборишдан тийилмоғи ва бу билан ўз имонини сақламоғи лозим.
 

Шукрулло ЖЎРАЕВ,
Тошкент ислом университети Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази  катта илмий ходими