Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
 
Бугунги кунда ёшларни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиб тарбиялаш масаласи муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йўлда барчамиз ҳамкорлик қилишимиз зарурдир. Динимизда ёшларнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
 
Аллоҳга шукрки, ҳукуматимиз томонидан ёш авлод тарбияси йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, шу йил 12 январда муҳтарам Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойишлари эълон қилинди. Бу Фармойишдаги долзарб вазифаларнинг адо этилиши ёшларнинг комил инсон бўлиб шаклланишида асосий омил бўлиб хизмат қилади. Фармойишда амалга оширилган ишлар кўрсатиб ўтилиши билан бирга, ушбу муҳим соҳа ривожи билан боғлиқ аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда бир қатор муаммолар мавжудлиги қайд этилган.
 
Бугун ёшлар ҳаётида интернет тармоғининг ўрни жуда катта бўлмоқда. Ҳозир бирор-бир хабарни оламга ёйишда, керакли саволларга жавоб топишда, бир сўз билан айтганда, ёшларнинг эҳтиёжларини қондиришда компьютер ва интернет асосий хизматчига айланди. Аммо танганинг икки томони бўлгани каби интернетдан тўғри фойдаланмасликнинг ҳам салбий жиҳатлари бор.
 
Ҳозирги тезкор ва таҳликали замонда қора ният­ли кимсалар ўзларининг ботил эътиқодларини тарғиб этиш пайида бўлишаётганини унутмаслигимиз керак. Шунинг учун ҳам айни замонда ёшларни ёт ғоя ва таҳдидлардан асраш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу йўналишда ҳукуматимиз томонидан пухта ўйланган дастурлар ишлаб чиқилди. Жумладан, шу йил 4 февралда тасдиқланган Вазирлар Маҳкамасининг Дастурида “Интернетда соғлом диний-маърифий тарғибот фаолиятини ташкил этиш ва ахборот хуружларининг олдини олиш” борасида қўлланма ва адабиётлар чоп этиш ҳамда уларни ўқув юртларига етказиш вазифалари алоҳида белгилаб қўйилди.
 
“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли асар ҳукуматимиз топшириқларига ҳозиржавоб уламоларимиз томонидан ўз вақтида тайёрланган муҳим қўлланма бўлди. Шундай ҳозиржавобликни диний идора томонидан чоп этилган ёшлар тарбиясига оид “Оилада фарзанд тарбияси” китоби ҳамда Ироқ ва Суриядаги жангарилар тўдасига раддия сифатида ёзилган “ИШИД фитнаси” асари мисолида ҳам кўриш мумкин. 
 
Имом-хатибларимиз маҳалла гузар­лари, олий ўқув юртлари ва мактаб-лицейлардаги учрашувларда ёшларни бузғунчи ғоя ва зарарли иллатлардан огоҳ этишда “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби дас­туриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
 
Ҳозир ёшларнинг аксарияти интернет тармоғидаги асоссиз маълумотларга алданиб қолишяпти. Мана шундай вазиятда биз дин пешволари ва ёшлар тарбиясига масъул мутасаддилар йигит-қизларимизга тўғри йўлни кўрсатишимиз, айрим ёшларнинг жоҳил кимсалар ортидан эргашиб, залолатга ботишининг олдини олишимиз зарур.
 
Бунда “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобида баён қилинган масалалар жуда ҳам қўл келади. Жумладан, бу асар огоҳликка чорловчи ояти карималарга «(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)» (Исро, 36) «...Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг» (Наҳл, 43) қатъий амал қилиш­га ундайди.
 
Она-Ватанимиз тараққиёти ҳамда ёшларимизнинг илмли ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрликларга жавобан ҳар доимгидан ҳам астойдил хизмат қилишимиз лозим. 
 
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва қўл остингиздагиларга масъулсиз”. Демак, ота-оналар, ёшлар таълим ва тарбияси билан шуғулланишга мутасадди бўлган кишилар бу ишга жавобгар эканликларини қалбдан ҳис қилмоқлари зарурдир.