Бугунги энг муҳим вазифаларимиздан бири ёш авлодни буюк аждодларимизга муносиб ворислар сифатида диний ва миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилишдан иборат. Ана шундай шарафли вазифани адо этишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби муҳим қўлланма вазифасини ўтайди.

Мазкур китобда интернет орқали амалга оширилаётган таҳдидлар, ёшлар онгига салбий таъсир этадиган бузғунчи ғоялар ва “оммавий маданият” ниқоби остидаги ахлоқсизликнинг салбий оқибатлари аниқ далиллар ва ҳаётий мисоллар асосида ёритилган. Айниқса, “Ғафлатда қолдим...”, “Юрагимнинг парчасидан айрилдим...” сарлавҳали воқеий ҳикоялар киши қалбини ларзага солиб, эҳтиёткорликка чорлайди. Китобда бундай аянчли ҳолатларнинг олдини олиш, таҳдидларга қарши курашиш ва ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш асослари илмий ва диний жиҳатдан баён этилган. Шунингдек, бузғунчи ғояларнинг асл қиёфаси ҳаётий фактлар, савол-жавоблар ва психологик тестлар орқали батафсил ифодаланиб, интернетдаги бемаъни ишларга муккасидан кетган шахсларнинг аянчли ҳолатлари таъсирчан суратларда акс эттирилган.

Ушбу асар муаллифнинг олдинги “Интернетга ин қурган ўргимчаклар”, “Ишид фитнаси” номли китоблари каби ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган бир пайтда халқимизга сув ва ҳаводек жуда ҳам зарур бўлган муҳим қўлланмадир. Бугун инсоннинг онгу шуури турли-туман ахборот хуружлари нишонига айланиб қолди. Бу каби хуружлардан ҳимояланишнинг бирдан-бир йўли соғлом фикр юритиш, атрофга ҳушёр назар ташлаш, ҳамиша огоҳ бўлишдир. Айниқса, ёшлар онгида маънавий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик, лоқайдлик, бепарволик каби иллатларни бартараф этиш энг муҳим вазифамиздир.

Турли бузғунчи фикрларга одамлар кўр-кўрона эргашиб кетишларида террорчиларга қўл келадиган “оломон психологияси” ҳамда “интернетдаги тарғибот-ташвиқот ишлари” катта таъсирга эга. Дунёнинг кўп ўлкаларида ичида бир қанча ақлсиз, илмсиз ва жоҳил инсонлар нима қилаётганини билмасдан, террорчи гуруҳлар ва оломоннинг чақириқлари таъсирида ҳиссиётга берилиб, ўз ихтиёри билан асло қилмайдиган оғир жиноятларга қўшилиб қоляпти. Бир онда қўли қон қотилга, тажовузкор исёнчига ва ғайриинсоний ишлар қила оладиган террорчига айланади. Ёлғиз ўзи тинч, хотиржам кўринган одам бир террорчи гуруҳга қўшилиб, бир уйга ўт қўйиши, корхонани вайрон этиши, ҳатто ўзини портлатиб бўлса ҳам одамларни ҳалок қилиши мумкин. Террорчилик ҳаракатларига қўшилаётган кишиларнинг кўпи ирода ва имони заиф бўлгани учун “оломон психологияси” таъсирида “манқуртлик” ҳолатига кириб қолади. Интернет ривожланган ҳозирги даврда дунёнинг исталган бурчагидан маълумот олиш ва маълумот узатиш бир лаҳзада амалга ошади. Бундан устамонлик билан фойдаланаётган ғаламис кимсалар интернет орқали ёшларни ўз домига тортмоқда. Ҳали яхши-ёмоннинг фарқига бормаган ёшлар, интернет ва ундаги маълумотларга қизиқиши туфайли уларнинг алдовларига ишониб қолмоқда. Ал-Қоида террорчи ташкилоти тарғибот ишларининг 99 фоизини интернет орқали амалга ошираётгани бунга аниқ исбот бўла олади.

Муаллиф асарда бузғунчиларнинг ёшларни авраш услубини бундай ёритади: “Ўргимчак тўри орқали нобакор кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда усталик билан иш тутмоқда. Ўзларини гўё ҳидоятга бошловчи сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмоқда. Аслида, ғаламисларнинг дин ва шариат ҳақида умуман хабари йўқ. Бундайлар аввал дину диёнат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уришмоқда”.

Ушбу асар мутолаасидан хулоса қилиб айтамизки, интернет орқали таҳдидлар авж олган бир пайтда, фарзандларимизни она-Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-бобларимиз ҳам амал қилган муқаддас Ислом динига садоқат руҳида тарбиялаш учун аввало уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур. Токи ёшларимиз миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни ҳам чуқур англайдиган, бузғунчилар кимлигини, уларнинг мақсади нималигини биладиган, алдовларига учмайдиган, замон билан ҳамнафас қадам ташлай оладиган етук инсонлар бўлиб етишсин. Ана шунда жоҳил кимсаларнинг тарғиботлари, биз учун мутлақо бегона ғоялари ҳам уларга таъсир ўтказолмайди.

 

Абдуллоҳ ТЎРАҚУЛОВ,

Қашқадарё вилояти вакиллиги

етакчи мутахассиси