Китоб шундай оламки, илму маърифат, маънавият нури билан қалбларга зиё бахш этади. Янги авлодлар китоблар саҳифаларида яқин ва узоқ тарихдан хабардор бўладилар, турмуш сабоқларини ўрганадилар. Инсоннинг, биз орзу қилган баркамол авлоднинг шаклланиши, улға­йишида китоблар устозларнинг қаторида туради.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиё­евнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолаа­си ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши жамиятимиз олдида турган энг муҳим ва олий вазифа – халқимиз маънавиятини юксалтириш, аждодларга муносиб авлод тарбиялаш, жонажон Ўзбекистонимиз ҳаётининг ҳар соҳасида тараққиёт учун мус­таҳкам замин яратувчи моҳир мутахассислар тайёрлашга қаратилган. Фармойишда бадиий асарлар, дарслик, қўлланмалар нашр этишдан тортиб ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона  марказларининг фаолиятини талаб-эҳтиёж­ларга жавоб берадиган даражага кўтариш учун нималарга эътибор қаратиш зарурлигини аниқлаш мақсад қилиб қўйилган.

“Мустақиллик йилларида мам­лакатимизда таълим муассасалари учун ўқув адабиётлари яратиш ва ўқувчиларга етказишнинг мустаҳкам тизими яратилди, – дейилади Фармойишда. – Ўзбекистонда таълим берилаётган еттита тилда дарс­лик ва қўлланмалари нашр этилмоқда. Ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона  марказлари­нинг моддий-техника базаси янгиланиб, замонавий электрон кутубхоналар тизимлари фаолият кўрсатмоқда”.

Юксак маънавият – инсон камолотининг бош мезони. Маънавиятни эса китобсиз, китоблар мутолаасисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мамлакатимизда башарият тарихида ёрқин из қолдирган аждодларимиз хотирасини, уларнинг дунё илму фани, маърифату маънавияти, маданияти ривожида тутган ўрниларига муносиб равишда тиклаш, эъзозлашга, у улуғ зотлар ёзиб қолдирган асарларни чоп этишга алоҳида эътибор қаратилди.  Алломаю донишманд бобокалонларимизнинг неча асрлардан буён халқ онгу шуурини нурлантириб, ақлини чархлаб келган, аммо собиқ иттифоқ даврида қатағонга учраган ёки мазмун-моҳияти ўша тузум мафкурасига мослаб ўзгартириб юборилган асарлари янгидан тикланиб, чоп этилди. Энди улар авлодларнинг бебаҳо бойлигига айланди.

Мустақиллик йилларида рес­публикамизда матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасида тегишли ҳуқуқий асос яратилди. 1677 та матбаа корхонаси, 118 та нашриёт давлат рўйхатига олинган. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, вилоятларда ахборот-кутубхонаси, туман марказлари ва шаҳарларда ахборот-ресурс марказлари; “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори”, “Ўздавкитобсавдотаъминоти” мажмуалари фаол хизмат кўрсатмоқда. Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида ташкил этилган “Ижод” жамоат фонди томонидан ёзувчи ва шоирлар, айниқса, ёш ижодкорларнинг биринчи китоблари кўп минг нусхада нашр этилмоқда.

Фармойишда амалга оширилган ишлар кўрсатиб ўтилиши билан бирга, “...ушбу муҳим соҳа ривожи билан боғлиқ аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда бир қатор муаммолар мавжудлиги” қайд этилиб, китоб маҳсулотлари­ни чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривож­лантириш, китоб мутолаа­си ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишга масъул бўлган ишчи гуруҳ ва кичик ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланди.

Бу гуруҳлар аъзолари соҳа мутахассислари ва экспертларни кенг жалб қилган ҳолда, бадиий, маърифий, илмий-омма­боп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишларини; аҳоли, ёшлар ўртасида бадиий жиҳатдан юксак, интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китобларга бўлган талабларни ўрганади.

Ижтимоий сўровлар орқали нашриётлар чиқарадиган бадиий, маърифий, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиришга доир адабиётларнинг (электрон шаклда ҳам) умумий буюртма рўйхатини шакллантириш ўрганилади.

Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ва ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини чет тилларига таржима қилишнинг танқидий таҳлилини тайёрлайди.

Ноширлар ва адибларни рағбатлантириш, болалар адабиётига ихтисослашган нашриётларга молиявий имтиёзлар бериш ва моддий қўллаб-қувватлаш, матбаа корхоналари ва нашриётларга китоб ишлаб чиқариш учун сифатли қоғоз ва матбаа хом­ашёларини четдан харид қилиш тартибини такомиллаштириш йўлларини  излайди. Китоб тарқатиш тизимини янада ривож­лантириш ва аҳолининг кенг қатламини қамраб олиш, китоб маҳсулотларининг нархини шакл­лантириш ва сотиш бўйи­ча аниқ механизмлар ишлаб чиқиш; ихтисослашган китоб дўконлари учун вилоят, туман маркази, шаҳарлар ва қиш­лоқларда гавжум ва қулай ҳудудлардан жой ажратиш ёки ижарага бериш масалаларини қайта таҳлилий-танқидий ўрганиб, шулар асосида таклифлар тайёр­лайди.  

Чоп этилаётган китоб­ларни аҳоли ўртасида оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш, таълим муассасалари, кутубхоналар, маҳаллаларда китоб муаллифлари билан ижодий учрашувларни тизимли равишда ташкил этишга  эътибор қаратилади. Таълим муассасалари, айниқса, мактабгача ва бошланғич таълимда ўқиш маданияти ва мутолаа кўникмаларини шакллантиришга оид тажриба ва таклифлар ўрганилади. Таълим муассасаларида синфдан ташқари ўқиш учун тавсия этилган  мумтоз ва замонавий асарларни танлаб, хрес­томатия адабиётлари рўйхатларини қайта кўриб чиқиш ва ўқув жараёнига муто­лаа этилган асарлар асосида иншо ёзиш тизимини жорий этиш, адабиёт тўгараклари фаолиятини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини қайта кўриб чиқиш ишлари ҳам бу Фармойиш ижроси билан боғлиқ.

Кўриниб турибдики, Фармойишда юртимиз фуқаролари ақлини таниганидан бош­лаб, китоб билан ошно бўлиб яшашлари учун шароит, имкониятлар яратиш, ижодкорлар, олимлар, ноширлар меҳнатини муносиб тақдирлашга эришиш долзарб вазифа қилиб қўйилган.

Ҳамиша муҳим ва хайрли бўлган бу ишларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиш, фарзандларимизни ёшлигидан китоб ўқишга қизиқтириш, китобни дўст тутишга одатлантириш – барчамизнинг вазифамиз. Зеро, китоблар қалбларга зиё бахш этувчи офтобдир.

ТАҲРИРИЯТ