Тўртлик

 

Ўринсиз ҳар сўз, ҳақорат ўз эгасин топгуси,

Яхшиликнинг қадамлари жаннат сари чопгуси.

Ахир зарра яхшиликка Ҳақдан жавоб қайтгуси,

Ҳар бир мисқол ёмонликка Ҳақ ҳукмини айтгуси.

 

 

Тилагим

 

Оқлаб кўрдим ўзимни,

Бергил Ўзинг тўзимни.

Оқлаёлмай бўлдим танг,

Чорасизман, ҳол таранг.

Тилагим бор, ё Сомад,

Тилаганга бер мадад.

 

Ҳазрат Абу Бакрдан

Мен ҳам ибрат олайин:

Қочиб тил офатидан,

Оғзимга тош солайин.

Ўзинг асра, ал-омон,

Ҳамма яхши, мен ёмон.

 

Яхши зотлар ҳурмати,

Ёмон банданг кечиргин.

Ҳавзи Кавсар сувингдан

Ҳар бандангга ичиргин.

Офатдан бергин омон,

Раҳм айлагин, ё Раҳмон...

 

Нуртожбону САИДОЛИМ қизи