НАСИҲАТ

Қилгин фақат яхшилик
Умринг адо бўлмаса,
Дўстга қилгин насиҳат
Сўзинг хато бўлмаса.

Тенгсиз бўлсанг бойликда
Ҳамда ҳотамтойликда,
Сарфла уни ростликка
Кўнглинг қаро бўлмаса.

Мол-дунёга берилма,
Давлатингга керилма,
Қачон кўнгил тўлибди,
Бир кам дунё бўлмаса?

Айтар сўзинг ўйлаб кўр,
Салмоғини ўлчаб кўр,
Бошинг қолар ташвишда
Сўзда маъно бўлмаса.

 

ИБОДАТ УЧУН

Умрингни бахш этмагин
Ўткинчи роҳат учун,
Кўнглингни этгин макон
Меҳру саховат учун.

Ўтса умринг, биларсан:
Инсон нечун яралган?
Бу ғанимат умримиз
Имкон охират учун.

Бунда қилар ишинг кўп,
Охират ташвиши йўқ,
Ҳозирлайсан қай макон
Сўнгра қиёмат учун?

Насибангни терарсан.
Кимдан нима оларсан?
Бир кун жавоб берарсан
Ҳар бир омонат учун.

Дард кўп бунда тумонат,
Саломатлик омонат,
Дилни тоза айлагин
Бўлмоқ саломат учун.

Бўлсин қўлда Қуръонинг,
Дилда бутун имонинг,
Қалбга тўлсин ҳамиша
Ихлос ибодат учун.

 

Асқар МИРСОДИҚОВ,

Тошкент шаҳри