Мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг муносиб турмуш кечириши учун барча имкониятлар бор ва кун сайин шароитлар яхшиланиб бормоқда. Давлатимиз томонидан янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг турмуш тарзини яхшилаш чоралари кўриляпти.

Ушбу имкониятлардан оқилона ва унумли фойдаланиб, иқтисодий аҳволини ўнг­лаган, ўзи ва оиласи учун барча керакли шарт-шароитларни ҳозирлаган ватан­дошларимиз кўп. Аммо шароит бўлатуриб, қаноатсизлик қилиб, бойлик илинжида ноқонуний йўл билан хорижга чиқиб кетаётганлар ҳам оз эмас. Кунора қайси бир қариндошимиз, қўшнимиз ёки маҳалладошимиз хорижий давлатлардан бирига ишлашга кетганини эшитамиз. Бу эса баъзи ҳолларда ташвишли оқибатларга, одам савдоси каби жирканч жиноятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланади. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва бола алдов билан хорижга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай огоҳлантирадилар: «Аллоҳ таоло: “Уч киши борки, мен уларга қиёмат куни хусуматчиман: Менинг номимдан (аҳд) берадиган ва кейин хиёнат қиладиган киши. Ҳур кишини сотиб пулини ейдиган киши. Мардикор ишлатиб, унинг ҳақини бермаган киши”, деган» (Имом Бухорий ривояти). Афсуски, юртдошларимиз орасида ҳам одам савдоси устидан мўмай пул топишга одатланган кимсаларнинг учраши оғир мусибат бўлмоқда.

Жамият тараққиёти, ҳар томонлама ривожланиши, биринчи навбатда оила­ларнинг мустаҳкамлигига, улардаги соғлом муҳитга боғлиқ. Оиланинг камолоти эса эр-хотин ва фарзандларнинг иноқлиги асосига қурилади.

Тўғри, ўзга юртларга ҳеч ким ҳавас учун бормайди. Лекин ҳар нарсанинг меъ­ёри бўлганидек, хорижда юришнинг ҳам меъёри бўлиши керак. Азбаройи тирикчилик, яхши яшаш, бола-чақани бирор нимага муҳтож қилмаслик илинжида йиллаб хорижда юришни барибир оқлаш қийин. Йиллаб мусофирликда юриб топган пул ота-онага қилинмаган хизмату аҳли аёл, бола-чақага вақтида берилмаган тарбия, меҳрнинг ўрнини ҳеч қачон қоплай олмаслиги ҳақиқат.

Динимизда ота-онага яхшилик қилиш, хизматларида туриб, дуоларини олиш вожиб амаллардан бўлиб, ибодат даражасига кўтарилган. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилиш билан бирга, ота-онага яхшилик қилишни Қуръони каримнинг бир неча оятларида ёнма-ён зикр қилиб келтирган: «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса (яхшилик) қилингиз!..» (Нисо, 36); «Айтинг: “Келинглар, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: У Зотга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз...”» (Анъом, 151).

Узоқ вақтдан бери хорижда юрган вадандошлар ота-онага хизмат қилишдек улуғ шарафни, савобли амални қўлдан бой бериб қўйишяпти.

Ислом шариатида фарзанд тарбияси борасида мукаммал кўрсатмалар берилган. Уларга амал қилиш қолган, холос. Зеро, эртанги куннинг порлоқ бўлиши бугунги авлодга боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Давлатимиз сиёсатининг устувор мақсад ва вазифаси ҳам айнан эртанги кун эгаларини ҳар томонлама камол топтиришдир.

Баъзан хорижга эндигина балоғатга етган, тафаккури шаклланмаган ғўр ёшларнинг кетаётгани ҳам ачинарлидир. Аслида, уларнинг биринчи галдаги вазифаси таълим олиш, юртининг келажаги учун фойдаси тегадиган етук кадр бўлиб етишишдир. Айрим ёшларимиз хорижда қора мақсадли кимсаларнинг диний маълумотлар бериши ёки “дарслар”га жалб этиши оқибатида адашиш, нотўғри эътиқод, ақидапарастлик каби иллатлар домига тушиб қолишмоқда.

Хорижга ошиқаётганлар, кўпинча топганини данғиллама иморат қуриш, дабдабали тўй-ҳашамлар қилиш, ичкиликбозликлар каби исроф ва гуноҳ ишларга сарфлаётгани ҳам жуда ачинарлидир.

Эр-хотин ўртасидаги муносабатга ҳам Ислом шариатида катта эътибор қаратил­ган. Жуфт бўлиб яшашнинг моҳияти, оила қуришдан қандай мақсадлар кўзлангани, ҳар икки тарафнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат экани динимизда батафсил ёритилган. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» (Рум, 21).

Демак, эркак таскин, ором ва хотиржам­ликни фақатгина рафиқаси ҳузурида топади. Аёл ҳам ўзига керак бўлган таскинни эридан топади. Бу таскинга интилиш табиий эҳ­тиёж... Энди, бир неча йиллар бир-биридан узоқда яшаган эр-хотинларнинг ҳолатини қандай баҳолаш мумкин? Минг афсуски, баъзи бир эркаклар ёки аёллар жуфти ёнида бўлмагач, таскинни номаҳрамлар ҳузуридан излаб қолади...

Эндиликда аёллар ҳам пул топиш илин­жида хорижга кетаётганини қандай тушуниш мумкин? Уларнинг кетишига эрлари, оталари ёки ака-укалари қандай йўл қўйишади?

Унутмайлик, динимизда аёл киши иқти­содий жиҳатдан эркакнинг қарамоғида бўлиши белгиланган. Дастлаб отаси, у бўлмаса бошқа валийлари, сўнг эри, у вафот этса, фарзандлари унинг нафақасини бериб туришга масъулдирлар.

Ислом шариати мусулмон аёлнинг, токи у билан эри ёки маҳрами бўлмас экан, сафарга чиқишини тақиқлайди. Имом Муслим Абу Саид Худрийдан қилган ривоятда бундай дейилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёл, у билан бирга эри ёки маҳрам қариндоши бўлмас экан, уч кундан ортиқ сафар қилиши мумкин эмас”, дедилар».

Оилада хотиржамлик, ўзаро ҳурмат бар­қарор экан, у ерга Аллоҳнинг баракаси ёғилади. Аллоҳнинг баракаси ёғилиб турган хонадон вакилларининг эса хорижга чиқиб, пул топишга эҳтиёжи қолмайди. Шуни унутмасак, бас.

Нуриддинхон ИСЛОМОВ,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби