Бугун ён-атрофимизда юз бераётган воқеаларни таҳлил қилар эканмиз, аччиқ саволлар туғилади: “Наҳотки инсоннинг қадр-қиммати шунчалар хорланса, наҳот одамларни ҳалок этиш шунчалар осон иш бўлса?!”
Эътибор беринг, шу йил 14 июль куни кечаси Франциянинг  Ницца шаҳрида юк машинасини одамлар устига ҳайдалиши оқибатида 84 киши ҳалок бўлди.
Туркияда амалга ошмай қолган ҳарбий тўнтариш натижасида юзлаб фуқаро бевақт ҳаётдан кўз юмди.
Олма-отада 4 киши қуролли ҳужум қурбони бўлди.
Афғонистон пойтахти Кобулда 23 июль куни рўй берган портлаш оқибатида 80 киши ҳалок бўлди.
18 ёшли асли эронлик бўлган Германия фуқароси Мюнхендаги савдо марказида 9 кишини отиб ташлади, кейин ўз жонига қасд қилди.
Қирғизистон бош прокуратураси ходимининг машинаси портлатиб юборилди.
29 июль, жума куни кечки пайт жангарилар Ямандаги энг машҳур XVI асрда қурилган масжидни портлатиб юборишди.
Энг ачинарлиси, ҳар бир мўмин-мусулмон бу каби фитналар муборак Ислом дини номидан содир этилаётганидан чуқур изтиробга тушади, баъзиларнинг кўринмас қўллар фитнасига алданиб қолаётганидан надомат чекади.
Бугунги кунда ана шундай улкан фитналар бошида учинчи томоннинг қўғирчоғи бўлган ИШИД террорчи тўдаси ҳам тургани ҳеч кимга сир эмас. Зеро, дунёнинг турли бурчакларида содир этилаётган разил қилмиш­ларни ИШИД жиноятчилари ўз бўйнига олаётир. Шу боис, айрим нодон кимсаларнинг бу каби террорчилар тегирмонига сув қуйишга ошиқиш­лари ҳамда кўринмас қўлнинг алдовларига лаққа тушишлари сабабларини таҳлил қилиш долзарб масала ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Кўринмас қўллар фитнаси” номли мақоласи айни ушбу масалаларнинг таҳлили, келиб чиқиш сабаблари ва ечимига бағишланган. Муаллиф оммани огоҳликка чақириб, бундай дейди: “Ҳозир халқни тўғри йўлдан оздириш ва қўққисдан ғалаёнлар уюштириш ортида “учинчи томон”нинг қора мақсадлари ётгани ҳеч кимга сир эмас. Бутун ер юзида тинчликка таҳдид солаётган ИШИДнинг қилмишлари бунга яққол мисол. Ушбу террорчи тўдалар “учинчи томон”нинг буюртмасини бажариб, тўс-тўполонлар қилиб, худкушликлар билан муборак Ислом динини ёмонотлиқ қилаётганидан барча хабардор бўлиши зарур”.
Мақолада “учинчи томон”нинг разил қилмиш ва мақсадлари очиқ-ойдин, аниқ-равшан баён этилган: “...учинчи бир манфаатдор томон, кўзга кўринмас тўда борки, манқуртга айланган гумроҳ кимсаларни бошқариб турибди... Ер юзининг турли минтақалари, хусусан, Сурия ва Ироқ ҳудудида бўлаётган қарама-қаршиликлар ҳам кўринмас қўл макр-ҳийласининг оқибатидир. Бундай фитналарнинг ортига теран кўз билан боқиш керак. Жангарилар ва уларнинг “халифа”сини ўйнатаётган учинчи қўл парда ортида ҳаракат қилмоқда”.
Эътибор берилса, муаллиф ўзининг барча асарларида ИШИД террорчи гуруҳи “учинчи томон”нинг буюртмасини бажараётгани, сохта даъволар остида бойлик орттиришни кўзлаётгани ҳамда уларнинг қилмишлари Ислом дини бош масдарлари –Қуръони карим, ҳадиси шариф кўрсатмаларига буткул зид эканини далиллар билан асослаб, уларнинг кирдикорларидан ҳамиша огоҳ бўлиш лозимлигини таъкидлайди.
Муаллиф 2015 йилда “Мовароуннаҳр” нашриётида  чоп эттирган “ИШИД фитнаси” китобида ИШИД жангарилари ғарб давлатларига ҳам кириб келишининг олдини олиш лозимлигини баён этган эди: “Европа мамлакатларига ИШИДнинг суқилиб киришини кутиб ётган гуруҳлар ҳам бор. “Ироқ ва Шом ислом давлати”нинг бир гуруҳи Европада ҳам мавжуд, улар ҳар доим буйруқни бажаришга тайёр”, дейди қочоқ жангчи. Бундай гуруҳ битта эмас, Европанинг кўп давлатларида мавжуд. Улар бир-бири билан доимо алоқада иш олиб боради” (“ИШИД фитнаси”, 57-бет).
Бугун Европа давлатлари ИШИД билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишдан бош кўтара олмай қолганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Франция бош вазири Мануэль Вальснинг: “Бизнинг авлодимиз узоқ вақтгача террор хуружи таҳдиди остида яшашга мажбур. Биз доимо огоҳликда туришимиз керак”, деб айтгани фикримиз исботидир.  
“Кўринмас қўллар фитнаси” мақоласида ИШИД жиноятчиларининг алоҳида таъкидланган оғир гуноҳларидан бири – уламоларни қатл этишларидир. Хусусан, ИШИД жангариларининг Ислом оламига машҳур олим Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларини талабалари билан қўшиб масжидда портлатиб юборганлари уларнинг мақсади нечоғли разил эканини очиқ кўрсатади.
Ахир, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Уламоларни ҳурмат қилиш юртда тинчлик, осойишталик, фаровон ҳаёт бардавомлигига сабаб бўлади. Аксинча, уларнинг қадрига етмаслик эса кўплаб мусибатларга олиб келади. Имом Сафароний айтадилар: “Албатта, олимларнинг ўзлари ва қадри буюкдир. Кимки уларни таҳқирламоқчи бўлса, у одамларнинг энг пасткашидир. Кимки улардан нафратланса, у шайтон жамоа­сидандир”.
Энг муҳим жиҳати, муаллиф мақолада турли бузғунчилик­лардан омонда бўлиш учун нималарга эътибор бериш лозимлигини ҳам таъкидлаб ўтади: “Фитна ва низолардан нари бўлишни истаган инсон ўзини ислоҳ қилиши, ибодатда бардавом бўлиши ва илм билан шуғулланиши лозим. Маълумки, фисқу фасод ишларни қилиш охир-оқибат фитнага қўшилиш билан якун топади. Шу боис макр-ҳийлалар домига тушиб қолишдан сақланиш ва огоҳ бўлиш керак”.
Мақола сўнгида имом-хатибларга берилган тавсиялар барча юртдошларимиз учун ҳам зарурий ва фойдалидир. Абу Идрис Хавалоний Ҳузайфа ибн Ямондан нақл қилган ҳадисда келтирилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мусулмонлар жамоасидан айрилмагин, уларнинг имомларига эргашгин! – дедилар. Мен: “Башарти, ўша замонда на мусулмонлар жамоаси ва на имомлар бўлмаса-чи?” дедим. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Гарчи дарахт томирини кемириб кун кўришинг­га тўғри келса ҳам, сени сабр қилишга даъват қилувчи Аллоҳ таолонинг амрини қалбингга маҳкам тугиб олгин-да, ўша замон фитначиларидан йироқ бўлгин!” дедилар».
 

Даврон НУРМУҲАММАД