Гуллаган дарахтлар ашуласидан

Нур бўлиб сочилди фаслнинг сири.

Деразамга минглаб кўзларин тизиб,

Мендан не сўрайди баҳор ёмғири?

 

Балки далаларга чорлар у мени

Қушларнинг тилида, гуллар тилида.

Яшагим келади кўкка талпинган

Маъсум майсаларнинг яшил дилида.

 

Бир қадим оҳангда шивирлаб майин,

Менга ўргатади умид куйини.

Уфуриб келтирар, шошиб келтирар

Ариқлар лабидан ялпиз бўйини.

 

Япроқ билан ўйнар, гул билан ўйнар

Шодликдан тўкилган кўзёш мисоли...

Негадир ёдимни чулғайди шу дам

Ўтли ёшлигимнинг сўлим хаёли.

 

Қачондир лолалар терганман сен-ла,

Бугун лола бўлди умримнинг бағри.

Ёдимга неларни солиб қўйдинг-а,

Мени танимаган баҳор ёмғири.

 

Абдуғани СУЛАЙМОН