Яқинда бир навқирон йигитнинг жанозаси ўқилди. Ҳамдардлик билдириш мақсадида азали хонадонга бордик. Ота кўзда ёш билан бўлган воқеани гапириб берди. “Ўғлим қаршилик қилишимга қарамай, яхшироқ даромад қиламан деб бир неча дўстлари билан чет элга ишга кетганди. У ерга бориб бир хонадонда ишлаган. Икки ой ўтса ҳам уй эгаси маошини бермаган ва ўртада низо чиққан. Ўғлимни роса дўппослаб бир кимсасиз жойга ташлаб кетган. Дўстлари хабар топгунча, у ҳаётдан кўз юмган”.

Донишманд халқимиз ма­қолларида: “Узоқнинг донидан яқиннинг сомони яхши”, “Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши” каби ўгитлар баён этилган. Халқимиз тинчлиги, давлатимизнинг барқарорлигини кўролмаётган айрим ғаразгўй шахслар томонидан одамларнинг ишончини суи­истеъмол қилиб, алдаб, сени катта маблағ билан таъминлаймиз, деб чет элга ноқонуний олиб чиқиб, улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилмоқда. БМТ экспертларининг фикрига кўра, жиноий тўдаларнинг ҳар йили ноқонуний миграция ва одам савдосидан олаётган йиллик даромадлари 5–7 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Бу – дунёдаги асосий истеъмол товарлари соти­лишидан келадиган уму­мий да­ромадга тенг дегани. Одам сав­доси жабрдийдаларининг 2,7 мил­лиони ёки 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил қи­лади.

Афсуски, инсон ҳаётини тасарруф этиш, қадр-қимматини оёқости қилиш, уни алдаш, иш­латгандан сўнг ҳақини бермаслик айрим баднафс кимсаларнинг даромад манбаига айланиб қолмоқда. Дини мўбинимизда бундай қабиҳ ҳолат қораланади.

Имом Шаъронийнинг “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)га насиҳатлари” китобида бундай дейилади: «Ким ҳаром еса, қалби ўлади, ақидаси заиф бўлади, Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилмайди, ибодати ҳам камаяди. Ҳаром йўллар билан мол тўплаган Аллоҳ таолонинг ғазабига йўлиқади. Аллоҳ у кимсага бузуқ амалларини чиройли кўрсатадиган, бойлиги туфайли динини унуттирадиган, дунё ишларини енгил ҳисоблатадиган, фосиқ амаллар қилганида “Аллоҳ Ғофур ва Роҳим-ку” дегувчи бир шайтонни ҳамроҳ қилиб қўяди. Эй Али! Ҳаромни қўлга киритиш, ҳаром мол топиш учун йўлга чиққан ҳар қандай одамга, албатта, шайтон эргашиб олади. Ҳаромдан тўплаган молни шайтон ейди».

Мамлакатимизда 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, шунингдек, 2008 йил 8 июлда Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг “Одам савдосига қарши кураш самарадорлигини ошириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бундан ташқари, мазкур турдаги жиноятлар учун жазо чораларини кескин кучайтириш бўйича Жиноят кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет элларда меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Рес­пуб­ликаси томонидан хорижий мамлакатлар билан тузилган ҳукуматлараро, идоралараро шартномалар ва битимлар асосида фақат Ташқи меҳнат миг­рацияси масалалари агентлиги ва Тошкент, Бухоро, Нукус, Фарғона, Қарши шаҳарларида жойлашган Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюроларнинг кўмагида амалга ошириш­лари мумкин. Бошқа ҳеч бир жисмоний ва юридик шахслар бундай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас.

Фуқаролар хорижий иш берувчининг белгиланган тартибда расмийлаштирилган меҳнат шартномаси нусхаси, иш берувчи тўғрисидаги қисқа маълумот, фуқаролик паспорти нусхаси ва соғлиғи тўғрисида маълумотномани Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига тақдим этишлари лозим. Агентлик тақдим этилган ҳужжатларни 15 кун ичида кўриб чиқиб, чет элда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатномани белгиланган тартибда расмийлаштириб беради.

Ноқонуний миграцияга қарши курашда биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа масъул идоралар томонидан кўрилаётган чоралар ва амалга оширилаётган ишларнинг ўзи камлик қилади. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда юртимизда беш мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг муайян қисми одам савдоси билан боғлиқ жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг хабардорлик даражаси ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жиноятчилик қурбонларига руҳий-маънавий, тиббий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга доир чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, масжид имом-хатиб­лари мавъизаларида, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ва фуқароларнинг ўзлари бу масалага жиддий эътибор қаратиб, фуқароларни огоҳлантирмоқда. Жамиятимизда ўзига хос жамоатчилик назорати шаклланмоқда. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

“The Guardian” нашрининг хабарига кўра, Европага ота-­онасиз ва яқинларисиз келган бир қанча қочоқ бола Европа иттифоқи чегараларини кесиб ўтиш вақтида йўқолиб қолган. Буюк Британияда қаердалиги номаълум бўлган болалар сони бир йил ичида икки баробарга кўпайган. Германияда шу йил бошидан бери қарийб бир неча минг нафар 18 ёшга тўлмаган қочоқ боланинг қаердалиги номаълум. Полициячилар  бу болалардан кўпчилиги Европага келгач, одам савдоси қурбонига айланган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Интернет саҳифаларида бу каби маълумотларни ўқирканман, мамлакатимиз мактаб, коллежларида кўзлари чақнаб билим олаётган , касб-ҳунар ўрганаётган фарзандларимиз юзларига меҳру ифтихор билан назар соламан. Уларнинг бахтиёр чеҳрасида эртанги кунга ишонч, қалбида ўзи танлаган соҳасида юртимизга хизмат қилишдек улуғ ният бор. 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