Одам савдоси бутун дунёни ташвишга солаётган муаммолардан биридир. 
Стастис­тик маълумотларга қараганда, жаҳонда ҳар йили миллионлаб кишилар одам савдоси­нинг қурбонига айланмоқда. Ачинарлиси шундаки, жабрланганларнинг 80 фоизини аёллар ва ёшлар ташкил этади.
 
Асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида муҳим чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, “Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция (1949), “Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида”ги қўшимча Конвенция (1956), “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида”ги конвенцияни тўлдирувчи “Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида”ги Баённома (2000) бу борада дастурий ҳужжат вазифасини ўтайди.
 
Одам савдосига қарши курашиш юзасидан давлатлар­аро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида бир қанча дастурлар қабул қилинди. Бироқ, кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар одам савдоси қурбонига айланмоқда. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда. 
 
Ислом дини ҳам одам савдоси каби ёмон иллатни қаттиқ қоралайди. Аксинча, динимизда қул озод қилиш савоб даражасига кўтарилган амаллардан биридир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қул озод қилишнинг фазилатини, бу амал дўзахдан қутилиш ва жаннатга киришга сабаб бўлишини таъкид­лаб: “Ким бир мўмин қулни озод қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир аъзоси эвазига бунинг аъзоларини дўзахдан озод қилади”, деганлар. 
 
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида фуқароларимизнинг турмуш шароити узлуксиз юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда. Бинобарин, мамлакатимиз Конституция­сининг 13-моддасига кўра, Ўзбекистон Респуб­ликасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисоб­ланади. 
 
Бироқ, олам муаммоси бўлган одам савдоси глобал жараён сифатида бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Одам савдосидан жабр кўрган ҳамюртларимизни муҳофаза этиш олдимизда турган долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
 
Ўзбекистоннинг Биринчи  Президенти Ислом Каримовнинг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (2008 йил 8 июл) фуқароларимиз ҳаёти ва саломатлиги, шаъни, қадр-қимматини жиноятчиларнинг тажовузларидан ҳимоя­лаб, инсон ва унинг ҳуқуқлари, манфаатлари энг олий қадрият, деган улуғ ғояни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан диққатга сазовор бўлган эди.
 
Одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина ижобий самара беради.
 
Ражабали НОРҚЎЧҚОРОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили ўринбосари