Улуғ шоир бобомиз Мир Алишер Навоий ҳазратларининг доно сўзлари бор:

“Агар огоҳсан сен – шоҳсан сен...”

Огоҳлик бугунги замон шароитида ҳар қачонгидан кўра долзарблик касб этмоқда.

Бугунги огоҳлик халқимизни, айниқса, ёшлар қалбини, руҳиятини, ақл-идроки ва умуман, маънавиятини жаҳонда юз бераётган мафкуравий таҳдидлардан ва “оммавий маданият”нинг емирувчи таъсиридан муҳофаза қилишни ҳам ўз ичига олади.

Албатта, халқимиз ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёти, санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди. Бироқ ғарбда дин ва одоб-ахлоққа зид қарашларнинг жаҳон оммасига сингдирилиши оқибатида юзага келган “оммавий маданият”нинг тубанлик­ларини, зарарини юртдошларимиз, хусусан, ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.

Раҳматли биринчи Президентимизнинг: “Муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда”, деган сўзлари нафақат вазифадорлар ёки масъулларга, балки ҳар бир ота-она, ҳар бир ўқитувчи ва мураббийга айтилгандир.

Ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган, нанотехнология зўр шиддат билан авжига чиқаётган, оммавий ахборот воситалари кечаю кундуз хилма-хил маълумотларни тарқатаётган бугунги вазиятда, бизнингча, тарбия ҳам икки хил бўлиб қолди: “жонли” тарбия ва “жонсиз” тарбия.

“Жонли” тарбия – бу улуғ аждодларимизнинг олтиндан қиммат ривоятлари ва ноёб ҳикматлари, буюк ота-боболаримизнинг тиллога тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари, меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари, элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари, жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида ўқитилаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар.

Бу “жонли” тарбиядаги маълумотлар эса маънавият ва маърифат йўналишига ҳамда тарбия соҳасига дахлдор ҳар бир инсон учун, ҳар бир ота учун, ҳар бир она учун беқиёс манба бўлиб хизмат қилади.

Оиладаги бош – бобо ёки момо, ота ёки она ҳар куни, айниқса, жума оқшоми, бозор оқшомида оилавий дастурхон атрофида ўтирганларида, оиласининг ҳар бир аъзоси исмини номма-ном айтиб, ўғил-қизлари, келин-куёвлари, невара-чевараларининг ҳақларига яхши тилаклар тилаб, хайрли дуолар қилсалар – бу ҳам “жонли” тарбиянинг бир тури ҳисобланади. Бундай шаклдаги “жонли” тарбияни ҳаммамизнинг ота-боболаримиз, она-момоларимиз азал-азалдан чин ихлос билан, соф эътиқод билан гўзал намуна бўлиб, баркамол даражада бериб келишган. Дастурхон атрофида, оиласи ҳузурида айтилган ота, онанинг ўгитлари, орзулари фарзандини бошқа ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилишга, ҳар куни қўл очиб Яратгандан сўраётган тилаклари­ни эслаб, мазкур тилакларга мос келмайдиган ишлардан сақланишга ундайди.

Бугун интернет, компьютер, телефон, турли дисклар, телевизор ва бошқа ахборот воситалари ёшларни оҳанрабодек ўзига тортиб, уларнинг “жонсиз” тарбиячисига айланиб улгурди. Минг афсус, бу воситалар аксар ҳолларда миллий ва диний қадриятларимизни илдизидан қўпориб ташлаб, ўрнига “оломонча маданият”ни тиқиштиришга уринмоқда, кўп ёшларимизни, ҳатто катталарни ҳам тўғри йўлдан, ота-онаси не-не машаққатлар чекиб ўргатган, буюк боболаримиздан мерос бўлиб келаётган йўлдан оздириб-адаштириб қўймоқда. Натижада, доно халқимиз “яхшининг шарофати, ёмоннинг касофати” деб айтганидек, ўзлари, оиласи, қариндошлари, қўшнилари, дўстлари, яқинлари, атрофдагилари сарсон бўлиб, уларнинг касофатлари яшаб турган маҳалласига, ишлаб турган ишхонасига, бутун эл-юртига ҳам етмоқда.

Хорижий телеканалларда нима намойиш этилса ёки интернетда нима тарғиб қилинса, барчасини қабул қилавериш асло мумкин эмас. Биз улар орасидан имон-эътиқодимиз, анъанаю қадриятларимизга мос келадиганларинигина саралаб олмоғимиз шарт. Бу мақсадга эса ёшларимизга телефон, телевидение, компьютер ва интернетдан оқилона фойдаланиш йўлларини ўргатиш, уларнинг мазкур ахборот манбаларидан фойдаланишларини назорат қилиб бориш орқалигина эришиш мумкин. Токи ҳали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор маънавиятига зарар етмасин.

Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, АҚШда жиноятчиларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экани маълум бўлган. Уларга ота-онасининг ажрашгани туфайли етказилган кучли руҳий зарба ўрта ёш, ҳатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.

«Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида: “Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб етмоқда”, дея маънавий таҳдидлардан ёш авлодни асрашимиз зарурлиги алоҳида таъкидланган.

Кўп йиллар давомида қалбимизга сингиб кетган ушбу миллий ва диний қадриятларни бугун янада сайқаллаш кераклигини замон талаб этмоқда. Айниқса, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсири мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормоқда. Шунинг учун барчамиз кўзимизни каттароқ очиб, зийраклик ва огоҳлик билан бундай ҳамлаларга қарши курашмоғимиз лозим.


Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси ўринбосари