Ҳар фаслнинг бордир ҳусни – зийнати,

Ҳар мавсумнинг таровати, кўрки бор.

Қир-адирлар бўлса ёқут лолазор,

Демак, менинг диёримда навбаҳор.

 

Кимдир чиқар тоғу тошга, қояга,

Ким шошилар сув бўйига, сояга.

Полапонлар онасига жўровоз,

Офтоб кулган ошёнимда авжи ёз.

 

Баргин тўкиб дарахтлар турар хомуш,

Кўк турналар овозида бор нолиш.

Яшил водий шудрингларга чайса юз,

Чаман боғим, қўрғонимда олтин куз.

 

Булут минган аёз ташлар кўз қирин,

Бир “пуфф” деса, бошланади изғирин.

Инъом этар оппоқ либос, оқ болиш,

Зар ёғилар, ҳур ўлкамда кумуш қиш.

 

Майса ухлар қор “кўрпа”ни ёпиниб,

Ёмғир ёғар Она ерга талпиниб.

Бойчечаклар кулиб чиқса беғубор,

Яна менинг бўстонимда гулбаҳор!

 

Ана шундай алмашинар тўрт фасл,

Бир-бирига гал беришар муттасил.

Қандай гўзал бажарилар тўрт амал,

Яратганнинг иши шундай мукаммал...

 

Мурод ХОН,

Тошкент шаҳри