“Салаф” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) замонларида ҳамда кейинги икки даврда яшаб ўтган мусулмонлар тушунилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари: “Асрларнинг энг яхшиси менинг асрим. Сўнгра кейингиси ва ундан кейингиси” деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ: Асрларнинг энг яхшиси саодат асри, кейин саҳобаларни кўриб, хулқу одоб ва диёнатда уларга эргашган тобеинлар асри. Кейингиси табаа тобеинлар, яъни саҳобаларни кўрган зотларни кўриб, улардан ўрнак, намуна олган инсонлар асри. Шунга кўра, Ислом уламолари саҳобий, тобеин ва табаа тобеинларни “Салафи солиҳийн” (яхши аждодлар) деб иттифоқ қилишган. Улардан кейинги даврда яшаганларни "салафлар" ёки “салафийлар” дейилмайди.
Сўнгги пайтда пайдо бўлган салафийлар оқими аввалги – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хушхабар берган салафийлардан бирор жиҳатда ўрнак олишмаган. Чунки саодат асрида яшаган салафларнинг мақсадлари Исломни тарқатиш, ривожлантириш ва Аллоҳ розилигини топиш бўлиб, улар шону шуҳратга, мансабу мартабаларга, молу дунёга заррача муҳаббат қўйишмаган эди.
Ҳозирги замондаги бузғунчи оқим ва фирқалар эса ёмонлик, кулфат, ғам-ташвиш ва фитна келтирди. Улар ўз фирқаларига қанчалар жимжимадор, чиройли номларни қўйишмасин, барибир, ниятлари бузуқ, қалбларида қабиҳлик, ўз манфаатларини кўзлаганлари сезилиб туради. Асл мақсадлари молу дунё, мансабу мартабалар ва ҳокимиятга интилишдан ўзга нарса эмас.
Биз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари таълим бериб кетган ҳақиқий диндамиз. Ҳақиқий салафи солиҳинларнинг йўллари Қуръону ҳадисларда кўрсатиб берилган. Бизлар аҳли суннат вал‑жамоат уламолари томонидан ҳақ мазҳаблар деб тан олинган тўрт сунний мазҳабнинг биринчиси – ҳанафий (Имом Аъзам) мазҳабидамиз.
Пок ва мусаффо динимиз кўрсатган тўғри йўлда собит бўлиб, ҳар қандай бузғунчи фирқалар қармоғига илиниб қолишдан сақланганлар ҳақиқий маънодаги бахтли инсонлардир.

Аҳмаджон БОБОМУРОД