Айдарбек ТУЛЕПОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

2012 йил 31 август куни Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” майдонида Президентимиз уламолар, нуроний отахонлар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимиздаги осойишталикни қўшни ва араб давлатларида бўлаётган нотинчликлар мисолида теран англаш ҳамда бу борада уламолар, имом-хатибларининг вазифалари тўғрисида алоҳида тўхталдилар.

Давлатимиз раҳбарининг “Имом-хатибларнинг ён-атрофимизда бўлаётган ўзгаришларни чуқур англаб, халқимизга теран тушунтириб бериш борасидаги долзарб вазифаларини жуда юқори баҳолайман”, деган гаплари шахсан мени ниҳоятда тўлқинлантирди ва янада жадалроқ, самаралироқ меҳнат қилишга рағбат уйғотди. Ушбу масала юзасидан қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдириш ва имом-хатибларга зарур тавсиялар беришни лозим деб топдим.

Энг улуғ неъмат

Истиқлол боис мўмин-мусулмонлар барча диний ибодатларини эмин-эркин адо этаётганлари улкан бахт ва олий саодатдир. Ўтган йиллар мобайнида дин соҳасида жуда катта ишлар қилинди. Ҳукуматимизнинг узоқни кўзлаб, олиб бораётган оқилона сиёсати сабаб, мураккаб ва шарафли йўлларни босиб, юқори натижаларга эришилди.

Мустақиллик шарофати билан халқимизнинг маънавияти ва диний қадриятлари қайта тикланди. Мустабид тузум даврида қатағон қилинган юзлаб юртдошларимиз, Ватанимизнинг фидойи фарзандлари хотираси абадийлаштирилди.

Энг улуғ ва энг азиз – Мустақиллик байрами олдидан бугунги нурафшон кунларга етишувимиз, Ватан озодлиги, юрт тараққиёти йўлида жон фидо қилган аждодларимизни хотирлаш, уларнинг руҳи покларини шод этиш мақсадида, 2001 йилдан буён 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида мамлакатимизда кенг нишонланмоқда.

Бундай муборак масканларни зиёрат қилиш киши руҳини қувватлайди, яхшиликнинг умри абадий экани ҳақида ўйлашга ундайди. Шундай зиёратгоҳлар ва қадамжолар бугунги тинч ва хотиржам ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка оғир синовлар ва машаққатлар эвазига эришганимизни ёш авлоднинг қалби ва онгига янада чуқурроқ сингдиришга хизмат қиладиган маънавият ва маърифат масканларидир.

Шу боис мустақиллигимизни кўз қорачиғидай асрашимиз, Ватанга садоқат сингари тушунчаларни ёшларимиз онгига сингдиришимиз керак. Улар оқни қорадан, ҳақни ноҳақдан, ҳалолликни нопокликдан ажрата олсин. Зеро, бундай таълимотлар онгига муҳрланган, дунёқараши кенг, ҳар жиҳатдан билимли, зукко, ҳамиша огоҳ авлодни ғанимлар енголмайди.

Дарҳақиқат, динимиз тинчликни бебаҳо неъмат деб улуғлайди. Шунинг учун ҳам, Қуръони карим оятлари кўп бора тинчликка даъват қилади. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!..”(Бақара, 208). Оятдаги “ёппасига” сўзи тафсир китобларида келтирилишича, бир томондан, барча инсонлар аҳилликда тинчлик йўлини тутишлари кераклиги, иккинчи томондан эса, уни барқарор қилиш учун барча ҳисса қўшиши зарурлигини билдиради.

Шу билан бирга, Аллоҳ таолонинг “У (ер)га соғ-саломат, тинч-омон кирингиз!” (Ҳижр, 46), деган оятида жаннат аҳлининг абадий ҳаёти тинчлик, осудалик ва саломатликда бўлиши таъкидланган. Демак, бу оят бизга тинчлик ва омонлик нафақат бу дунёда қадрли, балки жаннатда ҳам жуда улуғ неъмат эканини ҳамда Ер юзи инсонлар учун фаровон, ўзаро тотув ва ҳамжиҳат яшаши учун яратилганини билдиради.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида: “Икки неъмат борки, кўпчилик унинг қадрига етмайди. Улар тинчлик-хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”, дейилади. Ушбу ҳадис Аллоҳ таолонинг улуғ неъматлари – тинчлик-хотиржамликнинг қадрига етиш, ҳушёр ва эътиборли бўлишга чақиради. Зеро, лоқайдлик, эътиборсизлик, бефарқлик, ношукрчилик эмас, балки берилган неъматни эътироф этиш, унинг қадрига етиш, эъзозлаш, асраб-авайлаш шукроналикнинг асл моҳиятини ташкил этади.

Юртда осойишталикни таъминлаш учун сабр-матонат ва аҳил бўлиб яшашнинг ўрни жуда катта эканини Президентимиз мазкур мулоқотда қайд этиб ўтдилар. Бундай сўзлар муборак динимизнинг эзгу таълимотларига тўла мувофиқдир. Қуръон каримда шундай дейилади: “Аллоҳга ва расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур”. Сабр қилинглар, албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Анфол, 46).

Муфассирлар ушбу оятга қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам келтирганлар: “Менинг умматим ёппасига адашиб, залолатга тушиб қолмайди. Қачонки, улар орасида қарама-қаршиликликни кўрсангиз, сизлар кўпчилик томонда бўлингиз!” (Имом Термизий ривояти), – дейилган.

Кўриниб турибдики, Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар инсонларни ҳеч қачон бўлиниб яшашга, ўзаро ихтилоф қилиб, адоватда бўлишга чақирмас экан. Балки кишиларни бирдамликка чақириб, тарихдаги нохуш воқеалардан ибрат олишга, қилинган хатоларни қайтармасликка тарғиб қилади.

