"Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!" мақоласини ўқиб...

 

“Ислом нури" газетасининг 2012 йилдаги 11-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг "Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!" номли мақоласи эълон қилинди. Унда чаласавод, яъни диний ва дунёвий илмларни эгалламаган айрим кимсаларнинг билиб-билмай диний вазифаларни бажаришга уринишларининг салбий оқибатлари тўғрисидаги маълумотлар келтирилган. Шунингдек, бугунги кун имомлари қандай бўлишлиги ва уларнинг олдида турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритилган. Мана шу мақолани синчковлик билан ўқиб, жуда таъсирландим ва фатво бериш масъулияти ҳақидаги мулоҳазаларни баён қилишни лозим топдим.

Фатво – бирон-бир масаланинг шаръий ҳукмини тушунтириш, унинг ечимини топиш маъносини билдиради. Фатво ҳалол ва ҳаром, савоб ва гуноҳ каби масалалар билан боғлиқ бўлгани сабабли унинг масъулияти ва жавобгарлиги каттадир. Тўғри фатво бериш орқали одамларни яхши ишларга йўллаш, ёмонликдан қайтариш савобли иш. Бироқ илмсиз, асоссиз нотўғри фатво бериш ҳам шунчалик хатарлидир. Бу борада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Фатвога журъатлиларингиз дўзахга журъатли бўлганларингиздир", деганлар (Имом Доримий ривояти).

Яъни, воқеликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан журъат билан фатво беришдан қайтарганлар. Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган.

Имом Моликнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) устозлари бўлган Робиа ибн Абдураҳмонни йиғлаган ҳолда кўриб, ундан бунинг сабабини сўрашганида, у кишилар диний-ҳуқуқий саволларни билими бўлмаган шахслардан сўрашаётганини кўрганлиги, бу ҳолат Исломда катта хатар пайдо бўлганидан дарак беришини таъкидлаган экан.

Фатво бериш масаласида ҳар бир масъул киши етти ўлчаб бир кесиши керак бўлади.

Савол берилганида жавоб берувчи одам масаланинг ечимини аниқ билмаса, уни аввал китоблардан кўриб ёки ўзидан илмли кишилардан сўраб ке­йин жавоб бериши керак. Оламлар сарвари Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирон савол берилса ҳали бу масала у зотга Аллоҳ томонидан баён қилинмаган бўлса, ваҳий тушишини кутар эдилар. У зот ҳеч қачон хаёлларига келган нарсани одамларга айтмаганлар.

Минг афсуслар бўлсин, ҳозирда айрим чаласавод кимсалар фатво бериш, одамлардан тушган саволларга жавоб қайтаришни ҳурмат қозониш воситаси деб билмоқда. Холбуки, фатво масъулияти жуда оғир. Зеро, бирон киши одамларга тўғри фатво берса, унинг фатвосига эргашган кишилар қилган амаллари савоби фатво берган одамга ҳам берилади. Ўз нав­батида нотўғри, илмсиз ҳолда берилган фатвонинг гуноҳи амал қилганларга эмас, фақат фатво берувчининг ўзига ёзилади. Устига-устак нотўғ­ри фатво асосида қилинган хато ишнинг зарари кўпчиликка тегади.

Савол туғилади. Киши ҳажга бориб, ҳожи бўлса, фатво бериши мумкинми? Агар биргина ҳаж қилиш билан шаръий илмларни эгаллаш мумкин бўлса, илм олишдан осон нарса бўлмасди дунёда. Давраларда тўрга ўтирган одам ким бўлишидан қатъи назар одамларга маъруза қилиши керакми? Аслини олганда, тўрга ўтириш мансаб эмас, фатво бериш кишига обрў келтирмайди. Ёки бир-икки китобни ўқиб қўйиб ё бўлмаса уч-тўрт ҳадисни чала ёдлаб олган одам фатво бериши мумкинми!?

Фатво бериш катта масъулият. Фатвога ҳақли бўлиш учун Қуръони карим аҳкомлари, ҳадиси шариф ва мужтаҳид уламолар томонидан чиқарилган қоидаларни яхши билиш, фиқҳ, усул фиқҳ кабиларни, Исломнинг моҳиятини англаб етиш, ақл-идрокли, фаҳм-фаросатли, қолаверса, ўзи яшаб турган жойнинг шарт-шароити, ҳолати ва расм-русумларини яхши билиш талаб этилади.

Ўтмишда ўтган уламо зотлардан фатво сўралганида улар, "билмайман" дейишдан уялмаганлар, кибр қилишмаган. Бу билан одамлар "у олим эмас экан", "ҳеч нарсани билмас экан", деб маломат ҳам қилишмаган.

Хулоса қиладиган бўлсак, фатво бериш шундай масъулиятлики, одамларга бирон масаланинг жавобини айтиш, савол берганларга жавоб қайтаришда жуда эҳтиёткор бўлиш талаб этилади. Зеро, ким фатво беришга шошилса, фатво бериш орқали обрў-эътибор қозониш ёки одамлардан мақтов ва олқиш эшитиш илинжида бўлса, ҳадисда айтилганидек, бундай кимсалар ўзини дўзах ўтига отган бўлади.

Бу каби салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ихтилофларнинг олдини олиш биринчи навбатда уламоларнинг, қолаверса барчамизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади.

 

Одил қори ИСМОИЛОВ,

Шайхонтаҳур тумани бош имоми