Бугун шундай улуғ кунки, қуёш порлар ўзгача,

Теран нигоҳ сол дунёга, қулоқ тутгин самога.

Бутун борлиқ – ҳайвоноту наботот сергак турар,

Нега жиммиз, ахир, бизлар, ёлворайлик Худога.

 

Бугун шундай улуғ кунки, дуолар ерда қолмас,

Ахир бугун яратилмиш ҳазрати Одам Ато.

Қандай ғофил қолиш мумкин Холиқу Ҳақ биз учун

"Келгин, бандам, киргин", дея жаннатни қилса ато.

 

Бугун шундай улуғ кунки, Аллоҳ зикрига шошинг,

Салавоту салом йўлланг Муҳаммад Мустафога.

Фаришталар шоду хуррам тилингиздан учган он

Етказмоқ-чун шошгайдирлар саломингиз Мавлога.

 

Бугун шундай улуғ кунки, ичида бир соат бор,

Ул соатда ижобатдир не сўраб қилсак дуо.

Бой бермайлик бу фурсатни, муборак ушбу кунни,

Саодатга, бахтга тўлсин биз учун икки дунё.

 

Тоҳира ТЎЛАГАНОВА,

Сурхондарё вилояти