Ҳақ ризосин шиор қилиб,
Эзгуликни бурч деб билиб,
Дунё ҳою ҳавасларин
Шамолларга отган онам.

Ҳар онига шукр айтиб,
Ўз дардларини унутиб,
Ўзгаларнинг дардларига
Елкасини тутган онам.

"Ким шукрда бардавомдир,
Неъмат кундан-кун бисёрдир",
Дея мудом сабоқ бериб,
Насиҳатлар қилган онам.

Зебу зийнат, молу давлат
Хаёлин ҳеч этмаган банд,
Бандаданмас, Яратгандан
Марҳаматлар кутган онам.

Кибр билмаган, хокисор,
Гина сақламаган зинҳор,
Раҳмон Зотга итоатда,
Ибодатда ўтган онам.

Ўлим - ҳақ қисмат, на илож,
Ёдингиз бошимизга тож,
Иншааллоҳ, ёруғ манзил -
Жаннатларга етган онам.

Жадидахон ҚОСИМОВА,
Тошкент шаҳри