Касални яширсанг, иситмаси ошкора қилади, дейдилар. Узоқ йиллар давомида ҳар йилги статистик маълумотларда қайд этиб келинган мудҳиш воқеа – ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ҳолатлар, рақамлар халққа чала-ярим айтилди. Воқелик юзаси ўраб-чирмаб қўйилгани билан, бу ижтимоий дард зўрайса зўрайдики, тузалмади. Ҳолбуки, ҳар қандай касаллигу муаммони имкон қадар тўлиқ бартараф этишнинг йўли – аввало уни эътироф этиш, қандай ҳолатда эканини таҳлилий ўрганиш, сабабларини аниқлаб, илмий-амалий тажрибалар асосида муолажа қилиш.

Республикамизда ўз жонига қасд этишнинг камаймаётгани, бундай фожиали йўлга, айниқса, аёл ва қизлар кўпроқ қадам қўйишаётгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги керак. Кейинги пайтда жамиятимиз ҳаётига дохил ҳар қандай воқеа, ҳодисалар ўз номи билан айтилаётир, муаммоларнинг ижтимоий сабаблари ўрганилиб, уларнинг ечимини топишни Юртбошимиз шахсан ўзлари долзарб вазифа қилиб қўймоқдалар.

Кишининг бу дунё бойликларига тенглаштириб бўлмайдиган бебаҳо бойлиги, ўз ҳаётига қасд қилиши ақлга сиғмайдиган ҳолат. “Бу ёруғ дунёда бош кўтариб юришга, яшашга азму ихтиёрингни чеклаб қўядиган нима бўлиши мумкин?” деган саволга халқ орасида аниқ ва равон жавоб бор: “Ҳаётда ўлимдан бошқа ҳамма мушкулотларнинг ечими топилади”. Унда... нима учун?.. – бу саволга жавобни фарғоналик фаол аёллар билан ҳамфикрликда топишга ҳаракат қилдик.

– Мен 52 йилдан буён маҳаллада маслаҳатчиман, шу билан бирга, Қўқон шаҳар “Маърифатпарвар аёллар” кенгашига раҳбарлик қиламан, – деб мулоқотни бошлаб берди Шаҳрихон опа Маҳмудова. – Кейинги пайтларда ўз жонига қасд қилиш иллати ёш танламай қўйгани жуда ташвишли ҳолат. Илгари айрим қизлар ёшлик қилиб, сабрсизлик оқибатида, ҳиссиётларига берилиб... масалан, севгисига етолмагани учун ёки муаммосини ҳал этолмай, ёки кимгадир турмушга чиқишни хоҳламаганидан ўз жонига қасд қиларди. Бундан бир неча йил муқаддам тиббиёт коллежининг ўқувчиси, ота-онасининг ягона қизи тўйи арафасида сирка ичиб қўйди. Тезкор ҳаракатлар, шифокорларнинг уринишлари билан унинг ҳаёти сақлаб қолинди. Кейин суҳбатда билдимки, қиз бир йигитни севиб қолган, лекин айтолмаган. Уни бошқа йигитга узатишмоқчи бўлгани учун “яшашни истамай қолдим. Онамга айтишга қўрқдим”, деди. “Қизим, шуни маҳаллага чиқиб менга ёки холаларингнинг қизига айтсанг бўларди-ку”, десам, “Қўрқдим”, деди яна у. Кўряпсизми, бу фожиа, биринчидан, қиз онгида инсон ҳаётида юз бериши мумкин бўлган баъзи ҳолатлар табиий эканини, уларни ҳаммага овоза қилинмаса-да, яқин одамларига айтиб маслаҳатлашиш кераклиги тўғрисида  тушунча, ишонч бўлмагани; яна энг муҳими, қиз билан онаси ўртасида маънан яқинлик йўқлиги боис юз берди. Кейинчалик муаммо ижобий ҳал бўлди: ўша йигит ва унинг ота-онаси қизни тушунишди, муҳаббатини қадрлашди, тўй ҳам бўлди. Тўй арафасида гаплашганимизда, қиз ота-онасининг бошини эгиб қўйганидан, ўз соғлигини анча йўқотганидан жуда пушаймон эканини айтганди. Қизнинг онаси доим иш билан банд бўлиб, боласининг қалбидан нималар кечаётгани билан умуман иши бўлмаганини тан олди: “Ишдан келаман, овқатим пиширилган, уй-жой йиғиштирилган, ҳовли супурилган – менга фақат ана шулар керак эди...”

Ҳозирги кунда миллатимизнинг энг оғриқли муаммоларидан бири бўлган ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ ҳисобланади. Бунинг олдини олиш учун ота-оналар фарзандида сабр-тоқат, матонат, борига шукроналик фазилатларини тарбиялаб борганлар.

