ҲАЁТ ҲИКМАТИ

 

Умр ўтар-кетар, мисли оқар сув,

Бизнинг ҳаётимиз милт этган чироқ.

Дунё ҳам мисоли бир ҳамроҳ – сулув,

Ўтармиз ким олдин, кимдир кейинроқ.

 

Ҳаёт ҳикматига ета олмасмиз,

Аждодлар етмаган, авлод ҳам етмас.

Аллоҳ белгилаган йўлдан тонмасмиз,

Дунё ишлари ҳам биз билан битмас.

 

* * *

 

Тунлари ой, кундузи қуёш –

Нурин сочиб йўлим очарди.

Оқмас эди кўздан қатра ёш,

Ота-онам тирик бўлганда.

 

Юрган йўлим текису равон,

Тўсолмади на ғов, на довон,

Бўлмас эдим ҳеч кимга товон,

Ота-онам тирик бўлганда.

 

Ўйламасдим рўзғорнинг ғамин,

Билмас эдим ғам тиғин дамин,

Сезмас эдим айрилиқ таъмин,

Ота-онам тирик бўлганда.

 

Танларига дармон бўлардим,

Хизматида ҳан он бўлардим,

Ой, қуёшли осмон бўлардим...

Ота-онам тирик бўлганда.

 

Раҳимжон УСМОН, Бағдод тумани

 

РУБОИЙЛАР

 

Оламнинг сирларин билолмас ҳеч ким,

Раббимиз қилганин қилолмас ҳеч ким.

Бу дунё аслида сирли бир жумбоқ,

Унинг сирларига етолмас ҳеч ким.

* * *

Аллоҳни мадҳ этиб куйлайлик, дўстлар,

Фойдали сўзлардан сўзлайлик, дўстлар.

Олдинда биз билмас синовлар қанча...

Оқибат не кечур, ўйлайлик, дўстлар.

 

Салим РИХСИЕВ

 

ОМОНАТДИР

 

Икки дунё илмин ўқинг,

Чин бахт йўли ҳидоятдир.

Билим бирлан ҳақни изланг,

Сизга имкон омонатдир.

 

Ота-она қадрин билинг,

Умри инсон омонатдир.

Хизмат ила кўнглин олинг,

Сизга ҳар он омонатдир.

 

Айтдим, Маҳмуд, дил сўзларим,

Фойдали бир ҳикоятдир.

Имон билан яшаганга –

Икки дунё саодатдир.

 

СОҒИНДИМ

 

Ҳаётим йўлида сарбон эдингиз,

Оила қасрига посбон эдингиз,

Юракка малҳаму дармон эдингиз,

Ҳикматли сўзингиз соғиндим, ота.

 

Руҳимнинг қуввати, жони эдингиз,

Томирда жўш урган қони эдингиз,

Маъноли ҳикматлар кони эдингиз,

Нуроний юзингиз соғиндим, ота.

 

Саҳарлар мен сизни ўйлаб қоламан,

Қалбимнинг кўзида излаб қоламан,

Изингиз тополмай бўзлаб қоламан,

Меҳрли кўзингиз соғиндим, ота.

 

Руҳи покингизга дуо қилгайман,

Шоядки, бурчимни адо қилгайман,

Жаннатдан жой сўраб дуо қилгайман,

Босган изингизни соғиндим, ота.

 

Маҳмуджон ДАДАБОЕВ,

Наманган шаҳри