БУ ЎЛКА – ЎЗБЕКИСТОН

Қатор-қатор боғларнинг

Садағаси кетайин.

Нимасини айтайин,

Бу ўлка – Ўзбекистон.

 

Тутлари маржон сочган,

Пистаси лабин очган.

Ҳандалак пишар чаққон,

Бу ўлка – Ўзбекистон.

 

Олмаси атлас юзли,

Олчаси ҳинду холли,

Таърифига сўз топмам,

Бу ўлка – Ўзбекистон.

 

Анорлари чойнакдек,

Сувлар тиниқ ойнадек.

Табиати Онадек,

Бу ўлка – Ўзбекистон.

 

Йигитлар чинордайин,

Қизларин Барчин дейин.

Она Ватан тоғдайин,

Бу ўлка – Ўзбекистон.

 

ИЛТИЖО

Бошлайман номинг билан,

Бомдоду шоминг билан.

Беш вақт намозинг билан

Бошлагин ҳидоятга.

 

Қалбимизга қилгин жо

Раҳм-шафқат, илтижо.

Ҳар ҳукминг этсам бажо,

Бошлагин ҳидоятга.

 

Намозларда қил қоим,

Умидимиз ул Наъим.

Тоатда бўлмай хоин,

Бошлагин ҳидоятга.

 

Менинг дўстим ибодат,

Дуойим қил ижобат.

Фақат сенга итоат,

Бошлагин ҳидоятга.

 

* * *

Аллоҳнинг амри билан қушнинг қанот қоқиши,

Тоғларда гиёҳ униб, боғлар чечак тақиши.

Ҳар бир кунимиз учун шукр этиб, дуо қилиб

Яшашимизнинг ўзи бу ёруғ дунё нақши.

 

АЛЛА

Мурғак исинг димоғимда,

Чулдирашинг қулоғимда.

Яйрай қолгин қучоғимда,

Алла-ё, алла.

 

Тоққа чиқиб гуллар терай,

Бешигингга чамбар қилай,

Бор меҳримни сенга берай,

Алла-ё, алла.

 

Силай ўкпар сочларингни,

Майса-майса қошларингни,

Жаннат исли бошларингни,

Алла-ё, алла.

 

Орзум чексиз, бўлсанг катта,

Менга асо бўл, албатта.

Нурдан тож кийгаз жаннатда,

Алла-ё, алла.

 

Машкура СОБИРОВА,

Тошкент шаҳри