Айримлар оилавий келишмовчиликлар, ажримларни чорасиз ҳолат деб қабул қиладилар, шу туфайли ўз жонига қасд этади. Тан оладиган бўлсак, аксариятимиз сўзда ота-оналаримизни қанчалар эъзозлаб, улуғлаганимиз билан, амалда ўғил-қизларимизга кўп ва хўб ғамхўрликлар қиламиз. Лекин шунга қарамай, баъзан риё, сохта обрў кўйига кириб, уларнинг ризқу насибасини қирқиб қўямиз. Бу фикримга далилларим бор: Данғоритумани Урганжи қишлоғида 6-синф ўқувчиси ўзини осиб қўйди. Сабаби – онаси уйида “гап” бермоқчи бўлиб, сархил меваларни музлаткичга қўйган экан. Қиз ундан олиб еб қўйибди, “Мен “гап”имга олиб қўйган мевалардан нега сўрамасдан еб қўйдинг?” деб урган. Шундан кейин қиз оғилга кириб... “Қизим гапимни бундай қаттиқ қабул қилади, деб ўйламагандим”, дейди она. Ахир, ўша маҳсулотни аввал болаларига бермайдими? Бола-да, егиси келган. Ўзи ёлғиз қиз экан...

...39 ёшли аёл қизини узатишда яхши сеп, мебеллар қилиш учун бировдан катта миқдорда пул қарз олган экан. Тўйдан кейин қарзни узиш учун ишлаб пул топиб келиш ниятида хорижга кетган, лекин у ерда иши юришмаган. Қишлоққа қайтиб келиб, “Эл орасида қандай бош кўтариб юраман”, деб ўзини осиб қўйибди...

...бир қиз синфдошлари “сен хунуксан” деганлари учун ўзини-ўзи... хуллас, ҳали ҳовури босилмаган, юракни музлатиб юборадиган бу каби воқеалар, афсуски, оз эмас. Лекин мушоҳада юритадиган бўлсак, уларнинг ечими қийин ва мураккаб эмас, имконияти топиладиган, ақл ва ҳушёрлик билан ҳал бўладиган сабаблар билан боғлиқ эканини сиз азиз ўқувчи ҳам қалбингиздан ўтказаётган бўлсангиз керак. Бир гап билан айтганда, тирикликнинг синовлари инсоннинг ўз жонига қасд қилиб икки дунёсига ўт қўйиши учун эмас, балки сабр-бардош ва Аллоҳга таваккул ҳамда савоблардан умидворлик билан хайрли йўлларга қадам қўйиш учун берилади!

Инсоннинг ўз ихтиёри билан ўзини ҳалокатга ташлашини Аллоҳ таоло томонидан тақиқлаган:«Аллоҳ йўлида (бойликларингиздан) сарфлангиз ва ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз. (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради»(Бақара, 195); Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади”(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти) деб умматларини қайтарган энг ёмон ишдир.

Турли ёшдаги, аҳолининг турли қатламига мансуб бўлган, билим ва дунёқарашлари ҳам турфа инсонлар билан юз берган бу ҳолатларнинг таҳлили, хулосалари ҳам ўзига хос бўлади. Лекин эътибор қаратсак, бу ижтимоий дард сабабларининг умумий жиҳатлари ҳам бор: иродаси бўш, сабр-қаноати мустаҳкам бўлмаган, борига шукр қилишни билмаган одамлар ўткинчи ҳис-туйғулар таъсирида муаммоларининг чораси ўлим деб биладилар. Аксарият бундай ҳолатларнинг юз беришига ўзаро жуда яқин (онаю бола, эру хотин, дугоналар, ота билан бола каби) кишиларнинг бир-бирини тушунмаслиги, бир-бирларининг дилини оғритиб қўйишлари, меҳрсизликлари сабаб бўлмоқдаки, бу фикрни ҳаётий мисоллар ҳам тасдиқлайди.

Расулуллоҳ (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Мўминларнинг бир-бирларига бўлган дўстликлари, раҳмли бўлишлари, меҳрибонликлари худди жасадга ўхшайди. Агар ундан бирор аъзо оғриса, жасаднинг бошқа аъзолари бедор бўлиб, иситмага мубтало булади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бир-биримизга қалбан яқин, эътиборли, меҳр-мурувватли, ҳушёр, оқибатли бўлайлик. Зеро, икки дунё саодатига сабабчи бўладиган эзгу мақсадларимизга аввало ёнимиздаги, атрофимиздаги қондош-қариндошларни, ёру биродарларни, юртдошларни қувонтириш, розилигини олиш, қўллаб-қувватлаш, кўнглини кўтариш, оғирини енгил қилиш, билиб-билмай йўл қўйган хато-камчиликларини кечириб юбориш орқали эришамиз, иншоаллоҳ.