 

Имом-хатибларга тавсиялар

Шу йил 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” майдонида Юртбошимиз уламолар, нуроний отахонлар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқлар, эл-юртимиз ҳаёти, одамларимизнинг онгу тафаккурида рўй берган ўзгаришлар, жаҳондаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазият тўғрисида суҳбатлашдилар. Ушбу мулоқотда муҳтарам Президентимиз билдирган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, имом-хатиблар қуйидаги вазифаларни бажариришни юксак вазифа деб ҳисоблайман:

Жума мавъизаларида бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида, хусусан, араб мамлакатларида содир бўлаётган нохуш воқеалар ва бундай фитналарнинг ортида қандай ғаразли кучлар турганини, бундай тартибсизликларнинг мўмин-мусулмонлар аҳиллигига салбий таъсири ҳар қандай оқил инсонларни катта ташвишга солиши ҳамда турли можаролар, қонли тўқнашувлар қайси мамлакатда рўй бермасин, ислом дини таълимотларига бутунлай зид эканини мўмин-мусулмонларга етказиш;

– Бундай воқеалар биздан узоқда, деб унга лоқайдлик билан қарамаслик, бундай бало бир мамлакат ёки минтақа доирасида чегараланиб қолмай, вақтида бартараф этилмаса, тобора кучайиб, бошқа мамлакат ва минтақаларга ҳам ёйилиши, шунинг учун дунёда бўлаётган воқеалардан ҳамиша огоҳ бўлиш, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши йўлида самарали иш олиб бориш;

– Мамлакатимиздаги тинчликдан хотиржамликка берилиш, огоҳлик ва сезгирликни бир зум бўлсада йўқотишга ҳеч кимнинг мутлақо ҳақи йўқлиги, осойишталикни асраб-авайлаш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси эмас, балки бутун халқимиз жипс бўлиб , ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши, “Ўз уйингни ўзинг асра”, деган ҳикматли ибора орқали тинчлик учун курашиш кераклигини, уни ташқаридан келиб ҳеч ким таъминлаб бермаслигини ёшларимизга ҳартарафлама ўқтириш;

– Халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиш, дунёнинг турли мамлакатларида кечаётган ўзгаришлар, юз бераётган нохуш воқеалар хусусида, уларнинг асл сабабларини тушунтириб боришда имом-хатибларнинг ҳам ўрни ва аҳамияти катта бўлиши зарур;

– Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, бугунги имом-хатиблар илмий-амалий салоҳияти, яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш услублари, воситалари жиҳатидан бундан 15-20 йил олдингиларидан жиддий фарқ қилиши керак. Изланиш ва ҳаракатдан тўхтаган имом, замондан орқада қолиши аниқ. Шунинг учун ҳам имомлар ўз устида мунтазам ишлаши, касб маҳорати, билим савиясини ошириб бориши зарур.

– Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро марказида ташкил этилган ўқувлар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги имом-хатиблар ҳам юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ён-атрофда содир бўлаётган ҳодисалардан доим хабардор бўлишлари ва бу ҳақдаги теран тушунчаларни намозхонларга мунтазам етказиб туришлари зарур;

– Имом Бухорий халқаро марказида таҳсил олган имом-хатиблар халқимиз, она-Ватанимизга қанчалик манфаатлари етаётгани ҳақида бир ўйлаб кўришлари керак. Энди улар фақат масжид фаолияти билан чекланиб қолмай, балки жамиятнинг барча маънавий-маърифий қатламларида фаол иштирок этишлари лозим;

– Мустабид тузум даврида имомларни бутунлай ижтимоий ҳаётдан суриб ташланган эди, бугун имом-хатибларга бўлган муносабат тубдан яхши томонга ўзгарди, уларга маърифат ва маънавият тарғиботчилари деб қаралаётганини чуқур англашлари, қадрлашлари керак;

– Кишиларни фақат тинчлик-хотиржамлик неъматига суянтириб қўймасдан, балки кенг жамоатчиликка баъзи давлатларда юз бераётган нотинчликларни мисоллар билан тушунтириб, огоҳликка чақириб, осойишталикнинг қадри нечоғлик улуғ экани ва бу неъматни кўз-қорачиғидай асрашга ҳар бир фуқаро масъул эканини англатиш. Шу билан бирга, неъматларга шукур қилишга тарғиб қилиш;

– Жойлардаги имом-хатибларнинг ойлик йиғилишларига тегишли соҳаларнинг етук мутахассисларидан унумли фойдаланиш мақсадида жалб этиш ва ҳар бир имом-хатибнинг ҳозирги ислоҳотлар жараёни ҳамда тинчлик-осойишталик ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдириши;

– Ҳаж ва умра сафарларига отланаётган имом-хатиблар ҳартомонлама пухта тайёргарлик кўришлари ва зиёратчиларга атрофлича тушунчалар беришлари ҳамда бу борада ҳукуматимиз яратиб бераётган қулайликларни ҳожиларга, кенг оммага тарғиб этиш;

– Қўшни давлатлардаги нотинчликлар, айниқса, мусулмонлар ўртасидаги ихтилофлар ва уларнинг сабабларини, зарарли оқибатларини халқимизга атрофлича тушунтириш;

Тинчлик-осойишталик бор жойда одамлар яхши яшайди, шукрона қилади. Шунингдек, тараққиёт ҳам, фаровон жамият ҳам осуда ҳаёт асосида бунёд бўлади.

Сўзимни муҳтарам Президентмизнинг қуйидаги мурожаатлари билан якунлайман: “Биз учун бебаҳо бойлик бўлмиш тинчлик ва осойишталикни, жамиятимиздаги меҳр-оқибат, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳамиша эътиборимиз марказида туриши лозимлигини асло унутмаслик керак”.