Ватан

Осмонда офтоби меҳрибон порлар,

Борлиққа сув берар пурвиқор тоғлар.

Тупроғи суқилган чўпни ундирар –

Бу Ватан меҳрнинг ўзи эмасми!

 

Кўрган кўзни мафтун этмай қўймайди,

Бу юртдан тўрт фасл айро бўлмайди.

Бағрида яшаган яшаб тўймайди –

Шу Ватан севгининг ўзи эмасми!

 

Ҳаёт

Қўлларимдан маҳкам тут, бўшатмагин кафтимни,

Доимо ёнимда бўлгин, сезиб турай тафтингни.

Сен борсанки борлиғимда, борлигингнинг ўзи бахт,

Ғамлар йиғлаб ортда қолсин, кўрганида шаҳдимни.

Сен борсанки, кўзларимдан тўкилгани гул бўлсин,

Сўзларимнинг жаранглари оламларни тўлдирсин.

Изҳоримни ошкор этсам: сени севаман, ҳаёт!

Шу муҳаббат оташида ғамлар куйиб кул бўлсин.

 

Мени кечиринг

Хом сут эмган банда эканман, билсам –

Вақтида кўпларни хафа қилибман.

Тақдиримда ҳали бор экан умр –

Одамлар, сизлардан сўрайман узр.

 

Хаёл етаклайди болалигимнинг

Қайтиб келмас сурон кўчаларига.

О, ёшлик, бўлганман бунчалар ҳам ғўр,

Одамлар, Сиз мени кечиринг, узр.

 

Ҳаёт тугунлари ечилиб бир-бир,

Сўқмоқ катта йўлга келиб қолибди.

Сизнинг розилигингиз беради ҳузур,

Одамлар, Сиз мени кечиринг, узр.

 

Тўртликлар

Йиллар ботинимга тахлайди ўтин –

Гугурт чақмоғига фурсат бормикин?

Эй оромини устун қўйган жон –

Зоҳир ором олса, куймасми ботин?

* * *

Вақтнинг бебаҳолиги умринг ўтганида сезилур,

Соғлигинг давлатлиги соғлик кетганда сезилур.

Дўстларинг чин дўстлиги боринг кетганда сезилур,

Ҳаётнинг ширинлиги вақтинг етганда сезилур.

Анзират ҚОБИЛОВА