Бугунги кунда жаҳонда юз бераётган нотинчликлар айрим мамлакатларнинг таназзулига сабаб бўлмоқда. Неча йиллар давомида шаклланган давлат, йўлга қўйилган иқтисодий ва сиёсий ҳаёт, алал-оқибат осуда халқнинг хотиржам турмуши издан чиқмоқда. Юртлар вайрона бўлмоқда.
Сурия ва унинг атрофида жойлашган мамлакатларда юзага келган нотинчликлар бутун дунё афкор оммасининг диққат марказида. “Араб баҳори” номи билан бошланган хунрезликлар оқибатида бутун бир мамлакат, ундаги инсонларнинг ҳаёти буткул издан чиқди. Бу фитнани бошлаганлар ўз манфаатларини деб қанчадан-қанча бегуноҳларнинг умрига зомин бўлдилар. Энг ачинарлиси, ғаразли ниятларини амалга ошириш учун ўзларини динимиз ҳимоячиси қилиб кўрсатмоқдалар.
Аслида покиза, доимо тўғриликка буюриб кишилар обрўси, иззат-нафси, бировлар ҳақига хиёнат қилмаслик, бир-бирларига ҳеч қачон азият етказмасликка тарғиб қилувчи динимиз ҳеч қандай ҳимоя­га муҳтож эмас. Бироқ шунда ҳам бир оғиз сўз айтгимиз келди: Аллоҳ таоло ер юзига юборган сўнгги илоҳий таълимот – Исломдаги ҳар бир амал, ундан кўзланган муддао фақат ва фақат бандаларнинг манфаатларини кўзлайди.
Динимизда зулм учун катта жазо борлиги бот-бот такрорланиб, мўминларни бундан қайтарилади. Қуръони каримда: (Эй Муҳаммад!) Сиз зинҳор золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни ғофил деб ҳисобламанг! Фақат Аллоҳ уларни (жазолашни) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган кунга (қиёматга) қолдирмоқда, холос” (Иброҳим, 42).
Ҳадиси қудсийда ҳам мўминлар зулм қилмасликка чақирилади: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Парвардигор азза ва жалла айтади: “Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманг” (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).
Ислом ана шундай ҳаётбахш таълимотлар манбаи, асосчисидир. Бироқ қанчадан-қанча ғараз ниятли кишилар бу илоҳий амрларни ўз манфаатларига мослаб, динимиз номидан иш олиб бормоқдалар. Уларнинг макри, ёлғон даъволари инсонлар муқаддас билган динни ниқоб қилиб олаётгани кўпларнинг алданиб, охири берк кўчага кириб қолишига, Аллоҳ ва Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатиб берган аниқ йўлдан адашиб, залолат ва разолат ботқоғига ботишига сабаб бўлмоқда.
Азизлар, шундай таҳликали даврда барчамиз зийраклик ва огоҳлик билан динимиз мусаффолигини сақлаш, юртимиз тинч­лигини асраб-авайлаш йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим.

Бекназар АБДУЛЛАЕВ, Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани “Ҳусайн шайх бобо” жоме масжиди имом-хатиби