Танганинг икки томони бўлганидек, интернетнинг ҳам ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Кўпчилик интернет имкониятларидан оқилона фойдаланаётган бўлса, айрим манфур кимсалар эса ушбу “ўргимчак тўри” орқали ўзларининг қабиҳ режаларини амалга оширишга уринишмоқда. Инсон руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган ушбу таҳдидлар одатда жозибали шиорлар остида яширинган бўлади.

Маълумки, ёвуз ниятли кимсалар қабиҳ режаларини амалга ошириш учун айнан ғўр ўғил-қизларни ўз тузоқларига илинтиришади. Айни пайтда юртимизда интернетдан фойдаланувчиларнинг сони 10 миллионга етди. Ушбу кўрсаткичнинг аксарияти ёшлар улушига тўғри келишини инобатга олсак, бу ҳолат барчамиздан ҳушёрликни талаб этади. Интернетни бир овунчоққа айлантириб олган айрим ёшлар илму маърифатдан йироқлашиб, ҳаётга бефарқ, ялқов бўлиб қолишяпти. Энг ачинарлиси, вақт деб аталмиш бебаҳо неъмат беҳудага сарфланмоқда.

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда қиёмат куни тўрт нарсадан – умрини нима билан ўтказгани, ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани, мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани, илмига қандай амал қилганидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Умрнинг ҳар бир сонияси ҳисоб-китоб қилинишини билган банда уни яхшиликлар билан ўтказишга интилади. Ҳазрат Алишер Навоийнинг: “Йигитликда йиғ илмнинг маҳзани, қарилик чоғи харж қилғил они”, деган насиҳатлари ҳамон ўзининг долзарб­лиги билан аҳамиятлидир.

Ота-оналар фарзандларини ким билан дўст бўлаётганлари ҳамда нима билан машғуллик­ларини мунтазам назорат қилиш­лари, ҳамиша огоҳ бўлишлари лозим. Қаерда бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, шубҳасиз, ўша жойда парокандалик бўлади. Балоғат ёшидаги йигит ва қизларни ўз ҳолига ташлаб қўйишнинг оқибати яхшилик билан тугамайди. Ота-онанинг бефарқ ва лоқайдлиги боис фарзанд улардан топмаган меҳр ва эътиборни бошқалардан излай бошлайди.

Демак, ғоялар кураши даврида ёшлар онги ва қалбида миллий-маънавий қадриятларимизга чуқур ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакл­лантиришимиз жуда муҳимдир.

 

Моҳирахон АЛИШЕРЖОНОВА, “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти