Айдарбек ТУЛЕПОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Қайси бир юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, ўша ерда тараққиёт бўлади. Бизнинг эришаётган ютуқларимиз замирида ҳам ана шу тинчлик-осойишталик ётади. Агар истиқлолнинг ўтган йигирма бир йилига назар ташласак, пойтахтимиз, вилоятлар марказлари, шаҳар, қишлоқларимиз, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли хонадонларда тўю томошалар, байраму шодиё­налар бўлмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона қилиш ва уларнинг қадрига етиш керак. Чунки бугунги кунда айрим юртлардаги нотинчликлар оқибатида бегуноҳ одамлар азият чекмоқда.

Маълумки, 2011 йил­­­нинг баҳор ойларида араб ўлкаларида бошланган низо ва қарама-қаршиликлар ҳали-ҳануз давом этмоқда. Бунинг оқибатида минглаб бегуноҳ одамлар қурбон бўлмоқда. Муқаддас динимизда ҳеч қандай гуноҳи, айби бўлмаган одамнинг ҳаётига зомин бўлиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди" (Моида, 32). Демак, минглаб бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлаётган кимсаларнинг гуноҳи улкандир.

Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом динига бутунлай зиддир. Бирор мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши асло мумкин эмас. Шунингдек, солиҳ киши бошқа одамларни жиноят содир қилишдан қайтаришга Аллоҳ таоло олдида масъулдир. Ҳар бир имонли кишининг бурчи - ер юзида бузғунчиликка йўл кўймаслик, дунёда фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириш учун ҳаракат қилишдан иборатдир.

 

ИЧКИ ВА ТАШҚИ САБАБЛАР

Жаҳондаги нотинч мамлакатлар, хусусан, айрим араб мамлакатларида содир этилаётган ғалаёнлар ва қўпорувчиликларнинг ички ва ташқи сабаблари бир неча омиллар билан изоҳланади:

Юз бераётган нохушликларнинг ички сабаблари асосан қуйидагилар:

Барқарорликни таъминлашга лоқайдлик, бепарволик билан қараш, бу борада тегишли маънавий-маърифий ва амалий ишларнинг амалга оширилмаганидир. Шунингдек, ёшларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, ота-она, оила ва жамият назоратидан четда қолдириш оқибатида, ёшлар ёвуз кучлар найрангларига алданиб қолишяпти.

Аҳоли орасида бой ва камбағалларнинг кескин табақаланиб кетиши, ишсизларга эътибор қаратмаслик ҳамда ижтимоий тадбирларнинг суст олиб борилиши асосий сабаблардан бири бўляпти.

Интернет тармоғидаги айрим сайтлар ушбу давлатларда тўс-тўполонларни авж олишига кўмаклашди. Чунки бундай сайт­ларга зимдан тинчликни издан чиқаришга даъват этадиган кўп материаллар жойлаштирилган ва бу йўналишдаги мулоқотлар мунтазам олиб борилган.

Энди ташқи кучлар таъсирига келсак, улар мамлакатдаги тайёр етилиб турган оғир вазиятга олов пуркаб, тўполонларни пайдо қилиб, ўз мақсадларини амалга ошириш учун қулай вақт келгунга қадар пайт пойлаб туришмоқда.

Ушбу манфур кучларнинг гаразли мақсадлари жуда кўп. Масалан, ғалаёнлар юз бераётган араб мамлакатларига назар солинса, уларнинг аксарияти табиий бойликлар, айниқса, нефт захираси кўп бўлган давлатлар экани аён бўлади. Бундан маълум бўладики, ташқи кучлар ана шу моддий бойликларни талон-тарож қилиш мақсадида ушбу нотинчликларни келтириб чиқараётганлари кундай равшан.

Барқарорликни издан чиқариш орқали бу мамлакатларни Аф­ғонистон каби нотинч ҳудудга, кимларнингдир ғараз мақсадига хизмат қиладиган майдонга айлантирилади. Оқибатда, бундай ҳудудлар гиёҳванд моддалар етиштириш, жиноятчи гуруҳлар учун макон ва ёвуз мақсадлар йўлида фойдаланадиган жой вазифасини ўтайди. Шунингдек, осойишталикка путур етиши натижасида, аҳолининг тинчлиги бузилади, қурбонлар бўлади ва мамлакатлар муаммолар исканжасида қолади. Қўшни давлатлар ҳам бундай вазиятлардан зарар кўради. Бунда инсоний сифатлардан маҳрум кимсаларгина "манфаат" топиши мумкин.

