Мусулмон бўлиб туғилишнинг ўзи кифоя эмас.

Болалигимда ёшимга нисбатан зийракроқ эдим. Атрофдаги жамики воқеа-ҳодисаларга ўз фикримни билдиришга, мабодо тушуниши оғир савол туғилса, бошқалардан сўраб жавоб топишга уринардим.

Сиз, азизларга бу воқеани сўзлаб беришни лозим топганим, орамизда фолга суяниб қолганлар борлиги сабабдир. Бу хурофотнинг қанчалик ёмонлигини баъзилар ҳали ҳам англаётгани йўқ. Боласи йўталиб қолса, қизига совчи келмай қолса, ҳаттоки ишида муаммо чиқиб қолса ҳам фолбинга қараб чопади. Аслида бунинг оқибати қанчалик ёмон иш экани, дўзахга етаклаши муқаррарлигини тан олгиси келмайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларни: “Фол чўплардан қисматингизни исташингиз (ҳаром қилинди). Бу ишингиз фосиқликдир (Моида сураси, 3-оят), дея огоҳлантириб қўйибди.

Куним уйда қуйидагича ўтарди: эрта азон туриб ҳовлиларни супуриб бомдод намозини ўқирдим. Уйимиздан саҳарлаб одамларнинг кети узилмасди. Улар “китоб очиришга”, яъни фол очдиришга келишарди. Мен эса ўз навбатини кутиб турганларга чой қуйиб турардим. Онажоним увада бир китобни қўлига олиб “фол” очарди. Келганларнинг тахминан 40 фоизи касалманд, 30 фоизи моли, қўйи, машинаси (барча турдаги уловлар) ёки қимматбаҳо нарсаларини йўқотганлар, 10 фоизи бахтини излаганлар, 20 фоизи иши юришмаган одамлар эди. Мен бу нарсага роса қизиқиб қолдим. Бир кун савол туғилди: “Ўша китобчада наҳотки, ҳамманинг тақдири ёзилган?” деб онамнинг хонасига кириб ўша эски китобчани варақладим.

Мен араб алифбосида ўқишни билардим. Чунки 6 ёшимдан бошлаб бир илмли аёлдан илм ола бошлаганман. Ўша кезлар Қуръони карим сураларини ёдлаётган эдим. Не кўз билан кўрайки, инсонлар тақдирини айтиб бераётган китоб ичида Қуръон оятлари ёзилган эди.

Кўпчилик инсонлар “ҳожатини” чиқараётган онамнинг одатини негадир яхши эмас деб ўйлай бошладим. Устозим менга бу ҳақда ҳеч нарса гапирмаса-да, у кишининг хатти-ҳаракатларидан негадир онамнинг “касби-кори”га нисбатан зидликни юрагим сеза бошлади. Шу ондан бошлаб менда яна савол туғилди: онам одамларнинг ҳожатини чиқармоқда, йўқолган нарсаларини топиб берса; ўлим тўшагида ётган касаллар бир “қора халас”идан шифо топиб кетаётган бўлса, бунинг нимаси ёмон? Аммо бу саволларимга ҳеч кимдан жавоб тополмадим. Бир куни илмли бир инсондан сўрадим: “Илтимос, менинг саволимга шундай жавоб берингки, қалбим таскин топсин. Онамнинг бу “яхшилиги, ҳожат чиқариши” қандайдир ғайри бир амал бўлиб сезилмоқда менга”, дедим. У инсон: “Мен сизга биргина жавоб айтишим мумкин. Бу амалдан қайтарилганмиз”, деди.

Ёшлик қилдимми, ё илмим камлигиданми жавобдан кўнглим тўлмади. Йиллар ўтди... жавоб йўқ.

Бир кун ҳаётимда шундай воқеа содир бўлдики, у кунни ҳеч қачон ёдимдан чиқармасам керак. Аллоҳ қалбимга энг тўғри жавобни солиб қўйди. Шу кундан онажонимни бу йўлдан қайтаришга киришдим. Пойтахтда ўқиганим сабабли уйда кам бўлардим. Онажоним: “Бўлди, бошқа фол очмайман”, дердилар-у, аммо ҳеч одатларини ташламасдилар. Оқибати яхши эмаслиги, Аллоҳ таоло тақиқлаган хурофот амал эканини тушунтирсам-да, фойда бўлмади. Кейин бошқача йўл тута бошладим. Уйга келганлар билан астойдил суҳбатлашдим. “Нимага келдингиз, бу ишларда хайр йўқ, нажот фақат Аллоҳдан, илтимос, бошқа фол очирманг, онам бу ишларнинг гуноҳлигини англадилар, фол очган ҳам, фолбинга борган ҳам бир хил гуноҳкордир”, дердим уларга. Сўзларимни тинглаганларнинг кўпчилиги тўғри англаса-да, баъзилари “майли, бошқа фолбинга борарман”, деб хафа бўлиб қайтиб кетарди. Туққан онамнинг амалини гуноҳ дейишим эса баъзиларни ажаблантирар эди.

Хуллас, онамни қўлимдан келганча қайтаришга ҳаракат қилдим. Уйдаги хурофот амалларни бажаришга керак бўладиган аслаҳалари: чилдирмаси ва “чилтан тоши” бор эди. Мен чилтан тошини ҳовлига улоқтирдим. Атрофдаги яқинларим “бекор қилдинг, энди чилтанлар оғзингни, ёки юзингни қийшайтириб кетади, дарҳол жойига қўй”, дейишди. Мен эса: “Йўқ, бундай беҳуда гаплардан қўрқмайман, уларни ҳам мен сиғинган Аллоҳ яратган. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Унинг қудрати чексиздир”, дедим ўшанда.

Кунлар ўтди, яқинларим хавотирда: энди нимадир содир бўлади, деган ваҳимада эдилар. Ҳеч нарса қилмади, онам эса яна бошқа тош олиб ўз маросимларини ўтказиб юраверди. Аммо ҳеч қачон онамга қўпол муомалада бўлмаганман. Табиатан кўнгилчан, қўлидаги нонини ҳам бировга бериб юборадиган ўта сахий онамни қутқариш учун дуодан бошқа чорам қолмаган эди.

“Аллоҳим, онамга ҳидоятингни кетмас қилиб бер, мени ёшлигимда қандай меҳрибончилик қилиб ўстирган бўлса, Сен ҳам унга меҳрибонлик қил. Сенга ва ота-онамга шукр қиламан”.

Бир куни намозни тугатиб, жойнамоз устида тасбеҳ ўгириб ўтирсам, ўнгимда бўлдими, рўёда кўрдимми, англай олмай қолдим – саждагоҳим устида онамнинг шиддатли олов ичида гуриллаб ёнаётганини кўрдим. Ғайритабиий тезликда олдинга интилиб, онажонимни оловдан чиқариб оламан дея қўлларимни чўздим. Аммо қўлим етмади. Сесканиб кетдим. ҳушим ўзимга қайтди чоғи, қарасам, кўз ёшларим жойнамозни ҳўл қилиб юборибди.  

Мубина ИХЛОСОВА