Ҳуқуқий онг ва маданиятга эга бўлиш – бугуннинг талаби. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, ҳуқуқий соҳага доир саволларга жавоб бериб боришни мақсад қилдик.

Бугунги кунда диний соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун қонунларда қандай ҳуқуқий жавобгарликлар бор?

Илк бор оддий бўлиб кўринган ҳар қандай қонунбузарлик катта салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувлик, диний бағрикенгликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, порлоқ келажак сари шахдам одимлаётган ёшларимизнинг тўғри йўлдан боришларини таъминлашда ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши керак. Шу мазмун-моҳиятдан келиб чиқиб, диний соҳада ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Қомусида, Қонунларда, Кодексларда қатъий белгиланган – биз билишимиз зарур бўлган моддалардан айримларини келтириб ўтамиз.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

18-модда: Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг­дирлар.

61-модда: Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фао­лиятига аралашмайди.

Ўзбекистон

Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонуни

3-модда: Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек, уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди.

5-модда: Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахс­лар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортилади.

8-модда: Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин юридик шахс мақомига эга бўлади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

9-модда: Хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади.

14-модда: Ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган манзилдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди.

 

Ўзбекистон

Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси

184-модда: Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ва фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш;

240-модда: Нолегал диний фаолият билан шуғулланиш, диний ташкилотлар раҳбарининг мазкур ташкилотлар уставини рўйхатдан ўтказишдан бош тортиши, диндорлар ва диний ташкилотлар аъзолари томонидан болалар ва ўсмирларнинг махсус йиғилишлари, шунингдек, диний маросимга алоқаси бўлмаган меҳнат, адабиёт ва бошқа хилдаги тўгараклар ҳамда гуруҳларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссионерлик фаолияти – Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра жавобгарликка олиб келади.

Ҳуқуқий жавобгарликлар ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб оғирлашади, яъни, амалдаги қонунчиликда жиддий ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик ҳам жазо назарда тутилади.

 

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси

159-модда: Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституция­га хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш;

244-1-модда: Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди, шунингдек, фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш;

244-2-модда: Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш;

244-3-модда: Диний мазмундаги материалларни тар­қатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатишда айбдор бўлган шахслар юқорида таъкидланганидек Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига асосан жавобгарликка тортиладилар.

 

Икром МАРДОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳуқуқшуноси