ШУКРОНА

 

Интилмасман бойликка асло,

Қизиқтирмас зеб-зийнат, тилло.

Яшаяпман, алҳамдуллиллаҳ,

Мен борига этарман шукр.

 

Яратмаган ҳеч кимни бекам,

Дарду ташвиш бошдан ошса ҳам,

Ўзи бордир, менга нима ғам,

Мен борига этарман шукр.

 

Уйларим ҳам оддий, беҳашам,

Ўзим учун қулай ва шинам,

Алишмайман қасрларга ҳам,

Мен борига этарман шукр.

 

Болаларим ҳам ўзимга мос,

Яшайдилар чин ўзбекка хос.

Танқид қилманг, сиздан илтимос,

Мен борига этарман шукр.

 

Бордир менинг буюк давлатим,

Суянганим, суюк савлатим.

Ўзбекистон – мисли жаннатим,

Мен борига этарман шукр.

 

ЎРГИЛАЙ

 

Яратганим, берган нозу неъматингдан ўргилай,

Яхши-ёмон ҳар кунинг, ҳар соатингдан ўргилай.

 

Менга бердинг ақлу идрок, кўз-қулоғу соф юрак,

Тақдим этган гўзал бахту давлатингдан ўргилай.

 

Кеча-кундуз зикринг айтиб ризолигинг тиларман,

Ошиғингман, ато этган тоатингдан ўргилай.

 

Ҳар тоату ибодатдан равшан бўлар бу қалбим,

Ўхшаши йўқ гўзал туйғу, роҳатингдан ўргилай.

 

Ота-она, дўсту фарзанд, барчасига минг шукр,

Шулар сабаб келадиган раҳматингдан ўргилай.

 

Насиб этгин жамолингни бу ожиза бандангга,

Сенга яқин қилгувчи ҳар заҳматингдан ўргилай.

 

Гўзал боғлар, баланд тоғлар, ой, қуёш, юлдузларинг,

Еру кўкка зеб берувчи санъатингдан ўргилай.

 

Ўн саккиз минг олам ичра инсон энг улуғ экан,

Ҳар бирин ҳар хил яратган қудратингдан ўргилай.

 

Ҳур замонда, гул маконда яйратиб қўйдинг мени,

Ўзбекистонимга берган шуҳратингдан ўргилай.

 

Фикр, зикр, сабр, шукр билан ўтгай кунларим,

Умидворман, ваъда қилган Жаннатингдан ўргилай.

 

ЎЗИНГ  АСРА

 

Яратган Эгамсан, "бандам" дегувчи,

Ҳолидан хабардор, ғамин егувчи.

Ўзинг меҳрибонсан, Ўзинг севгувчи,

Ўзинг паноҳингда асра боламни!

 

Яқинми, йироқми, қайда бўлса ҳам,

Йўлдами, чўлдами, ҳар жойда, ҳар дам

Соғ-омон сақлагин, ҳамиша бардам,

Ўзинг паноҳингда асра боламни!

 

Яхшига ёндаштир, ёвни четлаштир,

Тунда тинч ухлайин, олмай хавотир.

Ақл-куч, мадад бер, бўлсин мард, ботир,

Ўзинг паноҳингда асра боламни!

Қўллаб тургин, бергин ҳар ишда омад,

Бергин унга кенг феъл, ҳам кетмас давлат.

Икки дунёга тенг бахту саодат,

Ўзинг паноҳингда асра боламни!

 

Азиз юртимизнинг келажаги у,

Эртанги кунида энг кераги у.

Бутун оналарнинг ўй-тилаги шу:

"Ўзинг паноҳингда асра боламни!"

 

Болам билан асра барча инсонни,

Пок виждон, тинч осмон, жумла жаҳонни.

Жаҳон ичра гўзал Ўзбекистонни,

Ўзинг паноҳингда асра боламни!

 

Наманган вилояти  Чуст тумани