Китоб

 

Яхши инсонларга доим ёру улфатсан, китоб,

Хазинаи илму одоб ҳам кони ҳикматсан, китоб.

 

Сенда илм, сенда ибрат, сендадур сир, ҳам кашфиёт,

Аждодлардан бизга қолган панду насиҳатсан, китоб.

 

“Муаллими соний” дея ҳурмат қилур шогирдларинг,

Улуғларнинг қалбидаги яхши фазилатсан, китоб.

 

Барча шоир, барча олимлар олганлар сендан сабоқ,

Дарс бериш келмас малол, устози беминнатсан, китоб.

 

Қанча ёзган бирла Шокир мақтовинг бўлмас мухтасар,

Мақтови оламга сиғмас сирру ҳикматсан, китоб.

 

Оналар омон бўлсин

 

Борми аёл баҳоси,

Мақтовин интиҳоси,

Ижобатдир дуоси,

Аёллар омон бўлсин.

 

Дуо қилар боласин:

“Болам бахти очилсин,

Менинг орқамда қолсин”,

Аёллар омон бўлсин.

 

Аёл – шоир онаси,

Аёл – Шокир онаси,

Аёл – олим онаси,

Аёллар омон бўлсин.

Оналар омон бўлсин!

 

 

Шокиржон ДЎСТМАТОВ,

Фарғона вилояти, Чимён қишлоғи