Меҳмон фасллар 

Йўқ, ҳали олдинда видо онлари,

Фақат бир қайрилиб ортимга боқдим.

Мени деб ёришди кимнинг тонглари,

Кимнинг қароғига шамчироқ ёқдим?

 

Йиртиб отмайдиган шеърларим борми?

Менга қарши гувоҳ бўлмасми сўзлар?

Ранжитганим йўқми қишни, баҳорни?

Рози кетдимикан меҳмон ёз, кузлар?

 

Бир куни Юрагим тилга кирганда,

Суйганим ўзимга бўлмасми зиён?

Кўзларим барини сотиб турганда,

Мени қутқаргани келарми Имон?

 

Эслатса умрим

Чиқиб кетса эди шу иблис қондан,

Сўнг топа олмаса мангуга изим.

Бир Ҳаёт бошласам ўшал ҳур ондан,

Ўз олдимда шувут бўлмаса юзим.

 

Қайтадан тозарсам - севсам қайтадан,

Чалғитмаса машъум хаёллар бир зум,

Арш сари зиналар қўйсам тавбадан,

Саодат асрини эслатса умрим...

 

Беҳзод ФАЗЛИДДИН