Бундай кучлар ўзларининг қора мақсадларига эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлса-да, тутаётган йўл ёки қилаётган ишлари бир хил – одамларнинг тинч ҳаётини издан чиқариш. Айниқса, баъзи бузғунчи гуруҳлар ўзларининг геосиёсий мақсадларига эришиши йўлида қатор ихтилоф ва кўнгилсизларни келтириб чиқармоқда. Халқимиздаги "бир кун жанжал бўлган уйда, қириқ кун барака кетади" деган нақлга биноан давлатни ҳам бир катта оила деб оладиган бўлсак, унинг иқтисодиёти бир неча йил ортга сурилади ва ўзини ўнглаб олиши учун жуда кўп йиллар керак бўлади. Мутахассислар энди ушбу мамлакатларда иқтисодиётни яхшилаш учун 25–30 йил керак бўлишини таъкидлашмокда.

Сўнгги йилларда жаҳон миқ­ёсида қора кучлар таъсир доирасини кенгайтириш, бойликларга эга бўлиш ёки мамлакатларни ўз измига тушириш йўлида бузғунчи ва террорчи кучлардан фойдаланиш ҳоллари яққол кўзга ташланмоқда. Улар бундай қабиҳ ниятларига етиш йўлида кенг халқ оммаси орасига ваҳима солиш, қўрқитиш ва зулм қилиш каби оғир гуноҳларга тап тортмасдан қўл урмоқда.

Ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралайди. Қуръони каримнинг "Наҳл" сураси 91-оятида бундай дейилади: "Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради".

Ислом дини инсон ҳаётига зомин бўлиш ва зулм қилишни қатъий ман этади. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодат билан машғул бўлганларни ўлдириш, шунингдек, уй-жой, иморат ва иншоотларни вайрон қилишдан тортиб ҳатто экинзору дарахтларни йўқ қилиш қатъий қораланган. Бунинг акси ўлароқ, айрим мамлакатлардаги бузғунчи кимсалар ғаразли мақсадлари йўлида Аллоҳ инъом этган инсон ҳаётига тажовуз қилиб, вайронгарчилик ишларини амалга оширлмокда.

Шубҳасиз, Исломда бегуноҳ инсон қонини тўкиш энг улкан гуноҳдир. Бугунги кунда минглаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган бузғунчилар энг катта зулм қилаётганлар бўлиб, уларни инсон қиёфасини йўқотган ваҳшийлар дейиш ўринлидир. Ноҳақ одам ўлдириш, бегуноҳ кишиларнинг қонини тўкиш нафақат Исломда, балки барча самовий динларда ҳам ман этилган. Соғлом ақлли, соф виждонли инсон буни инкор этмайди.

 


"Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида, хусусан, араб мам­­­лакатларида содир бўлаётган нохуш воқеа­лар ҳар қандай соғлом фикрли инсонларни чуқур ташвишга солади. Турли можаро­лар, ўзаро қарама-қаршиликлар, қон тўкилишлар жаҳоннинг қайси мамлакатида рўй бермасин, бундан кўнглимиз ғаш тортади. Дилни хира қиладиган бундай воқеалар биздан узоқда, деб унга лоқайд қараш хомхаёлликдир. Нега деганда, бундай бало бир мамлакат ёки минтақа доирасида чегараланиб қолмайди, вақтида бартараф этилмаса, тобора кучайиб, бошқа мамлакат ва минтақаларга ҳам ёйилиши мумкин. Шунинг учун дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан огоҳ бўлиш, она-Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи, эл-юрт тақдири, келажаги учун дахлдорлик туйғусини дилига жо қилмоғи даркор."

Ислом КАРИМОВ


 

Барчамизга маълумки, араб мамлакатларида содир этилаётган мудҳиш воқеалар натижасида бир неча минг бегуноҳ кишиларнинг қони тўкилди. Жиноятчи, тажовузкор кимсалар бу қилмишлари билан ўзларининг қанчалик оғир гуноҳга ботганларини билсалар эди. Бу ҳақда жаҳон мусулмон уламолари кенгаши Бош котиби Али Муҳ­йиддин Қорадоғийнинг қуйидаги фикрларини баён қилиш мақсадга мувофиқдир.

– Бегуноҳ, кишиларни қўрқитиш, уларни ўлдириш шаръан мутлақ мумкин эмас. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Биринчидан, Ислом дини бутун инсоният, барча оламлар учун ҳам раҳмат динидир. Қуръони каримнинг 340 дан ортиқ оятларида "раҳм" ва ундан ҳосил бўлган сўзлар келганини, шунингдек, 130 жойда "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим" муборак жумласи келганини кўрамиз. Мўмин банда ўзининг ҳар намозида мазкур калимани зикр қилади ва ҳар бир амалини Аллоҳ таолонинг ушбу сифатларини тилга олиб бошлайди. Парвардигор ушбу Муҳаммадий рисолатни нозил этишининг мақсади нафақат мусулмонларга, балки бутун одамзодга раҳматни ёйиш эди. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: "(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни, Аллоҳнинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик", дейди (Анбиё, 107). Иккинчидан, Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ таолонинг исм­ларидан бири "Ас-Салом"дир. Қуръон нозил бўлган кеча салом кечасидир. Бу хусусида Қуръони каримда: (кеча) то тонг отгунича тинчлик-омонликдир", – дейилади (Қадр, 5). Кўплаб ҳадислар мусулмон кишини, шунингдек, мусулмон юртда қонуний яшаётган бошқа шахсларни ҳам қўрқитиб бўлмаслигига далил бўлади. Табароний ривоят қилган ҳадисда: "Бирор кишига мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас", де­йилган.

