Ҳозирда дунёдаги фитна ва низолар асосан миллатчилик кайфиятини қўзғаш ва турли эътиқод­дагиларни бир-бирига қарши қайраш сабабли юзага келмоқда.

Бугун юртимизда қўлга киритилган тинч­лик ва осойишталикнинг асосини миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби халқимизга хос қадриятлар ташкил қилади.

Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қиладилар. Уларнинг ҳеч бирларини камситишга йўл қўйилмайди. Барча Ўзбекистон фуқаролари тинч, эмин-эркин, аҳил ва иноқ ҳаёт кечир­моқдалар. Биргина Олмалиқ шаҳрини мисол қилсак, бу ерда ўн учдан ортиқ миллат вакил­лари истиқомат қиладилар. Муҳташам жоме масжид, черков ва тўртта турли миллатнинг маданий маркази фаолият юритмоқда.

Тарихга назар солсак, Ислом шариати диний бағрикенглик масаласида аввалги самовий динлардан ўзгача йўлни танлагани аён бўлади. Исломда бошқа дин вакилларини таҳқирлаш, ҳақини поймол қилиш, озор етказиш мутлақо мумкин эмас. Сўзимизнинг исботи учун бир-икки мисол келтирамиз:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари билан бирга эдилар, олдиларидан бир маййитни олиб ўтишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маййитнинг ҳурмати учун ўринларидан турдилар. Саҳобалар ўлган одамнинг ғайридинлигини айтишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У инсон эмасми?” деди­лар.

Бир яҳудий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига ансорий саҳоба уни урганидан шикоят қилиб келди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни чақирдилар, “Нега урдинг?” деб сўрадилар. Саҳоба: “Унинг олдидан ўтиб кетаётсам, “Мусони ҳамма инсониятдан улуғ қилиб яратган Аллоҳга қасам...” деяётганини эшитдим ва ғазабланиб: (Мусо пайғамбар) ҳазрат Муҳаммад (алайҳиссалом)дан ҳам (улуғ)ми?” деб бехосдан уриб юбордим”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мени ўтган пайғамбарлардан афзал, улардан яхши деб билманг, Қиёмат куни ҳамма даҳшатдан ҳушидан кетади. Энг биринчи бўлиб мен ҳушимга келаман. Шу вақт қарасам Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳнинг арши ёнида турган бўладилар. Билмадим, у мендан олдин ҳушига келдими ёки бу унинг Тур тоғида Аллоҳ билан роз айтишгани учун мукофотими?”,  дедилар.

Уҳуд жангида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак тишлари синди. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, сизнинг дуоингиз мақбул, Аллоҳдан сўранг, уларнинг жазосини берсин”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ! Қавмимни ўзинг кечир, улар билмасдан қиляптилар”, деб қарғиш ўрнига дуо қилдилар.

Ҳабашистон ҳукмдори Нажжошийнинг меҳмонлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келдилар. Пайғам­баримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга ўзлари хизмат қилдилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули, сиз ўтиринг, биз хизмат қиламиз”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Булар менинг саҳобаларимга хизмат қилдилар, энди буларнинг хизматларини ўзим қиламан”, дедилар.

Халқимиз қадимдан бағрикенг халқ­дир. Ота-боболаримиз ҳеч қачон бирор миллат, бирор дин вакилларини камситишмаган. Ислом динининг покиза булоғидан сув ичган аждодларимиз бағрикенгликда дунёга ўрнак бўлишди. Яқин ўтмишга назар ташлайлик. Иккинчи жаҳон уруши даврлари. Юртда очарчилик, қийинчилик ҳукм сурмоқда. Фақат аёллар, ёш болалар, ногиронлар ва қариялардан бошқа ҳеч ким йўқ. Шундай оғир ҳолатда бўла туриб динидан, миллатидан қатъи назар, уруш бўлаётган жойлардан кўчириб келинган қариялар, аёллар, ёш болаларни қучоқ очиб кутиб олишди. Худди мадиналик ансорлар сингари борларини улар билан баҳам кўришди.

Бугунги кундаги дунёда бузғунчилик қилаётган, ноҳақ қон тўкаётган, мусулмонларни кофирга чиқариб, уларга қарши уруш очаётганлар ҳақиқий Ислом нималигини, нимага буюришини кўриб қўйсинлар! Қилаётган ишлари нақадар тубанлик, пасткашлик эканини билсинлар!

Азимжон АЛИМЖОНОВ,
Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби