“Аслида Аллоҳ таоло инсон зотини табиатан соғлом, мукаммал яратади, лекин афсуски, аввало одам боласининг ўзи, қолаверса, носоз муҳит бу мукаммалликни бузади, одамзод кўп жойларда, таассуфки, нафс, кибр-ҳаво, жаҳолатга берилиб, ўзини ўзи турли балоларга гирифтор қилади”.
 
Ислом КАРИМОВ
 
Маълумотларга қараганда, ер юзи аҳолиси­­нинг 500 миллиондан ортиғи гиёҳ­вандлик касалидан азоб чекмоқда. Афсуски, уларнинг кўпчилигини 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Ҳар йили гиёҳвандлик оқибатида 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Жиноятларнинг 57 фоизини айнан гиёҳвандлар содир этади. Динимизда ҳам инсон ақл-ҳушини олиб, соғлигига зарар етказадиган ҳар қандай модда истеъмоли қатъий қораланади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир ҳадиси шарифларида: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам ўша нарса билан азобланади”, деганлар. Гиёҳвандликка чалинган киши бора-бора ўз жонига қасд этиш билан ҳаётига якун ясайди. Мазкур иллатга кўпроқ иродаси заиф, имон-эътиқоди суст, мустақил фикрга эга бўлмаган кишилар мубтало бўлаётгани сир эмас. Бу дунёни фақат роҳат ва лаззат манбаи деб тасаввур этадиган айрим ёшлар “Сен ҳам йигитмисан, бир марта татиб кўр!” дейилганда нафсини тийишга иродаси етмайди. Бора-бора гиёҳвандликка ўрганиб, дастлаб сархуш қилган лаззат оғу ва заҳарга айланади. Олдинига унга келтиришган бўлса, энди ўзи уни қидирадиган бўлиб қолади. Гиёҳвандлик оқибатида ўзи, оиласи ва гулдай фарзандлари ҳаётини заҳар-заққумга айлантиради. Ҳатто ишидан ҳайдалиб, пули тугаб, гиёҳванд моддани сотиб ололмаганидан кейин, кўп ҳолларда турли жиноят кўчаларига кириб кетади. Ота-онанинг эл-юрт олдида боши эгилади. 
 
Бир нуфузли хонадоннинг “эркатойи” меҳ­мондан келди, нафаси етмай бўғилаётганидан шикоят қилди. Дори ё сув беришга ҳам улгуришмади. Шу ҳолда ерга йиқилдию жон берди. Ўлимига гиёҳванд моддасини кўп миқдорда истеъмол қилгани сабаб бўлди. Фарзандини тупроққа топширган бечора ота куйиб-ўртаниб қандли диабет касалини орттириб олди. Орадан ҳеч қанча ўтмай ёруғ дунёни тарк этди. Ўлаётиб ўзини айблаб, мол-дунёга ҳирс қўйибман-у, боламнинг тарбияси билан ишим бўлмабди, деб афсусланди...
 
Кўп хонадонлар таг-тугини сўраб-суриштир­май гулдай қизини гиёҳванд йигитга турмушга узатиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Ота-она қизим борган жойида бахтли бўлсин, тош қотсин, деб бор топган-тутганини сарфлайди. Афсуски, гиёҳванд куёв келин бисотидаги қимматбаҳо буюмларни совуриб юборади. Буни билганда ҳам қизнинг ота-онаси ортиқча можарони хоҳламай, индашмайди.
 
Бу – масаланинг ижтимоий-маънавий томони. Гиёҳвандлик инсоннинг жисмига ҳам беқиёс зарар етказувчи оғудир. Бу балога гирифтор бўлганлар жаҳлдор бўлиб қолади. Ўпкаси яллиғланади, қон тупурадиган ҳолатгача етиб боради. Дозанинг ошиши кўпинча нафас йўлларини беркитиб, ўлимга олиб боради. Гиёҳванд модда юракка хуруж қилиб, артериал қон босимини кескин кўтаради, юрак уриш ритми бузилиб, оқибатда инфарктга йўлиқтиради. Иштаҳа суса­йиб, таъм сезиш йўқолади, овқат ҳазм қилиш жараёни бузилади. Гиёҳвандлар терисидан қўланса ҳид чиқиб, ранг-рўйи синиқади, иммунитети тушади, ўткир гепатит, ОИТС инфекцияси вируслари билан зарарланади ва умрини эрта тугатади.
 
Ислом динида жонни, молни, ақлни ва наслни сақлаш буюрилган. Гиёҳвандлик эса инсон танаси ва руҳини издан чиқаради. Бу иллат сабабли носоғлом, майиб-мажруҳ болалар туғилиши кўпаяди. Жисмонан соғлом ва маънан баркамол авлодлар туғилиши ва жамиятимизда муносиб ўрин топишига тўсиқ бўладиган гиёҳвандликнинг олдини олишда ҳар биримиз жавобгарлик ҳисси билан яшасак, бу кушанданинг таг-томирини қуритишга ҳисса қўшган бўламиз.
 
Назирахон ШАЙХОВА, 
тиббиёт фанлари номзоди