 

НАЙРАНГЛАРГА УЧМАНГ!

Яқинда Муҳаммад пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сийратларини обрўсизлантиришга уринилган "Мусулмонлар гуноҳсизлиги" қисқаметражли филми тақдимотидан кейин кўп мамлакатларда норозилик чиқишлари бўлди. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида, бир неча кишилар азият чекди. Бунда халқлар ўртасидаги ўзаро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва меҳр-оқибат ришталарини узишга интилаётган фитначи кимсаларнинг қўли борлигини унутмаслик керак.

Акли теран ва соғлом фикр­ли инсон бундай пайтда қандай йўл тутишни жуда яхши билади. Айниқса, Ислом динининг асосий манбаларида бу борадаги ибратли воқеалар талайгина.

Раҳмат пайғамбари бўлган Расулуллоҳни (алайҳиссалом) обрўсизлантиришга интилган ҳар қандай инсон ёки гуруҳнинг саъй-ҳаракати умуман беҳудадир. Хусусан, мазкур филм ижодкорлари Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар қанча камситшига интилмасин, бу иши билан муборак динимизга ёки У зотнинг сийратларига заррача ҳам зиён етказа олмайди. Чунки Аллоҳ тао­ло Ислом дини ва таълимотларини ҳимоя қилиши ҳақида бундай деган: "Албатта, бу зикр­ни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчимиз" (Ҳижр, 9).

Пайғамбаримизни барчамиз яхши кўрамиз, У зотга муҳаббатимиз чексиз. Бироқ бундай ҳаракатларга нисбатан айрим давлатларда бўлаётганидек, тўс-тўполон ёки ғалаёнлар билан эмас, балки босиқлик ва зукколик билан муносабат билдириш керак. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари у зотга суи­қасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомни бағрикенглик билан кечириб юборганлар ёки суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абу Толибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, афв қилганлар. Булар шубҳасиз, Қуръони каримдаги: "Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка бую­ринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!" (Аъроф, 199) кўрсатмасининг амалдаги исботидир. Бундан таш­қари бундай фитналарни ўйлаб топаётган кимсалар бу ғалаёнларни кўриб, "ишимиз қўл келибди-да" деб хурсанд бўлади. Шуни асло унутмаслигимиз керак.

Маълумки, дунёда ёмон ниятли кимсалар томонидан турли дин вакиллари ўртасига низо уруғини сочиш мақсадида ҳар хил кўринишдаги фасод ишлар қилинмоқда. Ушбу филм орқали ҳам турли дин вакиллари ўртасидаги тотувликни бузиш мақсади борлиги аниқ.

Диний бағрикенглик, ўзаро иззат-ҳурмат, меҳр-оқибат, силаи раҳм каби умуминсоний қадриятлар оят ва ҳадиси шарифларда ўз ифодасини топган.

Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ибрат бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилар эдилар. Ҳатто аҳли китобдан бўлган қўшнилари оғир зиён-заҳмат етказганида ҳам У зот мулойимлик билан Яратгандан уларга ҳидоят ва инсоф тилайдилар.

Демак, мўмин-мусулмонлар бундай пайтда Муҳаммад (алайҳиссалом) йўлларини маҳкам тутиб, ақл-заковат ва босиқлик билан ўзларини тутишлари лозим бўлади.

Бугунги кунда нафақат мўмин-мусулмонлар ўртасида, балки турли дин вакиллари ўртасидаги тобора мус­таҳкамланиб бораётган иноқликни кўролмайдиган кимсалар пайдо бўлмоқда. Ана шундай ғаламислар турли миллат ва дин вакиллари ўртасида совуқчилик солиш мақсадида, ҳар хил найрангларни ишга солмоқдалар. Мана шундай найрангларга учмаслигимиз, бундай вазиятда кескинлик билан қарор қилиш ўрнига, обдон ўйлаб, кейин бир хулосага келишимиз керак.

Бундай хатти-ҳаракатларни айни мўмин-мусулмонларнинг оламшумул анжумани бўлган ҳаж ибодатларига тараддуд кўраётган бир пайтда бўлаётгани ҳам манфур кимсаларнинг ғаразли ниятининг бир кўринишидир. Шундай экан, мўмин-мусулмонлар ҳаж ибодатларини адо этиш чоғида турли қараш ва чақириқларга учмасдан, муборак сафардан асосий мақсад бўлган ибодатлар билан банд бўлишлари лозим.