Кексалардир оиланинг фариштаси,

Ҳар калима, сўзларининг ҳикмати бор.

Хонадонда нуронийлар бўлса агар,

Элу юртда бошқача файз, ҳурмати бор.

Нуронийлар билганини пари билмас,

Кўҳна ҳаёт мактабида ибрати бор.

Эзгу ишга чоғлансалар енг шимариб,

Юрагида бобомерос қудрати бор.

Синовларни енгиб ўтган мардонавор,

Достонларга арзигудек заҳмати бор.

“Ватанимга жоним фидо бўлсин” дея,

Умрин тиккан, мардонавор меҳнати бор.

Қулфи дилин очар доим давраларнинг,

Меҳри – дарё, саховатда ҳиммати бор.

“Мунча ширин ўригидан мағизи” деб,

Ардоқлайди – гўдакнинг ҳам иззати бор.

Орзуларин рўёбини кўрган сайин,

Истиқлолнинг боласига ҳайрати бор.

Юртимизнинг ҳур тонгидан қувват олган,

Соғлом авлод қаторида ғайрати бор.

Қадамлари, нафасида шукроналик,

Дуосида авлиёлар сийрати бор.

Имонли эл кексаларин эъзозлагай,

Улар билан ҳаётимиз лаззати бор.

Юртда доим кексаларнинг ҳурмати бор.

 

Ўктамхон СОЛИЕВА,

Ёзёвон тумани,

Чўлигулистон қишлоғи