Бўлай десанг чин инсон,

Будир савобга имкон:

Жаннат йўлин топ осон –

Сутин оқла онангнинг.

 

Хам қилмагин бошини,

Артгин кўздан ёшини.

Яшаб ўтсин ёшини,

Сутин оқла онангнинг.

 

Қарғишини олмагин,

Лаънатларга қолмагин.

Дўзахларда ёнмагин,

Сутин оқла онангнинг.

 

Унуттиргин ғамини,

Сўра истак, камини.

Ёққил кўнгил шамини,

Сутин оқла онангнинг.

 

Дуосини ол ҳар дам,

Етказма озор-алам.

Дардига бўлгил малҳам,

Сутин оқла онангнинг.

 

* * *

Умр ўтар, вақт ўтар,

Инсон ўтар дунёдан.

Гўзал хулқли яхши ҳам,

Ёмон ўтар дунёдан.

 

Солиҳ амал қилганлар,

Дармон билан ўтарлар.

Қабиҳ амал қилганлар

Армон билан ўтарлар.

 

Орзигул МЎМИНОВА,

Қашқадарё вилояти Китоб тумани